Ҳозирги кунда маъмурий судга мурожаат қилаётган кўпгина жисмоний ва юридик шахсларнинг шикоят аризалари қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда суд ҳаражатларини тўламаганлиги сабабли маъмурий судларга тақдим қилинаётган шикоят аризаларни суд муҳокамасига тайинлаш ўрнига шикоят ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар суд томонидан асосли равишда қайтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси МСИЮтКнинг 134 – 210-моддаларида, шикоятни қайтарилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоят (протест) берган шахс аризанинг (шикоятнинг) ва апелляция шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли деб кўрсатилганлиги таъкидлаб ўтилган бўлса-да бу ҳолат аризачи томонидан ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлади.
Шу сабабли, жисмоний ва юридик шахслар судга мурожаат қилишдан олдин судга мурожаат қилишнинг тартиби, аризанинг шакли ва мазмуни, унга илова қилиниши керак бўлган ҳужжатлар, тўланиши керак бўлган суд ҳаражатлари тўғрисида маълумотга эга бўлишлари керак. Ушбу мақола орқали Сизга, маъмурий судларга мурожаат қилишда тўланиши керак бўлган суд ҳаражатлари тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 110-моддасида, суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ суд чиқимларидан иборат бўлиши кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 113-моддасида, суд чиқимлари суд хабарномалари ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, суд тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни жойида кўздан кечириш, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлардан, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборатлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январь кунидаги ЎРҚ-600-сонли “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни иловасидаги 3-бандининг б-қисмида, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқароларга БҲМ нинг 1 баравари миқдорида, д-қисмида эса апелляция, кассация тартибида берилган шикоятлардан эса фуқаролар аризалар (шикоятлар) берилганда тўланиши лозим бўлган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2018 йил 25 октябрдаги РС-59-18-сонли қарорига асосан 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб маъмурий судларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар юзасидан ариза(шикоят) билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят берилганда БҲМ нинг 8 фоизи миқдорида почта харажатлари тўланиши кўрсатилган.
Судга шикоят ариза билан мурожаат қилувчилар судларнинг ҳисоб рақамлари хар хил бўлгани учун қайси ҳисоб рақамга тўлаш бўйича муоммоларга дуч келишмоқда. Шу сабабли эндиликда жисмоний ва юридик шахслар мустақил равишда billing.sud.uz сайтига кириб квитанция яратиб тўлов қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Ҳозирги кунда суд тизимидаги олиб борилаётган ҳар бир ислоҳат жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга ва одил судловни олиб боришга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси                                                                                 Санобар Ҳазратқулова

Skip to content