Миранда қоидаси нима?
Барчамизга маълумки, хорижий филмлар орқали бизга жуда кўп маротаба гумондор шахснинг қамоқа олиниши, ушбу жараёнда гумонланувчи ўзини ҳимоя қилиш мақсадида гапирмаслик ҳуқуқига эгалигини тасвирловчи кадрлар сингдирилган. Кўплаб томошабинлар шунчаки жараён сифатида қарайдиган бу ҳолат аслида бутун жаҳон қонунчилигида “Миранда қоидаси” сифатида ўрин эгаллаган десак, муболаға бўлмайди. Хўш, савол туғилади: “Миранда қоидаси” нима ўзи? У қачон ва қайерда пайдо бўлган?
“Миранда қоидаси” – АҚШ суд амалиётида шаклланган ҳуқуқий тамойил бўлиб, жиноят ишларида гумон қилинувчи ёки айбланувчилар учун муҳим ҳуқуқий кафолатларни белгилайди. Ушбу қоида 1966-йилда АҚШ Олий суди томонидан Эрнест Артуро Миранда Аризона иши асосида қабул қилинган бўлиб, шахс ушланганидан сўнг у ўз ҳуқуқларини билиши зарурлигини таъкидлайди. Асосий мазмуни шундаки, гумон қилинувчи ёки айбланувчига сукут сақлаш, ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ва адвокат ёрдами олиш каби ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантирилади. Ушбу “қоида”ни ҳеч иккиланмасдан, “умуминсоний қоида” дейиш мумкин.
Шу ўринда мамлакатимиз қонунчилигига эътибор қаратсак, “Миранда қоидаси” давлатнинг асосий Қонуни – Конституцияда ҳам белгилаб берилган. Ҳолбуки, Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланган. Унга кўра, ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, ёзишмалар, телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Ушбу норма жиноят иши жараёнида шахснинг ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқини ҳимоя қилади. Хусусан, Конституциямизнинг 27-моддасида шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги айнан белгиланган.“Миранда қоидаси” ҳам айнан шахснинг дахлсизлиги принципига таянади. Бундан ташқари, суд жараёнида судланувчи ўзига қарши гувоҳлик берса-ю, ундан бошқа гувоҳ бўлмаса, ушбу гувоҳлик далил сифатида қабул қилинмайди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Миранда қоидаси шахсни ноҳақ айбловлардан ҳимоя қилишнинг умумий тамойилларига амал қилади.
Шунингдек, Конституциямизда айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши назарда тутилган бўлиб,ҳар бир шахс мажбуран гувоҳлик бермаслиги ва суд қарорисиз ҳеч бир шахс 48 соатдан ортиқ қамоқда ушлаб турилмаслигини ҳамда шахснинг гапирмаслик ҳуқуқига эга эканлигини англатади. Қўшимча қилиб айтганда, “Миранда қоидаси”га асосан шахсга адвокат ёрдамисиз кўрсатма бериш мажбурий эмаслиги тушунтирилади. Зотан, шахснинг адвокат ёрдамисиз ёки ўз ҳуқуқларини билмасдан кўрсатма бериши орқали унинг ҳуқуқлари бузилиши ҳамда суднинг адолатни таъминлашига соя солиши “умуминсоний” принципларга зиддир.
Хулоса қилиб айтганда, “Миранда қоидаси” ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар иккаласи ҳам шахсни ҳар қандай қонунга зид бўлган босимлардан ҳимоя қилиш, суд жараёнларининг адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Конституциянинг амалда тўлиқ бажарилиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини оширади ва ҳақиқий ҳуқуқий давлат қурилишига замин яратади. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишлари зарур.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судяси
О.Еронқулов