“Исломда қозилик” ҳақида.

Қадим тарихимизда қозилик тадрижийлик асосида ривожланиб борган. Лекин ҳар қандай даврда ҳам қози лавозимига тайинланадиган инсон пок тийнатли, юксак салоҳиятли, чуқур диний ва дунёвий илмлардан бохабар бўлган одамлар орасидан танланган. Ҳар ким ҳам бу ниҳоятда масъулиятли лавозимни қабул қилавермаган. Шу ўринда қуйидаги ривоятни келтириб ўтиш мақсадга мувофик.

Қозиликни рад этган имом «Ибн Ҳубайра Кўфа шаҳрига ҳоким этиб тайинланганида Абу Ҳанифани қозилик мансабига таклиф этди. Лекин Аллоҳдан қўрққан, комил имонли, тақволи аллома Абу Ҳанифа, бандаларга зулм қиладиган ҳукм чиқаришдан хавфсираб, бу таклифни рад этдилар. Шу боис, кўп азобларга гирифтор бўлиб, қийноқларга солиниб, дарралар урилди. Бу ҳақда Имом ал-Муваффақ айтади: Бани Умайя халифалиги вақтида Умар ибн Ҳубайра Кўфа шаҳрига волий (ҳоким) эди. Ироқда турли фитналар бўлиб турган давр эди. Ҳоким Ирок фуқаҳоларини ҳузурига тўплади, улар орасида Ибн Абу Лайло, Ибн Шибрима, Довуд ибн Абу Ҳинд каби уламолар бор эди. Улар-нинг ҳаммасига амал тайин қилди ва Абу Ҳанифага одам юбориб, уни қози қилиб тайинламоқчи бўлди. Абу Ҳанифа буни рад қилди, шунда Умар ибн Ҳубайра агарда Абу Ҳанифа шу мансабни қабул этмаса, уни калтаклашга қасам ичди. Буни эшитган фуқаҳолар Абу Ҳанифа ҳузурларига келиб: “Аллоҳ ҳақки, сиздан илтимос қила-миз, сиз бизнинг биродаримизсиз, ўзингизни ҳалокатга қўйманг, бизлар ҳам ноиложликдан унинг қўл остида хизмат қилиб юрибмиз, аслида, биз ҳам бу ҳокимни ёқтирмаймиз, у айтган мансабни қабул қилинг», деб айтишди. Абу Ҳанифа уларга: «Бу ҳоким одамларнинг бошини олишга фармон ёздириб, бу фармонини мен муҳрлаб, тасдиклаб беришимни истайдими? Аллоҳга қасамки, мен бу ишни асло қилмайман», деб уларнинг илтимосини рад этдилар. Шунда Ибн Абу Лайло: «Биродарларингизни ўз ҳолига қўйинглар, бу тўғри қиляпти», деди. Кўп ўтмай, Абу Ҳанифани зиндонга ташлаб, бир неча кунлар кетма-кет дарра урдилар. Ўлим ҳолига келиб қолганларини кўрган ҳо-ким аскарлари унга бу хабарни етказишди. Ҳоким атрофидагиларга Абу Ҳанифага бориб насиҳат қилинглар, агарда бироз фурсат беришимни сўраса, ўйлаб кўриши учун унга муҳлат бераман, деди. Абу Ҳанифага бу гапни айтишгач, у киши, майли, мен биродарларим билан маслаҳат қилайин, дедилар. Шундан сўнг Ибн Ҳубайра уни қўйиб юборишга амр қилди. Абу Ҳанифа қамоқдан чиқишлари биланоқ уловни миниб, Маккага қочиб кетдилар. Бу воқеа 130-хижрий санада бўлган эди. Шундан сўнг, то аббосийлар халифаликни олгун-ларига кадар Маккада турдилар. Ва Абу Жаъфар Мансур даврида яна Кўфага қайтиб келдилар. Абу Ҳанифани юз дарра калтаклашган, яъни ўн кунга қадар ҳар куни ўн даррадан уришган эди. Дарра бошларига, юзларига ва таналарига урилар эди. Барча калтакларга сабр этиб, Аллохдан ажр истаб, ҳақиқатни тарк қилмай чидадилар. Фақат калтак зарбаларининг асари юзларида из қолдирганидан хафа бўлдилар, чунки оналари бу ҳолларини кўриб ғамга ботишидан ўксиндилар. Ҳақиқатдан ҳам она у кишидаги калтак асарларини кўриб, кўп хафа бўлди ва унга: «Сени илминг шу аҳволга солган бўлса, бундай илмдан воз кечсанг бўлмайдими?» деди. Абу Ҳанифа онасига: «Агарда бу илмим билан молу дунё излаганимда унга аллақачон эришган бўлардим, лекин мен илмни саклаганимни ва ўзимни илм йўлида ҳалокатга ташламаганимни Аллоҳ билишини хоҳлайман», дедилар. Дарҳақиқат, ҳақиқий ҳалокат илмни зое қилиб, шариат кўрсатмасига зид иш қилишдадир, бундай қилгувчилар охиратда темир гурзилар билан урилиб, дўзах азобида жазоланадилар. Чунки улар илмни ҳавою нафсга берилган амалдору ҳокимлар истаган йўлга ишлатадилар ва улардан молу дунё орттирадилар. Кўпинча, амалдорлар шариатга ва ҳақиқатга зид ишларни қиладилар. Баъзи олимлар эса уларнинг бу қилмишларини маъқуллаб, ҳаттоки уларнинг бу ношаръий ишлари шариатга мувофиқ деб фатволар ҳам топиб берадилар ва шу сабабли ҳақиқат ҳалокатга учрайди. Бундай олимлар ҳар замонда, ҳар шароитда ва ҳар қандай тузумда ҳам мавжудлиги барчага аён. Улар бу фоний дунёда ўз мансабидан, ё амалидан ажраб қолишдан қўрқиб, ҳақиқий ризқ бергувчи Аллоҳнинг ўзи эканини унутиб, амалдорларнинг буйруғини бажариб, шариатга зид бўлса ҳам, уларнинг истакхоҳишига қараб гапириб, фатволар берадилар. Бундай кимсалар охиратда Одил Ҳоким Аллоҳ ҳузурида жавоб беришларини асло унутмасликлари лозим. 

Абу Ҳанифа – охиратини бу фоний дунёга алмаштирмаган ҳақиқий тақводор, Аллоҳдан қўрққан буюк фақиҳ эдилар. Шунинг учун ҳам у киши билан Ибн Ҳубайра орасида воситачи бўлиб, уни қозилик мансабини олишга кўндирмоқчи бўлган кишига: “Бу дунёда калтакланишим охиратда темир гурзида жазоланишимдан кўра енгилроқ, Аллоҳга қасамки, мени ўлдирса ҳам қозилик қилмайман!» деб жавоб килган эдилар». Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, азалдан ислом динида козилик лавозимига тайинланадиган инсон илмли, одил, ҳалол, покиза, сабр-токатли ва нафсига ғолиб бўлган кишилар орасидан танланган. Энг муносиби судя (қози)ликдек шарафли ва масъулиятли мансабга жалб этилган. Судя (қози)ларнинг одиллиги туфайли элулусда яшаган фуқароларнинг фаровонлиги ортади.

Бироқ, илму тафаккурда жуда юксак мақомга кўтарилган, қалби Аллоҳга боғланган айрим шахслар бу таклифга юрак ютиб ҳамиша ҳам рози бўлавермаган. Ривоятда баён этилганидек, ушбу мансабни тасодифан бошқа бир нолойиқ кимса эгаллаб олмаслиги учун, танланган муносиб номзод мажбур қилинган. Муҳтарам судья, бугун Сизни муносиб кўришиб, судьяликка таклиф этишяптими, аввало, унинг жавобгарлигини ўйлаб кўринг. Зинҳор-базинҳор таниш-билиш ёинки бошқа нопок йўлларни ишга солиш орқали бу лавозимга эришмоқни хаёлингизга ҳам келтирманг! Бу ҳақда чукур мулоҳаза юритиб, муайян тўхтамга келиш учун Сизда ҳамиша вақт бор. Қозилик ишлари давр талаби, шароит тақозосига кўра такомиллаштирилган. Хусусан, Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида ишни фақат кози олиб борган бўлса, кейинчалик, котибият таъсис этилган ва ушбу лавозим бутун мамлакат қозихоналарида кенг тарқалган. Уммавийлар даврида қозилик маҳкамаларида, шароит тақозосига кўра, бир қанча янги лавозимлар таъсис қилинган. Мунодий ана шундай лавозимлардан бири саналади. Мунодий қозилик маҳкамаларида мунтазам иштирок этувчи лавозим эгаси ҳисобланиб, унинг асосий вазифасига даъвогарларга қозининг келганини билдириш ва уни таништириш, хусуматчиларни чақириш каби юмушлар кирган.

Даъволар кўпайиб боргани сари одамларни тартиб асосида ко-зихонага киритиб, тинчликни таъминловчи ҳожиб лавозими юзага келди. Ҳожиблик вазифасини баъзан мунодийлар ҳам бажаришган. Аксар ҳолларда ҳожиблик жилвозларга юклатилган. Жилвоз (мир-шаб) шаҳар шуртасидан (миршаблиги) қозихонада тартиб-интизомни саклаш максадида тайинланган ёки уни қозининг ўзи мансабга тайин этиши мумкин бўлган. Мамлакатда араблар билан бир қаторда, араб бўлмаган мусулмонлар ва бошқа динга мансуб шахслар ўртасида низолар келиб чиқа бошлагандан сўнг маҳкамаларда таржимонларга эҳтиёж сезилган. Айнан уммавийлар давридан бошлаб, ушбу лавозим таъсис этилган. Уммавийлар даврида бошбошдоқлик кучайган, мансабдор шахслар томонидан ноқонуний ишлар содир этилганлиги, мусулмонлар ўртасида бўлинишлар юзага келганлиги учун жиноятчилик ва ўз мансабини суиистеъмол қилиш ишлари авж олганди. Бу давр, жумладан, мансабдор шахслар ичида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг кўплаб кузатилиши билан ҳам характерланади. Жабрланувчиларнинг козидан адолат истаб келиши, адолатли ҳукм чиқарилган ҳолларда ҳам ижросини таъминлайдиган волийларнинг йўқлиги ёки ҳукмнинг волий томонидан ижро этилмай қолиши мамлакатдаги ижтимоий-ҳуқуқий ҳаётни издан чиқариб юборади. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатда мазолим – қозилик маҳкамаси ташкил этилган. Бу маҳкама, асосан, мансабдор шахслар ва қозилар устидан қилинган шикоятларни кўрган. Мазкур маҳкамани уммавий ҳукмдорлардан Абдулмалик ибн Марвон ташкил қилган. Мовардийнинг хабар беришича, у шу хусусда келган шикоятчиларни эшитиш учун алоҳида кун ажратган. Агар бирор масалада иккиланса ёки тўғрироқ ҳал қилинишини истаса, ишни ўзининг хос қозиси Абу Идрис Аздийга топширган. Мовардий «Аҳкомус-султониййа» асарининг еттинчи боби мазолим козилик маҳкамалари фаолиятига бағишланган. Ушбу маҳкама бошқа қозихоналар билан бир хил тартиб-қоида асосида иш юритган. Жумладан, икки маҳкамада ҳам даъвони кўриш бўйича келти-риладиган далил ва исботлар бир хил талаб асосида қабул қилинган. Умар бин Абдулазиз даврига келиб, мазолимда далиллар борасидаги қаттиққўлликдан воз кечилган. Шариат қонунлари бўйича етарли далил бўлмасада, озгина ишора ёки билвосита далилларнинг борлиги ҳукм чикариш учун асосли деб топилган. Буни бир қатор мансабдор шахслар ва уммавийлар сулоласи етакчиларининг танобини тортиб қўйишга қаратилган сиёсат сифатида изоҳлаш мумкин.

Вилоят маъмурий суди

Архив мудири 
Н.Рахманова