Конституция – фахримиз!
Давлат борки, унинг ҳуқуқий тизими мавжуд, ҳуқуқий тизим эса асосий Қонун-Конституцияга асосланади. Эътиборимизни “конституция” сўзининг келиб чиқишига қаратсак, “конституция” – лотинча constitutio сўзидан олинган бўлиб, “ўрнатиш”, “белгилаш” деган маъноларни англатиб, бу давлатнинг асосий бош қонунидир. Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантириш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, суд тизимини, адвокатура, прокуратура соҳаларидаги билимларни белгилаб беради. У барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.
Конституция демократик давлатчилик белгисидир. Давлатимиз мустақилликка эришганидан кейин илк бор 1992 йил 8 декабрда ўз Конституциясини қабул қилди. Конституция халқимизга ҳақиқий мустақилликни ҳис қилишга, демократик муҳитни яратишга, ҳар кимнинг ўзига бўлган ишончини оширишга ёрдам берди, дейиш мумкин.
Жаҳонда бўлаётган глобаллашув, ижтимоий муносабатларнинг жадаллашуви, “инсон қадри учун” ғоясининг илгари сурилиши янги Конституция қабул қилишни тақазо этганлиги пировардида мамлакатда
2023 йил 30 апрель куни референдум-умумий овоз бериш бўлиб ўтди. Янги Конституция эски Конституциядан мақсад ва ғояларидан, ҳуқуқ берувчи нормаларнинг ортганлигидан фарқланади дейиш мумкин. Янги Конституцияда нормалар сони 275 тадан 434 тага, яъни 65 %га ортган бўлиб, унда давлатнинг белгиларига оид, инсон қадри, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид, сайлов тизими, суд ҳокимиятига оид нормаларда кенгайиш бўлган бўлса, ёшларга оид, таълим тизими, ўқитувчилик фаолияти, аёллар ҳуқуқларига оид, шунингдек адвокатура институтига оид нормаларнинг янгидан киритилганлигини кўриш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Конституция бизга ҳуқуқ беради, уни амалга ошириш ўзимизнинг қўлимизда.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова