Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдагиПФ-140-сонли Фармонининг мазмун маҳияти ҳақида.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни замонавий талабларга мослаштириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини тўлиқ таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнлар фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини ошириш, суд ишларининг ошкора ва холис олиб борилишини таъминлаш, шунингдек, судга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш каби муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилган.
Ҳуқуқий демократик давлат қуришда одил судлов тизими асосий ўрин тутади. Зеро, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қила олиши, тадбиркорлик субъектларининг мулкий-манфаатлари ҳимояланган бўлиши, шунингдек, жамиятда қонун устуворлигининг таъминланиши айнан самарали суд тизимига боғлиқ.
Айни пайтда дунёдаги аксарият давлатлар суд тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини суд муҳокамалари ва ҳуқуқий таҳлил жараёнларига жорий этиш орқали одил судловга эришишни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу технологиялар инсон омилидан келиб чиқадиган хатоларни камайтириш, ишларни тез ва сифатли кўриб чиқиш, таҳлил ва қарор қабул қилиш жараёнини оптималлаштиришда катта аҳамият касб этмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони мамлакатимиз суд тизимини янги босқичга олиб чиқиш, рақамли ва интеллектуал форматда ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларини кенг жорий этиш учун шароит яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш каби вазифалар белгилаб берилган. 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида барча рақамли имкониятларни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил этилади. 2026 ва 2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилади.
Мурожаатларнинг фақатгина электрон шаклда юборилиши ва суд ишлари толиқ электрон тарзда юритилиши, суд харажатларининг электрон шаклда ҳисобланиши ва сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш имкониятлари пайдо бўлмоқда. Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириб, унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида жами 14 та иқтисодий судлар ташкил этилади, 54 та туманлараро иқтисодий судлар оптималлаштирилади, 22 та бир таркибли иқтисодий судлар тугатилиши назарда тутилган.
Бу нафақат одил судловни таъминлаш, балки жамиятда қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, фуқаролар ва тадбиркорлар тез, осон ва шаффоф суд ҳимоясидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши фақатгина ахборот технологияларини суд ишларига татбиқ этиш билан чекланиб қолмайди. У аввало, фуқаролар ва тадбиркорлар учун суд муҳитини янгича, қулай ва шаффоф шаклда қайта қўришга хизмат қилади, иш юритиш жараёнидаги коррупсиявий омилларни бартараф этиш каби муҳим вазифаларни бажаради.
Термиз туманлараро
маъмурий суди судъя ёрдамчиси
Ж.С.Ачилдиев