Янги Ўзбекистонда гендер тенглик сиёсати борасида олиб борилаётган ислоҳотлар.

Янги Ўзбекистонда аёлларга берилаётган имкониятлар ва қилинаётган ислоҳотлар инсон кўзини қувонтирмасдан қўймайди. Давлат ҳокимяти бошқарувида аёлларнинг ўрнини ошириш борасида сўнгги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ўз касбининг юқори даражадаги малакали аёл ходимлари чет элга малака ошириб келиши учун жудда катта имкониятлар яратиб келинмоқда. Бунга мисол тариқасида ўз касбининг етук мутахассислари бўлган бир қатор ўзбек аёллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Латвия Республикасида бўлишди.
Малака ошириш доирасида делегация иштирокчиларининг Латвия Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлигига ташрифи ташкил этилди. Ташриф доирасида Вазир ўринбосари, Ижтимоий таъминот вазирлиги, Ижтимоий сиёсатни режалаштириш ва ривожлантириш департаменти директори Диана Якайте хоним томонидан Латвия Республикасида гендер тенглиги сиёсати тизими тўғрисида маърузалар қилишди ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Латвия Республикасида гендер тенглик сиёсати қай тарзда олиб борилаётганлигини тўғрисида аниқ фактларга асосланган маълумотлар беришди.
Латвияда ваколатли органлар билан ҳамкорликда ижтимоий хизматларни тақдим этиш мавзуларида тақдимотлар ўтказилиб, мавзу юзасидан Латвия тажрибаси бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. 


Шунингдек, тадбир давомида Латвия университетининг Коммуникация тадқиқотлари кафедраси мудири ва доценти, оммавий ахборот воситалари, реклама ва истеъмол маданиятида гендер вакиллигини ўрганиш бўйича етакчи тадқиқотчи профессор Марита Зитмане хоним томонидан Европада гендер тенглиги масалалари: ЭИГЕ фаолияти ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли мавзусида тақдимот бўлиб ўтди.
Малака ошириш доирасида МАРТА ижтимоий марказига ташриф ташкил этилиб, зўравонликка қарши кураш ва аёллар етакчилиги мавзусида учрашув ўтказилди.
Ташриф давомида иштирокчилар МАРТА маркази фаолияти, гендер зўравонлик қурбонларига кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам турлари билан танишдилар.
Шу билан бирга очиқ осмон остидаги Латвия этнографик музейига ташриф уюштирилиб, делегация аъзоларига Латвия маданий мероси, турмуш тарзи ва тарихий иншоотлари ҳақида маълумотлар берилди.
Экскурсия давомида иштирокчилар Латвиянинг турли минтақаларидаги тарихий ҳаёт тарзи, айниқса қишлоқ жамоаларидаги аёлларнинг ролини ўрганишга эътибор қаратдилар.
Ушбу тадбирлар давомида Латвия Республикасидаги гендер тенглик сиёсати қандай қилиб миллий маданият ва мерос билан уйғунлаштирилаётганини намоён этди.
Ташриф якунида Ўзбекистон Републикасининг Латвия Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Темур Раҳмонов билан учрашув ташкил этилди. Шу билан бирга ММША раҳбарияти томонидан делегация аъзоларига халқаро сертификатлар топширилди.


Сурхондарё вилоят маъмурий
суди судяси
Н.С.Бобомуратова

Судьялар мустақилдирлар, уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартириш ва қўшимчалар судларнинг мустақиллигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ва тиклашга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.
Эндиликда, Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Кенгаш раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси судьялар орасидан сайланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан сайланади.
Кенгашнинг котиби ва етти нафар аъзоси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан сайланади.
Судлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, фақат ва фақат қонунга риоя қилган ҳолда иш юритишига хизмат қилади.Хусусан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Судьялар мустақилдирлар, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди.
Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланади.
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир.
Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
Мазкур ўзгартиришлар билан келгусида судьяларнинг фаолиятига ҳар қандай аралишиш бўлганида, жиддий жавобгарлик белгилаши қонун билан мустаҳкамланди.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси
А.Мухиддинов

“Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчиқонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши, судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 29-бобининг қоидаларига кўра, суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаларига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкинлигига қаратилиши, қайта кўрилиши мумкин бўлган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари деганда, суднинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари тушунилиши, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, МСИЮтК 269-моддаси 1-бандининг мазмунига кўра иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.
Пленум қарорида, МСИЮтКнинг 268-моддасига мувофиқ: биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд; апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанция суди томонидан амалга оширилиши;
Агар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақидаги ариза судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда келиб тушган бўлса, ариза тегишли судга юборилиши лозимлиги;
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ишда иштирок этувчи шахслар, жумладан: тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); суд ажрими билан ишга жалб этилган учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); прокурор; давлат органлари ва ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра бошқа шахслар ҳақли эканлиги;
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилиши, уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, аризага унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кўрсатилган.
Шунингдек, Пленум қарорининг 17-бандининг 4-қисмида, МСИЮтК 269-моддасининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар жиноят ишини жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги, амнистия ёки афв этиш акти қабул қилиниши, айбланувчининг вафоти муносабати билан тугатиш ҳақидаги суднинг ажрими, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан аниқланган бўлса, улар суд томонидан иш учун муҳим аҳамиятга эга деб топилса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўлиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
Б.Муинов

Ўзбекистонда келажак авлод тақдири ислоҳотларнинг диққат марказида

Сўнги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар энг муҳим ва долзарб масалаларини қамраб олганлиги туфайли нафақат халқимиз, ҳатто халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Олиб борилаётган ишлар замирида инсон қадрини улуғлаш, соғлом, илмли ва юқори савияли авлодни тарбиялаш, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ва уларга тўлақонли шарт-шароитлар яратиш каби мақсадлар ётибди.

Давлатимиз олдига қўйган муҳим вазифалар ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳисобланади.

Болаларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан муносиб тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва ўзликни англаш ҳиссини шакллантириш мамлакатимизни келгуси тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашув жараёнида ёш авлод онгида турли ахборот ҳуружларига қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Фарзандларимизни миллий ўзлигимиз мезонларига зид бўлган контентларнинг салбий таъсиридан ва саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни таълимга кенг жалб этиш, касбга йўналтириш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга мўлжалланган миллий контентлар яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 май куни
183-сонли қарори эълон қилинди.

Мазкур қарорда болаларнинг интелектуал ва ижодий қобилятларини ривожлантириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмасини яратиш, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга ҳизмат қилувчи контентлар яратиш ҳамда уларни таълим ва тарбия дастурлари билан интегратсия қилиш, чет эл контентларининг болалар онг ва қалбига таъсирини мунтазам таҳлил қилиб боориш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, ушбу йўналишларда зарарли трендлар, ҳатарли челленжларни аниқлаш ва уларга қарши контентлар ишлаб чиқиш, болалар учу хавфсиз ахборот муҳитини яратиш каби тадбирларни ўз ичига олган.

Бундан ташқари болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар фойда солиқларидан озод қилинади. Қарордаги мазкур банд юридик шахсларнинг болалар учун контент яратиши учун жуда катта қулайлик ҳисобланади. 

Шунингдек Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабида,
2026 йилдан бошлаб эса вилоятлар ва Тошкент шаҳар “баркамол авлод” болалар мактабларида босқичма-босқич иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларнинг иқтидорини янада ривожлантириш бўйича креатив индустрия йўналишида тўғраклар фаолиятини йўлга қўйилиши белгиланган.

Бундан ҳулоса қилиш мумкинки, президентимизнинг олиб бораётган сиёсати туфайли юртимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай қарорлар орқали болаларнинг ўзларининг истеъдодлари ҳамда имкониятларини намоён этишга имкон яратилмоқда.

Сурхондарё вилоят маъмур суди
судя катта ёрдамчи
Ж.Хуррамов

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши, судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
29-бобининг қоидаларига кўра, суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаларига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкинлигига қаратилиши, қайта кўрилиши мумкин бўлган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари деганда, суднинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари тушунилиши, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, МСИЮтК 269-моддаси 1-бандининг мазмунига кўра иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.

Пленум қарорида, МСИЮтКнинг 268-моддасига мувофиқ: биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд; апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанция суди томонидан амалга оширилиши;

Агар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақидаги ариза судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда келиб тушган бўлса, ариза тегишли судга юборилиши лозимлиги;

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ишда иштирок этувчи шахслар, жумладан: тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); суд ажрими билан ишга жалб этилган учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); прокурор; давлат органлари ва ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра бошқа шахслар ҳақли эканлиги;

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилиши, уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, аризага унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кўрсатилган.

Шунингдек, Пленум қарорининг 17-бандининг 4-қисмида, МСИЮтК 269-моддасининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар жиноят ишини жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги, амнистия ёки афв этиш акти қабул қилиниши, айбланувчининг вафоти муносабати билан тугатиш ҳақидаги суднинг ажрими, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан аниқланган бўлса, улар суд томонидан иш учун муҳим аҳамиятга эга деб топилса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўлиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Термиз туманлараро
маъмурий суди раиси
   Б.Умиров

Оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир.

Оила муқаддаслиги, оиланинг энг олий қадрият эканлиги ҳақидаги ғоялар, қарашлар ҳар бир инсоннинг қон-қонига сингдирилганлигини инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Оила жамиятнинг асосий негизидир. Мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида оила қонунчилиги алоҳида соҳа сифатида ўрганилади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгилаб берилган ҳуқуқий нормаларда  мувофиқ оилавий муносабатларга ҳуқуқий ҳолатларини билиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир.

Ўзбекистон Республикасида оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга сазовордир.

Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади.

Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Суд боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай туриб, болани ота-онадан (уларнинг биридан) олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши (ота-оналик ҳуқуқини чеклаши) мумкин.

Болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш ота-онага (улардан бирига) боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (руҳиятнинг бузилиши ёки бошқа сурункали касаллик, оғир ҳолатларни бошдан кечириш ва бошқалар) бола учун хавфли бўлса, ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади.

Агар болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш оқибатида ота-онанинг хулқ-атвори бола учун хавф туғдирса, ота-онани (улардан бирини) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун эса етарли асослар аниқланмаган тақдирда ҳам ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд томонидан ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин олти ой ўтгач, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этиши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб ота-онани (улардан бирини) бу муддат ўтмасдан туриб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво тақдим этишга ҳақли.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий иқтисодий ҳуқуқларнинг моҳияти ҳақида.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.
Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар.
Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади.
Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек давлат ҳокимияти вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.
Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.
Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради.
Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.

Сурхондарё вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчиси  
Ш.Х.Бобомуродов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги ЎРҚ-1047-сонли қонуни мазмун моҳияти

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берди.

Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференсалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобил видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали протсессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик протсессуал кодексига, Иқтисодий протсессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 144-моддасига қуйидагича ўзгартириш киритилмоқда.

Хусусан қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференсалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференсалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобил видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланилади»;

учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Видеоконференсалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади»;

бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисоблансин.

Термиз туманлараро
маъмурий суди раиси
Б.Е.Умиров

“Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияни олдини олиш юзасидан тузиладиган декларатция мазмун-моҳияти ҳақида”Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги  2024 йил 5 июндаги қонуни.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозими ҳамда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими яқин қариндошларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек иш жойи ва лавозими;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёки унинг яқин қариндошлари акциядор бўлган акциядорлик жамиятининг расмий номи ва унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндоши муассис (иштирокчи), бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахснинг расмий номи, шунингдек унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация уни тўлдирган давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш тартиби.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай махсус бўлинмага тақдим этиши керак.

Давлат органига ёки бошқа ташкилотга ишга қабул қилинаётган номзод, шунингдек бошқа ишга ўтказилган ходим эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги белгиланган шаклдаги декларацияни тўлдириши ва тақдим этиши керак.

Махсус бўлинма:

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларацияни ҳар йили 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) таъминлаш учун ҳар йили 1 мартга қадар одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади;

одоб-ахлоқ комиссияси томонидан қабул қилинган хулосага асосан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг бевосита раҳбарига ёхуд давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг юқори турувчи раҳбарига таклиф киритади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлигига номзод ишга қабул қилинаётганда ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бошқа ишга ўтказилаётганда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этганидан кейин махсус бўлинма ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишларни беш кунлик муддатда амалга оширади.

Вилоят маъмурий суди
архив мудири  
  Н.Рахманова

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни мазмун-моҳияти

2017-йил 3-январда “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-419-сонли Қонуни қабул қилинди.
34 моддадан иборат ушбу ҳужжатда коррупсия атамасига таърифдан тортиб, унга қарши курашиш, ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, коррупсияга қарши жавобгарлик, бу масалада халқаро ҳамкорлик каби барча муҳим жиҳатлар қайд этилган.
Мазкур Қонуннинг 3-моддаси асосий тушунчалар тўғрисида бўлиб, ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

коррупсия – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқейидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;

коррупсияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупсия аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Шунингдек, Қонуннинг 4-моддаси коррупсияга қарши курашишнинг асосий принциплари тўғрисида бўлиб бунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

Коррупсияга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

         фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

         очиқлик ва шаффофлик;

         тизимлилик;

         давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги;

         коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги;

жавобгарликнинг муқаррарлиги.

Термиз туманлараро маъмурий суди судя ёрдамчиси
Х.Нарзуллайев

Skip to content