Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари – қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Республикасида ҳар бир шахснинг, давлат орган ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий норма асосида шаклланади. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра: Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Давлат органлари, муассалар ва уларнинг мансабдор шахслари ариза, таклиф ва шикоятларни қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт. Конституцияда шахсларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш турлари мустаҳкамлаб қўйилди. Ўз навбатида, ҳар бир шахс ушбу конституциявий ҳуқуқини бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда амалга оширишлари мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқнинг ижросини назарий жиҳатдан таҳлил этамиз.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан шахснинг Конституцияда мустаҳкамланган мурожаат қилиш ҳуқуқи, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинар эди.

2016-йил 28- декабрдаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги замонавий механизимини яратиш, Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонаси ва ҳукумат виртуал қабулхонасини тадбиқ этиш белгиланди.  2017-йил 11-сентабр куни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати тўғрисида” қонунинг янги таҳрири қабул қилиниши билан фуқароларнинг мурожаат қилишининг қонуний тартиби кенг ёритилиб берилди. Ушбу қонун қабул қилингунга қадар 2002-йил 13-декабр қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири билан тартибга солинар эди. Аммо бу қонунда юридик шахснинг мурожаати ва унинг ҳуқуқи асоси белгиланмаган эди. Шунингдек алоҳида мурожаат тури ҳисобланадиган электрон мурожаат тўғрисидаги қоида ҳам назарда тутилмаган эди. Янги қонуни тадбиқ этишдан асосий мақсад жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига мурожаат қилишни замон талаби асосида такомиллаштириш ва фуқароларга енгилликлар бериш назарда тутилган.  Қонун   қабул қилиниши билан барча давлат орган ва муассасалари ички идоравий ҳужжатлар ва уларнинг иш регламенти қонунда белгиланган тамойиллар асосида ишлаб чиқилди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга кўра давлат орган ва муассасалари фуқароларнинг мурожаатини қонунийлик, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги каби тамоиллар асосида кўриб чиқиши шартдир. Жисмоний ва юридик шахслар давлат идораларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар бир хил аҳамиятга эга. Қонунга кўра мурожаатларга  қуйидаги талаблар қўйилган: Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши, юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши, жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши мумкин.

Ушбу қонунга кўра, мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики энди электрон мурожаат ҳам расмий аҳамиятга эга. Жисмоний ва юридик шахслар электрон мурожаатларини электрон имзо орқали тасдиқлаган бўлиши керак. Шуни инобатга олиш лозимки фақатгина Ягона интерактив давлат хизматлари портали – Мй.гов.уз портали орқали юборилган мурожаатлар оғзаки ва ёзма мурожаатларга тенглаштирилди ва расмий аҳамият касб этади.  Давлат идоралари жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатларини қонунда белгиланган муддат давомида кўриб чиқиши шартдир. Хусусан қонуннинг 28-моддасига кўра Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

Давлат органи ва муассалари томонидан қуйидаги ҳужжатлар кўриб чиқилмайди: Аноним мурожаатлар; Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакили орқали мурожаат берилган бўлса, уларни ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса; Мазкур қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.  

Кейинчалик кўриб чиқилмаган мурожаатларга тегишли хулоса тузилади ва давлат органи, ташкилот раҳбари ёки ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади. Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилиниши керак.

сўнгги йилларда фуқароларнинг давлат идораларига мурожаат қилишга доир ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатланиб  келинмоқда. Бу эса халқ ва давлат ўртасидаги ишончни ортишига хизмат қилади. Демократик жамиятларда давлат идораларига эркин мурожаат қилиш  ҳуқуқи юксак қадрият ҳисобланади. 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, мухтарам президентимизнинг “халқ давлат идораларига эмас, Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойиллини барча давлат орган ва муассасалари уларнинг мансабдор шахслари ўзларига қоида сифатида белгилаб олишлари керак.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

судя катта ёрдамчиси З.Темиров