АҲОЛИ ВА ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДАГИ БИЛИМЛАРИНИ УЗЛУКСИЗ ОШИРИБ БОРИШ ДАВР ТАЛАБИ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-228-сон қарорига кўра, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бош прокуратурасининг аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасини
2025 йил 1 январдан жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.
Мазкур қарорга мувофиқ. “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасининг узлуксиз ишлашини, ўқув контенти ва материаллари билан мунтазам тўлдирилиши ва янгилаб борилишини таъминлайди, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқув жараёнини ташкил этади, шу жумладан ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади, ўқув курслари ҳақидаги маълумотларни “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида жойлаштиради, тингловчиларнинг билимларни ўзлаштириши натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантиради, ўқув курсларини тамомлаган шахсларнинг реестрини юритади, ўқув жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини, шу жумладан хорижий экспертларни жалб қилади.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқитиш қуйидаги контингент учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув дастурлари асосида олиб борилади:
аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари;
таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари;
давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматчилари давлат иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқитиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида базавий ҳамда махсус ўқув курслари бўйича йўлга қўйилади. Бунда базавий ўқув курсларида ўқитиш барча фойдаланувчилар учун бепул ва махсус ўқув курсларида малака ошириш тўлов-шартнома асосида амалга оширилади;
Давлат хизматчиларига “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасининг махсус ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириш мажбурий ҳисобланади.
Бунда давлат хизматчиси ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида ўқув курсидан ўтади, давлат хизматчилари малакасини оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи ходимлар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади.
Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади.
Ушбу қарор бўйича Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига 2025 йил 1 январга қадар “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини ишга тушириши белгиланди.
Сурхондарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Х.З.Хакимов