АУТСТАФФИНГ НИМА? ҲУСУСИЯТЛАРИ, ҚУЛАЙЛИГИ ВА КАМЧИЛИКЛАРИ
Аутсорсинг масаласига тўхталганимиздан кейин, унга ўхшаш бўлган амалиёт – аутстаффингга ҳам тўхталишимиз керак бўлади. Аутстаффинг (инглиз тилида out — «ташқи» + ингл. staff —»ходимлар») – бу бир компания томонидан бошқа бир компания ходимларининг ишчи кучидан фойдаланиш имконияти (сотувчилар, маслаҳатчи-консультантлар, омборчилар, тозаловчи, мавсумий иш учун юк ташувчилар ва хк). Аутстаффингни амалга оширувчи компанияга ёлланган ходимлар буюртмачи компания билан тузилган аутстаффинг шартномасида кўрсатилган ишларни бажаришга мажбур бўладилар. Одатда, шартномага бажариладиган ишлар рўйҳати бирма-бир илова қилинади.
Аутстаффингда аутстаффингчи компания ўзидаги ходимларнинг бир қисмини буюртмачи компания ихтиёрига беради. Бажариладиган ишларнинг жойи, вақти ва иш хажмини аутстаффинг шартномасига мувофиқ буюртмачи компания кўрсатади. Яъни, ходимлар расман бир ташкилот (аутстаффингчи)ни штатида бўлгани ҳолда, аслида бошқа корхона ихтиёрида бўлади ва ўша корхонанинг ишларини бажаради. Аутсорсингдан фарқли равишда аутстаффингда ходимлар одатда, буюртмачи компания жойлашган жойда фаолият юритади.
Аутстаффингнинг ҳусусиятлари:
1. Ходимлар буюртмачи компания ҳудудида ишлайди, ундаги меҳнат талабларига ва ички интизомга ва меҳнат тартиби қоидаларига бўйсунади.
2. Ходимлар буюртмачи компаниясида ишласада, уларнинг меҳнат шартномаси ижрочи аутстаффингчи компания билан тузилади, иш ҳақини ҳам ижрочи компания тўлайди.
3. Буюртмачи компания меҳнат жараёни учун ижрочи-аутстаффингчи компаниясига пул тўлайди;
4. Буюртмачи компания гарчи расман иш берувчи бўлмасада, аутстаффингчининг ходимларини, уларни интизомга риоя қилишини назорат қилиши, бу ходимларга бевосита топшириқ ва фармойишлар бериши мумкин бўлади.
Аутстаффингнинг қулайликлари:
1. Штат бирликлари оптималлашиш (муқобиллашиши) имконияти;
2. Юборилган ходимларни синовдан ўтказиш (бу МКдаги дастлабки синов эмас) орқали фақат натижадор ходимлар билан ишлаш, номувофиқ ходимларни ижрочига қайтариш орқали самарали жамоани шакллантириш;
3. Буюртмачи компания штат бирлигида кўп сонли ходимлар бўлмаслиги боис, меҳнат соҳасидаги назорат органларидан эътирозлар кам бўлиши;
4. Аутстаффинг буюртмачи компанияга ходимлар билан ишлашга оид мураккаб тадбирлардан (кадрларга оид ортиқча иш юритиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, маълумотларни мажбурий электрон тизимларга киритиш кабилардан) воз кечишга имкон беради: ҳар бир шахсга иш ҳақи, ҳар бир шахсга солиқлар ҳисоблашга, меҳнат ва бошқа органларга ҳисоботлар беришга вақт кетмайди. Аксинча, компаниянинг асосий ва устувор ғоялари, режалари устида тўлиқ ишлашга имконият бўлади.
Аутстаффингнинг камчиликлари:
1. Аутстаффингга доир меҳнат муносабатларини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан тартибга солинмаганлиги (яқинда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунда аутстаффингга алоҳида – 16-модда ажратилган бўлса ҳам, ёндашув у қадар тўлақонли бўлмаган);
2. Расман иш берувчи аутстаффингчи компания бўлганлиги боис, буюртмачи компанияда интизомни бузган, меҳнати сифатсиз бўлган ноинсоф ходимларга нисбатан тўғридан-тўғри чора кўриш ҳуқуқи йўқлиги;
3. Ходимларда улар бевосита ишлайдиган раҳбарлардан (буюртмачидан) моддий рағбат ва бошқа меҳнат ҳамда ижтимоий кафолатлар олиш имконияти деярли мавжуд эмаслиги.
4. Аутстаффингга жалб қилинган ходимларнинг икки томонлама (буюртмачи компания ва уни ишга ёллаган аутстаффингчи компания томонидан) босим остида қолиб кетиши мумкинлиги;
5. Шу билан бирга, аутстаффингга жалб қилинган ходимларни буюртмачи томонидан ортиқча “эксплуатация” қилиш эҳтимоли борлиги.
Сурхондарё вилоят маъмурий
судининг девонхона мудири
С.Алимардонов






