Кўчмас мулк билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби
Маъмурий судларда ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ушбу судларга мурожаат қилиш имконияти яратилган бўлиб, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишда судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Маъмурий судларга тааллуқли бўлган ва ушбу судлар томонидан кўриб ҳал этиладиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Давлат кадастрлари палатаси ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича низолар ендиликда судгача ҳал этилади, яъни ендиликда мазкур низолар бўйича манфаатдор шахслар низоларни кўриб чиқувчи Комиссияга ёзма Палата сайти орқали электрон мурожаат қилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 августдаги 426-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби тўғрисида Низомга кўра, манфаатдор шахс кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган, шунингдек, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) унинг фуқаролик ҳуқуқларини бузган деб ҳисобласа, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ташкил этиладиган комиссияга шикоят қилиши мумкин. Манфаатдор шахс комиссиянинг қароридан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Ушбу Низом талабларига кўра, манфаатдор шахс комиссияга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келган низоларни судгача ҳал этиш бўйича ёзма ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин;
жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи, электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва кўчмас мулкнинг жойлашган жойи (почта манзили) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади, юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади, манфаатдор шахс аризага кўчмас мулк билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатларни ҳам илова қилиш ҳуқуқига эга, манфаатдор шахсдан мазкур Низомда кўрсатилган маълумотлардан бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди;
комиссия манфаатдор шахснинг мурожаатини келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида кўриб чиқиши шарт, мурожаатларнинг сони бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, мурожаатлар комиссия томонидан мазкур бандда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади;
комиссия котиби келиб тушган мурожаатларни шу куннинг ўзида рўйхатга олади.
Низомнинг 10-бандида Комиссиянинг вазифалари белгиланган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш кабилар киради.
Комиссиянинг қарори (хулосаси)дан норози бўлганда Апелляция комиссиясига мурожаат қилинади.
Мазкур Низомнинг 11-бандига кўра, қуйидагилар Апелляция комиссиясининг вазифалари ҳисобланади:
комиссиянинг қароридан норози бўлган манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи томонидан берилган шикоятларни ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш.
Комиссия ва апелляция комиссияси ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқишда тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш, шунингдек, мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш принципларига асосланади.
Мазкур қонунчиликдаги янгилик мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг судгача бўлган босқичда ҳам бузилган ёки низолашаётган ҳуқуларининг таъминланишида катта аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова