Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтиладиган сайловлар.

2024-йил 27-октабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг ваколат муддати 2024-йилда тугашини инобатга олиб, сайловлар жорий йилнинг 27-октябрида ўтказилиши ва сайлов кампанияси 26-июлдан бошланиши ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилганди. Бу, 2021-йилги президент сайлови, шунингдек, 2023-йили бўлиб ўтган Конституция масаласидаги референдум ҳамда муддатидан аввалги президент сайловидан сўнг, сўнгги тўрт йилда юз бераётган тўртинчи йирик сиёсий воқеадир. 2024 йил 27 октябр бўладиган сайлов жараёни “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи КенГЭСига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октабр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгилаб берилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови 2024-йил 27-октабр, якшанба куни ўтказилади.    

Таъкидлаш керакки, Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга.

Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши ва партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши лозим.

Тарихда илк маротаба депутатлар сайлови аралаш, яъни мажоритар-пропорсионал тизим асосида бўлиб ўтади. 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловда депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар аниқ шахсларга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорсионал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади.

Сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 65 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи КенГЭСи 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади.

Яна бир қувонарли жиҳат сайловнинг технологик янгилиги сифатида ишга туширилган “Е-сайлов” ахборот тизимининг жорий этилганидир.

“Е-сайлов” ахборот тизими орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

Ахборот тизими бошқа электрон платформалар билан интегратсия қилинган бўлиб, сайловдаги кўпгина тартиб-таомиллар инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шаклланади. Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланишади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги СМС-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.

“Е-сайлов” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимайи ҳоли билан танишиш имконини беради.

Бу “Е-сайлов” ахборот тизими сайловларни технологик ва очиқлик жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқишида улкан бир қадам.

Марказий сайлов комиссияси сайловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда босқичма-босқич ўтказилишини таъминлаш юзасидан календар режа тасдиқланган бўлиб, Марказий сайлов комиссияси холис ва мустақил конституциявий орган сифатида бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни миллий қонунчилик, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш бўйича барча чораларни кўради.

2024 йил 27 октябрдаги сайловда сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Эндиликда сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди. Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди. Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиши учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди. Сайлов Янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтади. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функсиялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

Судя катта ёрдамчиси

  З.Темиров

O‘zbekiston Respublikasining  sudlarda ishlarni ko‘rishda prokurorning vakolatlarini ta’minlashga qaratilgan o‘zgartirish va qo‘shimchalar kiritish to‘g‘risidagi 2024-yil 30 sentabrdagi 968-sonli qonuni mazmun-mohiyati

Keyingi yillarda mamlakatimizda sud hokimiyati mustaqilligini, sudlar faoliyatida ochiqlik va shaffoflikni ta’minlash bo‘yicha izchil islohotlar amalga oshirilmoqda, bu fuqarolar hamda tadbirkorlik subektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish kafolatlarini kuchaytirishga xizmat qiladi.

Shu bilan birga sud ishlarini yuritishda taraflarning tortishuvi prinsipini, davlat manfaatlari samarali himoya qilinishini ta’minlash sudlar tomonidan fuqarolik, iqtisodiy va ma’muriy ishlarni ko‘rishda prokurorning ishtirokiga, shuningdek ishlarni ko‘rib chiqish natijalari bo‘yicha qabul qilingan sud hujjatlari ustidan shikoyat qilishga taalluqli protsessual normalar yanada aniqlashtirilishini taqozo etmoqda. ushbu Qonun bilan O‘zbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksiga davlatning qonun bilan qo‘riqlanadigan manfaatlarini himoya qilish maqsadida prokurorning yerga oid huquqiy munosabatlar, davlat mulki, davlatga yetkazilgan zararning o‘rnini qoplash va davlat budjetidan undiruvlar bilan bog‘liq ishlarda ishtirok etish huquqini, shuningdek davlat manfaatlarini himoya qilish uchun sudga ariza bilan murojaat qilish huquqini nazarda tutuvchi o‘zgartirish va qo‘shimchalar kiritilmoqda, O‘zbekiston Respublikasining Iqtisodiy protsessual kodeksiga prokurorning yerga oid huquqiy munosabatlar, davlat mulki bilan bog‘liq ishlarda, atrof-muhitni muhofaza qilish to‘g‘risidagi qonunchilikni buzish, davlat budjetidan undiruvlar, o‘zboshimchalik bilan qurilgan imoratga bo‘lgan mulk huquqini e’tirof etish, xususiy mulk sifatida egalik qilish va undan foydalanish faktini aniqlash, bojxona to‘lovlarini undirish bilan bog‘liq ishlarda ishtirok etishini nazarda tutuvchi o‘zgartirishlar kiritilmoqda, Bundan tashqari O‘zbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksida, O‘zbekiston Respublikasining Iqtisodiy protsessual kodeksida va O‘zbekiston Respublikasining Ma’muriy sud ishlarini yuritish to‘g‘risidagi kodeksida prokurorning sud muhokamasining vaqti va joyi to‘g‘risida prokuror tegishli tarzda xabardor qilinmasdan ko‘rilgan, qonunda prokurorning ishtirok etishi nazarda tutilgan ishlar bo‘yicha kassatsiya protesti, taftish tartibida protest keltirish to‘g‘risidagi masalani hal qilish uchun tegishli sudlardan ishlarni talab qilib olishga bo‘lgan huquqi belgilanmoqda, shuningdek mazkur toifadagi ishlarni ko‘rish yakunlari bo‘yicha chiqarilgan sud hujjatlari ustidan shikoyat qilish tartibi aniqlashtirilmoqda, Ushbu Qonun prokuratura organlarining odil sudlovni amalga oshirishga ko‘maklashish borasidagi faoliyati samaradorligini yanada oshirishga, fuqarolarning huquq va erkinliklarini, jamiyat hamda davlatning qonun bilan qo‘riqlanadigan manfaatlarini to‘laqonli himoya qilishga, shuningdek sudlarda ishlarni muhokama qilishda qonuniylikni mustahkamlashga xizmat qiladi.

Termiz tumanlararo ma’muriy sudi raisi

B.E.Umirov

ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.       Жумладан, аризачи Х.Н жавобгар туман ҳокимининг 2017 йил 04 январдаги 8-сон қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Иш ҳужжатларидан кўринишича, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2024 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, туман давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2016 йил 28 декабрда берилган мерос иши бўйича расмийлаштирилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган. Аниқланган ҳолатларга кўра, туман ҳокимининг 2016 йил 14 декабрдаги 1245-сонли қарорига кўра, марҳум Р.Р.нинг туманда жойлашган 1200 м2 ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган. Туман давлат нотариал идорасининг 2016 йил 28 декабрда қайд этилган эр хотиндан бирининг вафотидан кейин уларнинг бирига умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берилиб, унга кўра, А.З.нинг 2016 йил 26 октябрда вафот этган турмуш ўртоғи Р.Р. билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мол-мулкнинг ½ қисмига нисбатан мулк ҳуқуқи тасдиқланган. Шунингдек, туман давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2016 йил 28 декабрда берилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан 2016 йил 26 октябрда вафот этган марҳум Р.Р.га тегишли барча мол-мулкнинг 1/7 меросхўри сифатида А.З вояга етмаган фарзандлари тасдиқланган. Х.А ва Х.А ўзларига тегишли бўлган мерос улушидан онаси З.А.нинг фойдасига воз кечган. Ушбу асосга кўра, А.З марҳум Р.Р.га тегишли мулкнинг ярмига никоҳ давомида орттирилган мол-мулк сифатида мулкнинг қолган ярмига вояга етмаган фарзандларнинг онаси сифатида ва вояга етган фарзандларининг мерос улушидан унинг фойдасига воз кечиши ҳисобига  эгалик ҳуқуқи вужудга келган. Туман ҳокимининг 2017 йил 04 январдаги 8-сонли қарорига кўра, А.З.га тегишли тумандаги уй-жойнинг 1200,0 м2 да жойлашган омборхона бинолари тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида турар-жойдан яшаш учун мўлжалланмаган нотурар-жой тоифасига ўтказилган. Ушбу мулк З.А. томонидан ипотека шартномасига асосан “Ш.А” МЧЖга ажратилган кредит қарздорлигининг гарови таъминоти сифатида тақдим этилган. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2024 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Х.Н.нинг жавобгарлар А.З. ва туман давлат нотариал идорасига нисбатан 2016 йил 28 декабрдаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилиб, туман давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2016 йил 28 декабрда берилган мерос иши юзасидан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу ҳолатда низоли ҳоким қарори аризачининг меросга бўлган фуқаролик ҳуқуқини ва манфаатларини бузган. Шунинг учун Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 5 июлдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг 2017 йил 04 январдаги 8-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, иш бўйича аризачининг ҳуқуқлари тикланган.

Яна бир мисол.

Аризачи Қ.Р. жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 16 июлдаги 35-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ва 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини жавобгар зиммасига юклашни сўраган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган даври иш стажини ҳисоблашда инобатга олинмаган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ушбу асосларга кўра, аризачи ўзининг бузилган деб ҳисоблаган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилган. Аниқланишича, аризачи Қ.Р пенсия тайинлашда инобатга олинмаган даврларда, яъни 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган. Р.Қ.нинг меҳнат дафтарчасида унинг ушбу корхоналарда ишлаганлиги унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд қилинган ва муҳр билан тасдиқланган. Амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 125-моддаси биринчи қисмига кўра, лозим даражада тасдиқланган қоғоз ёки электрон шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги верификация қилинган маълумотларни ўз ичига олган асосий ҳужжатдир. Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” Қонуннинг 42-моддасида меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланиши белгиланган. Фуқаронинг меҳнат фаолияти унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд этилган ва жамғариб бориладиган мажбурий бир фоизлик бадалларни тўлаш унинг мажбурияти эмас. Фуқаро меҳнат фаолиятини амалга оширган даврда амалда бўлган қонунчиликка биноан унинг меҳнат стажини тасдиқловчи факт (маълумотлар) унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд этилган. Қонунчилик талабига кўра, аризачининг ишлаган иш стажини пенсия тайинлашда қўшиб ҳисоблаш мумкинлиги учун жавобгарнинг қарори қонуний ва асосли ҳисобланмаганлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 16 июлдаги 35-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган ва жавобгарнинг зиммасига аризачининг 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган даврини унга пенсия тайинлашда қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилган. Сурхондарё вилоят маъмурий судларида 2024 йилнинг учинчи чораги давомида кўриб чиқилган 109 та аризалар ташкилотлар ва идоралар кесимида таҳлил қилинганида маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонунийлиги аниқланган 22 та, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари туман-шаҳар бўлимларининг 19 та, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси органларининг 7 та, кадастр агентлиги органларининг 6 та, Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари 1 та, жами 55 та ишлар бўйича қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси

 Х.Хакимов

“Таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан”

 Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Бюджет кодекси ва Солиқ кодекслари ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга 2024 йил 09 сентябрь кунги ЎРҚ–957-сонли Қонуни билан киритилган ўзгартиришлар ҳақида.

-Ер кодексининг 53-модданинг учинчи қисми қуйидаги қуйидагича ўзгартирилган.

«Илмий-тадқиқот муассасаларига, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларига ўқув, тажриба, нав синаш мақсадлари учун берилган ерлар ҳамда сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилмайди».

-Бюджет кодексининг 63-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «таълим муассасаларида» деган сўзлар «давлат таълим ташкилотларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин; учинчи хатбошисидаги «таълим муассасаларида» деган сўзлар «давлат таълим ташкилотларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин; тўртинчи хатбошисидаги «касб-ҳунар таълими муассасаларида» деган сўзлар «профессионал давлат таълим ташкилотларида» деган сўзлар билан алмаштирилган;

70-модда биринчи қисмининг 1-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, мактабдан ташқари таълим, кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотлари, болалар уйлари, давлат таълим ташкилотларини ахборот-услубий жиҳатдан таъминлаш муассасалари, вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги давлат таълим ташкилотлари, бошқа ёрдамчи муассасаларни сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизими тадбирларининг харажатлари»; учинчи хатбошисидаги «олий ўқув юртларининг» деган сўзлар «давлат олий таълим ташкилотларининг» деган сўзлар билан алмаштирилган;

-Сайлов кодексининг 243-модда биринчи қисми 10-бандининг иккинчи хатбошисидаги «техник ва касб-ҳунар, олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълим» деган сўзлар «профессионал, олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим» деган сўзлар билан алмаштирилган.

369-модда биринчи қисмининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари, шу жумладан ўқувчилар ва талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари»;

374-модданинг 14-бандидаги «олий ўқув юртини» деган сўзлар «олий таълим ташкилотини» деган сўзлар билан алмаштирилган.

Термиз туманлараро

маъмурий суди судъя ёрдамчиси

   Ж.С.Ачилдиев

ФУҚАРОНИНГ ИНОБАТГА ОЛИНМАГАН ИШ СТАЖЛАРИ СУДНИНГ ҚАРОРИГА АСОСАН ИНОБАТГА ОЛИНИБ, ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАНДИ.

Аризачи Ч.Тошмаматов судга ариза билан мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг унинг мурожаатига рад жавоби бериш борасидаги хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиб, 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган иш стажларини пенсия тайинлашда инобатга олиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Аниқланишича, фуқаро Ч.Тошмаматов илк марта ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб, 2024 йил апрель ойида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси томонидан фуқаро Б.Жавлиевнинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, 2024 йил апрель ойида ёшга доир пенсия тайинлаб, фуқаро Ч.Тошмаматовнинг 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган иш стажларидан жамғариб бориладиган ИНПС (1%) маблағлар Халқ банки филиалига ўтказилмаганлиги сабабли, ушбу йилларни фуқаронинг умумий иш стажига қўшиб ҳисобланмаган.

Ч.Тошмаматов, 2024 йил апрель ойида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимига ўзининг 2006 йилдан
2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган иш стажларини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланишини сўраб, ариза билан пенсия жамғармасига мурожаат қилган.

Унинг мазкур аризаси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши сўралаётган йиллардаги иш стажлардан жамғариб бориладиган ИНПС (1%) маблағлар Халқ банки филиалига ўтказилмаганлиги сабабли, фуқаронинг сўраётган йиллардаги иш стажлари умумий меҳнат стажи сифатида инобатга олиш рад этилган.

Мазкур қарордан норози бўлган аризачи Ч.Тошмаматов, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг ушбу хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, судга пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг хатти-ҳаракати устидан ариза билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддаси
1-қисмига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига кўра, эркаклар-60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг  56-бандида, меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади. 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи меҳнат дафтарчасидаги (электрон меҳнат дафтарчасидаги) мавжуд ёзувлар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан белгиланади. Иш стажи “ЯММТ” ИДАКдаги мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланади. Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи бериш учун қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади”-деб белгилаб қўйилган.

Судда аниқланишича, аризачи Ч.Тошмаматовнинг 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаганлиги унинг меҳнат дафтарчасида қайд қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасига мувофиқ, меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат эканлиги белгиланган.

Шу сабабли, суднинг 2024 йил 6 майдаги ҳал қилув қарорига асосан пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг аризачи Ч.Тошмаматовнинг мурожаатига рад жавоби беришдан иборат хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, унинг зиммасига Ч.Тошмаматовнинг 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган даврини умумий иш стажи сифатида инобатга олиш мажбурияти юклатилган ва аризачи Ч.Тошмаматовнинг ҳуқуқлари тикланган.

Термиз туманлараро

маъмурий судининг судьяси

    Ш.Н.Нуриддинов

Д И Қ Қ А Т,   Т А Н Л О В!

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси лавозимига  2025 йил июль ойига қадар 1 та штат  бирлигига ўриндошлиқ асосида ҳамда судья катта ёрдамчиси лавозими 2 та штат бирлигига доимий иш ўрнига малакали мутахассисларни ишга таклиф қилади.

Номзодлар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Танловда олий юридик маълумотли, туман (шаҳар), туманлараро судларида икки йил стажга эга,  компьютер билан ишлаш малакасига эга бўлган мутахассислар иштирок этиши мумкин.

Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча равишда рағбатлантирилади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш тегишли комиссия суҳбати натижасига кўра амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Сурхондарё вилоят маъмурий судига (Термиз шаҳри, Навбоғ кўчаси,
12-уй) қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

– ариза (яшаш манзили ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда);

– маълумотнома (объективка);диплом нусҳаси иловаси билан.

Аризалар 2024 йил  15 октябрь, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел.:   55-453-19-00  ички рақам 75-808    

Суд архивида хужжатларни юритилиши ҳақида.

Суд хужжатларини йиғмажилдларнинг юритиш тартиби.Хужжатлар кетма-кетлигига амал қилиш.

 Вилоят маъмурий судига келиб тушган ҳар бир хужжат, топшириқлар йил бошида тасдиқланган номенклатураси асосида юритилган йиғмажилдга тикиб борилади.

Ижро этилган ҳужжатлар уларнинг қайси масалага оидлигига қараб алоҳида муқоваланган йиғмажилдларга қўшилади ва рўйхатга олинади. Йиғмажилдлар тўғри ташкил этилса, қайси ҳужжат қайси йиғмажилдда эканлигини тезда топиш имконини беради.

 Шунинг учун ҳужжатлар уларнинг мазмунига қараб туркумларга ажратилиши ва ҳар бир ҳужжат ўз туркуми бўйича очилган йиғмажилдларга қўйилиши керак.

 Ҳар бир йиғмажилднинг номи, тартиб сони ва умумий рўйхати бўлиши, у суднинг таркибий тармоқларида иш юритувчи назоратида туриши лозим. Юритилган йиғмажилдларнинг рўйхати суд раиси томонидан тасдиқланади

Тасдиқланган йиғмажилдлар рўйхати бир неча йил давомида ҳаракатда бўлади ва улар охирида якунловчи рақамлар қўйилиб, янги йил бошидан давом эттирилади.

Суднинг иш фаолиятини режалаштиришга оид ҳужжатлар учун ҳам алоҳида йиғмажилд очилади. Унга режаларнинг қандай бажарганлиги ҳақида маълумотлар тикиб қўйилади.

Рўйхатга киритилган ҳар бир ҳужжатга қатъий тартиб рақамлари қўйилиши, уларнинг номи сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан тўғри олиб борилиши керак.

 Йиғмажилдлар ҳужжатларни гуруҳларга бўлиш асосида тузилади.

 Ҳар бир йиғмажилдга фақат шу йиғмажилдга оид ҳужжатлар қўйилиши керак, ҳужжатларнинг кўпайтирилган нусхалари йиғмажилдга қўйилмайди. Ҳужжатларни йиғмажилдга қўйиш учун тўғри расмийлаштирилганлигини девонхона мудири томонидан текшириб кўрилиши, раҳбариятнинг йиғмажилдга деган имзоси (йил, ой, кун) бўлиши лозим.

 Тўла расмийлаштирилмаган ҳужжатлар қайта расмийлаштирилиб, сўнг йиғмажилдга тикилади. Ҳар бир йиғмажилдга жойлаштирилган ҳужжатлар 250 варақдан ортиқ бўлмаслиги керак. Йиғмажилдларни тўғри расмийлаштиришнинг услубий раҳбарлиги ва назорати девонхона мудири томонидан олиб борилади.

Айрим туркумдаги ҳужжатларни тартибга солиш буйруқ ва фармойишларга оид ҳужжатлар ҳамда уларнинг ижроси гуруҳларга ажратилган ҳолда тартиб билан кетма-кет қўйилади.

Суд фаолияти юзасидан юқори давлат органларидан келган топшириқлар ва уларнинг бажарилиши ҳақидаги маълумотлар шу мақсад учун юритиладиган йиғмажилдга тартиб билан тикилади.

Суд аппарати ходимларининг шахсий ишларига оид ҳужжатлар алоҳида папкаларга қўйилиб, унинг устки муқовасига ёпиштирилган қоғозга ходимларнинг Ф.И.Ш. ёзилиши, муқованинг ички қисмига ёпиштирилган қоғозда эса унинг шахсига оид ҳужжатлар рўйхати бўлиши керак.

Ёзишмалар учун алоҳида йиғмажилд юритилади, шу жумладан юқори ташкилотлар билан бўлган ёзишмалар аниқ масалалар бўйича алоҳида гуруҳларга бўлиниб олиб борилиши лозим.

 Ёзишмалар йиғмажилдига судга келган масалаларни ҳал этишга оид ҳамма ҳужжатлар ҳам тартиб билан жойлаштирилиши керак.

Йиғмажилдларни қабул қилиш алоҳида-алоҳида амалга оширилади,                             алоҳида қимматли йиғмажилдлар эса варақма-варақ текшириб олинади. Йиғмажилдлар (ҳужжатлар) рўйхатининг барча нусхаларида архив ҳужжатларининг архивга қабул қилиб олинганлиги тўғрисида белги қўйилади.

 Йиғмажилдлар (ҳужжатлар) рўйхатида кўрсатилган сақлов бирликлари йўқ бўлган тақдирда қайтадан янги якуний ёзув ёзилади. Мавжуд бўлмаган йиғмажилдлар ва ҳужжатларнинг рақамлари ҳамда сабаблари ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш далолатномасида кўрсатилади. Жамлаш манбалари сақловга топширилмаган йиғмажилдларни қидириш чора-тадбирларини кўради.

Вилоят маъмурий судиархив мудири  

  Н.Рахманова

ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Жумладан, аризачи Б.Б. жавобгар туман ҳокимининг 2019 йил
26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аниқланишича, туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги
Қ-2552-сонли қарорига кўра, Х.Б.нинг 0,10 га ер участкасига унинг эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.

Туман давлат архивининг маълумотномасига кўра, Халқ депутатлари қишлоқ совети ижроия қўмитасининг тегишли қарорига кўра, 130 рақам Х.А.га 0,15 га ер участкаси ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги пф-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида” 461-сон Қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-бандига кўра, мазкур Низом турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилаши қайд этилган.

Бироқ, иш бўйича низоли ер участкаси муқаддам 1991-йил 28 февралдаги Халқ депутатлари қишлоқ советининг тегишли қарорига асосан фуқаро Х.А.га ажратилган бўлган.

Шу сабабли ушбу ер участкаси турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасига кирмайди.

Мазкур ҳолатда ишчи гуруҳ томонидан ушбу ер участкаси муқаддам Х.А.га ажратилганлиги аниқланиши ва умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиб бўлмаслиги ҳақида хулосага келиниши лозим эди.

Ушбу ҳолатда низоли ҳоким қарорининг қабул қилиниши, иш бўйича аризачи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузган ҳамда ушбу қарорнинг қабул қилиниши қонунчиликка зид бўлган.

Шунинг учун Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 21 августдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, иш бўйича аризачи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Яна бир мисол.

Хусусан, аризачи “EA” МЧЖнинг жавобгар Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасига нисбатан 2024 йил 25 июндаги сайёр солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 25 июндаги қарорига кўра, МЧЖга нисбатан 417 333 459,32 сўм молиявий жарима қўлланилган ҳамда жамиятга нисбатан 4 397 303,28 сўм қўшилган қиймат солиғи, 145 146 431,39 сўм фойда солиғи ҳисобланган.

Ушбу камерал солиқ текшируви қайси давр учун ўтказилганлиги нега айнан шу қиймат олинганлиги баён қилинмаган.

Аризачи томонидан судга тақдим этилган жамият фаолиятида
2023 ноябрда ўтказилган камерал солиқ текширув натижаси юзасидан тузилган хулосага кўра, жамиятга нисбатан 494 678 831 сўм фойда солиғи ҳисобланган.

Аммо ушбу камерал солиқ текшируви натижаси Сайёр солиқ текширув натижасини кўриб чиқишда инобатга олинган ёки олинмаганлиги низоли қарордан англашилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 7-моддасида солиқ солиш принциплари қайд этилган бўлиб, солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.

Ушбу ҳолатда сайёр солиқ текшируви натижаси юзасидан қабул қилинган қарорда сайёр солиқ текшируви ва текширув натижасида расмийлаштирилган далолатномадаги ҳолатлар ҳуқуқий жиҳатдан ва солиқ солишнинг аниқлиги жиҳатидан баҳоланмаган.

Негаки, солиқ ҳисоблаш учун асос бўлган далолатномада ҳисоб-китобларда эҳтимоллар назариясидан фойдаланилган.

Бундай ҳолатда солиқ текшируви натижасини кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган қарорда текширув натижаларининг ҳар-бир ҳолати қонуний баҳоланиши, қўшимча солиқ ҳисобланадиган ҳолатлар қонуний асослантирилиши лозимлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 6 августдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилган, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 25 июндаги сайёр солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармаси зиммасига мазкур сайёр солиқ текширув материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси 

       Х.Хакимов

Ҳақорат қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига кўра, мазкур ҳаракат маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такроран содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Аммо бир шахс бошқа бир шахсни ижтимоий тармоқларда ёки ОАВда ҳақорат қиладиган бўлса, бундай ҳолат Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисм билан таснифланади. Шахсни ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарликка тортиладиган ҳақорат ва ижтимоий тармоқларда  ҳақорат қилиш ўртасида фарқ унинг жамият одоб-аҳлоқ нормаларига етказиладиган зарари билан боғлиқ. Шу сабабдан ҳам ижтимоий тармоқларда ёки ахборот воситаларида ҳақорат қилганлик учун жарима миқдори анча юқори.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судя ката ёрдамчи

Ж.Хуррамов

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекси мазмун-моҳияти ҳақида

Давлатимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчиллик билан тадбиқ этилаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад ҳам мужассамдир.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг турли кафолатлари мавжуд. Ҳуқуқий кафолатларнинг энг муҳими бу – шахснинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқини таъминлашдир.

Маъмурий судлар ташкил этилгунига қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш фуқаролик ишлари бўйича ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди.

Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилган маъмурий судлар томонидан амалга оширила бошланди. 2017 йил 1 июндан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига ўтказилди.

Маъмурий судлар томонидан кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар – бу бир томондан фуқаролар ва юридик шахслар бўлса, бошқа томондан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар бўлиб, бунда ҳар бир шахс конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг
хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини амалга оширади.

Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар, давлат органининг, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар ҳам маъмурий судлар томонидан кўрила бошланди.

Маъмурий судлар суд ҳокимиятининг бир тармоғи сифатида қонун билан фақат ўзига юклатилган низоларга доир ишларни кўриб ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасига кўра маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг қуйидаги:

  • фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлган;
  • фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришга монелик туғдирган;
  • фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабабчи бўлган коллегиал ёки якка тартибдаги
    хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳам якка тартибдаги, ҳам умумий хусусиятга эга бўлган ҳар қандай қарорлар устидан юқорида кўрсатилган Кодексда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4 бўлим 29 боб ва 288 моддадан иборат.

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасидаги мурожаатлари йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу аввало, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар самараси ўлароқ, фуқароларнинг одил судловга ишончи муттасил ортиб бораётганлигининг амалдаги ифодасидир.

Термиз туманлараро маъмурий суди

судья ёрдамчиси  

            С.К.Маматалиев

Skip to content