Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши, судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
29-бобининг қоидаларига кўра, суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаларига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкинлигига қаратилиши, қайта кўрилиши мумкин бўлган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари деганда, суднинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари тушунилиши, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, МСИЮтК 269-моддаси 1-бандининг мазмунига кўра иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.

Пленум қарорида, МСИЮтКнинг 268-моддасига мувофиқ: биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд; апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанция суди томонидан амалга оширилиши;

Агар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақидаги ариза судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда келиб тушган бўлса, ариза тегишли судга юборилиши лозимлиги;

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ишда иштирок этувчи шахслар, жумладан: тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); суд ажрими билан ишга жалб этилган учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); прокурор; давлат органлари ва ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра бошқа шахслар ҳақли эканлиги;

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилиши, уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, аризага унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кўрсатилган.

Шунингдек, Пленум қарорининг 17-бандининг 4-қисмида, МСИЮтК 269-моддасининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар жиноят ишини жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги, амнистия ёки афв этиш акти қабул қилиниши, айбланувчининг вафоти муносабати билан тугатиш ҳақидаги суднинг ажрими, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан аниқланган бўлса, улар суд томонидан иш учун муҳим аҳамиятга эга деб топилса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўлиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Термиз туманлараро
маъмурий суди раиси
   Б.Умиров