МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА ШИКОЯТ АРИЗАСИ БИЛАН МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ қандай тоифадаги низолар бўйича маъмурий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланган?

-идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

-давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

-ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

-ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги;

-маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади;

-Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.

Аризачи ушбу моддада кўрсатилган ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли.

Изоҳ: Ушбу моддада кўрсатилган талаблардан алоҳида тарзда билдирилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судда ёки иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозим.

Маъмурий судларга шикоят аризаси билан мурожаат қилишда ариза шакли қандай бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига мувофиқ маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) ушбу Кодекснинг 128-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

🔸 устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

🔸 устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

🔸 аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

🔸 аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қайси қонунчиликка зид эканлиги;

🔸 аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Изоҳ: Аризага (шикоятга) ушбу Кодекснинг 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, тегишли тартибда суд ҳаражатларини тўлаганлигини тасдиқловчи(давлат божини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш тартиби қўлланган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.

Агар сизда ҳам юқоридаги каби муаммо ва ўз ечимини топмаётган ҳолатлар мавжуд бўлса, маъмурий судлар бундай муаммоларли ҳолатларингиз қонуний ечим топишини таъминлайди.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

судья катта ёрдамчиси:                                 Хуррамов Жалолиддин Шавкатович