Коррупция жамият кушандаси

Давлат билан халқни боғлаб турадиган энг муҳим ишонч арқони — бу адолат ва қонун устуворлигидир. Қонуннинг барча учун бирдек қўлланилиши давлат билан жамият ўртасидаги мувозанатни таъминловчи асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Коррупсия эса ана шу кўприкни аста-секин емириб борувчи, жамиятни ичидан парчаловчи хавфли иллат ҳисобланади.

Жамиятдаги тартиб, давлатнинг барқарор ривожланиши ва тараққиёти, аҳоли орасидаги тинч ва фаровон ҳаёт — буларнинг барчаси қонун устуворлиги занжирига чамбарчас боғлиқдир. Ишонч эса умид демакдир келажакка бўлган юксак ишонч. Агар халқ давлатга нисбатан ишончини йўқотса, жамиятда бефарқлик кучаяди, тараққиёт тўхтайди.

Натижада “илм олиб ўқийман, юксалиб жамиятга фойда келтираман” деган билимли ёшлар ўрнини “ҳаммасини осон йўл билан ҳал қиламан” деган саводсиз ва масъулиятсиз қатлам эгаллайди. Оғир хасталик билан курашаётган инсон илмли ва виждонли шифокор қўлига эмас, балки билимсиз ва лоқайд кимсалар қўлига тушади. Спорт соҳасида юрт шаънини дунёга танитиши мумкин бўлган иқтидорлар эътиборсиз қолади, адолатли юрист бўламан деган ёшлар ўрнини таниш-билиши ва пули борлар эгаллайди. Бундай шароитда тараққиёт қайергача бориши мумкин, деган ҳақли савол туғилади.

Коррупсия чуқурлашган сари жамиятда тартибсизлик кучаяди, мазлумлар сони ортади. Ўғирлик, жиноят ва зўравонликлар кўпаяди. Энг ачинарлиси, халқ давлатга бўлган ишончини йўқотади. Бу эса давлатнинг ичидан заифлашиб боришига, унинг куч ва қудратини йўқотишига олиб келади. Адолатни инсон онгига мажбуран сингдириб бўлмайди. Адолат, аввало, қалбда, инсоннинг ички дунёсида бўлиши лозим. Бу фикр Ислом ҳуқуқий тафаккурида ҳам чуқур ўрин эгаллаган.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
Судья катта ёрдамчиси
М.Исмоилова