Маъмурий суд томонидан томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ва маъмурий суд ишларини юритиш принциплари ҳақида

Давлатимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчиллик билан тадбиқ этилаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад ҳам мужассамдир.

Маьмурий суд томониданҳал қилув қарори, ажрим, қарор шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади. Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинади.

Апелляция, кассация шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан қарорлар қабул қилинади.

Маъмурий суд ишларини юритиш принциплари қуйдагилардан иборат.

Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, маъмурий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.

Қонун ва суд олдида тенглик, маъмурий ишлар бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан, юридик шахсларнинг эса мулкчилик шаклидан, жойлашган еридан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

Судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши, одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.

Суднинг фаол иштироки, маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилади. Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади.  Суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради. Ишда иштирок этувчи шахслар ишнинг ҳақиқий ҳолатларини текширишда ва далилларни тўплашда судга кўмаклашиши шарт.

Маъмурий суд ишлари юритиладиган тил, маъмурий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади. Маъмурий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.

Суд муҳокамасининг ошкоралиги, судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзуви эса амалга оширилмайди. Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда, ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди. Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

Суд муҳокамасининг бевоситалиги, суд маъмурий ишни кўриб чиқишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.

Маъмурий ишларни қонунчилик асосида ҳал қилиш, суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади. Суд маъмурий ишни кўраётганда маъмурий органнинг ҳужжати қонунга мувофиқ эмаслигини, шу жумладан ҳужжат ваколат доирасидан четга чиқилган ҳолда қабул қилинганлигини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади. Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиқиб ҳал қилади. Маъмурий ишларни кўриб чиқишда қонунчиликдаги барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг фойдасига талқин этилади.

Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Термиз туманлараро маъмурий суди
судья ёрдамчиси   
С.К.Маматалиев