МАЪМУРИЙ СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ ЯНГИ ТАРТИБДА ЎРГАНИЛДИ.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги 2023 йил 25 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг 889-сонли қонуни фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.
Шунга бир мисол.:Туман ҳокимининг қарорига кўра, “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи фуқаро Н.У.нинг фойдаланишидаги турар жой ҳамда ёрдамчи биноларига мулк ҳуқуқи тан олинган.
Уй-жой олди-сотди шартномаси асосида фуқаро Д.Г. уйни ўзининг номига ҳужжатлаштирган.
Бундан норози бўлган аризачи А.К судга шикоят ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар туман ҳокимининг фуқаро Н.Унинг ўзбошимчалик билан қурган иморатига эгалик белгилашдаги хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг
қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Учинчи шахс Д.Г. биринчи ва апелляция инстанциялари судларининг қабул қилган суд ҳужжатлари устидан норози бўлиб, шикоят билан мурожаат қилган.
Туман ҳокимининг қарорига кўра, туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи А.К.га аризаси ҳамда “Р” МЧЖнинг йиғилиши баёни ҳамда буйруғига асосан тегишли бўлган уй-жойи, яъни умумий фойдаланиш майдони 161,10 кв.м яшаш уй-жойига эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.
Биринчи ва апелляция инстанциялари судлари мазкур қарорга кўра, фуқаро А.К.га уй жойига ва ер майдонига нисбатан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб,  вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан фуқаро А.К.нинг номига 0,18 га ер майдонига гувоҳнома билан давлат рўйхатидан ўтказганлиги ҳамда унда ерга нисбатан ҳуқуқ вужудга келганлиги тўғрисида тўхтамга келган. Бироқ, аризачи томонидан унинг номига 0,18 га ер майдонига оид гувоҳномани асли судларга тақдим этилмаган, тафтиш инстанция судида аризачи бу гувоҳноманинг асли йўқлигини маълум қилди. Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармасининг хатида, аризачи А.К.нинг номида 161,1 кв.м ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилганлиги қайд этилган.
Низолашилаётган қарор аризачининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузмаган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириши учун тўсиқлар вужудга келтирмаган, унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юкламаган.  
Тафтиш инстанцияси суди қуйи судларнинг қарорларига ҳуқуқий баҳо бериб, юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, суд қарорларини бекор қилишни, аризани қаноатлантиришдан рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни, шикоятни қаноатлантиришни, судларга нотўғри хулосалар берилганлиги ҳолати бўйича хусусий ажрим чиқаришни, туман ҳокимини қарорининг қонунийлигига баҳо бериш учун Сурхондарё вилоят прокурорига хабарнома юборишни лозим топиб, тарафларга қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида тафтиш тартибида шикоят қилинишини мумкинлиги ҳақида тушунтиш берилди.

Сурхондарё вилоят маъмурий  
судининг судья катта ёрдамчиси  
  Ж.Хуррамов

Энди давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади!

Аннотация: Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга фаровон ҳаёт барпо этиш, шунингдек, буларнинг барчасини қонунчилик орқали мустаҳкамлаш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу мақола орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кимга ва қачон амалга оширилиши тадқиқ этилади. 
Калит сўзлар: юридик ёрдам, давлат ҳисобидан юридик ёрдам, адвокатлар реестри, кам таъминланган шахслар, руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, ҳимоя ҳуқуқи.
Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 30 апрель куни мамлакат миқёсида референдум бўлиб ўтди. Халқимиз ўз ҳуқуқ ва бурчларидан фойдаланган ҳолда референдумда иштирок этиб, Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясини маъқуллаб овоз берди. Конституцияда ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган. 
Биламизки, қонун ва қонуности ҳужжатлар Конституцияга мувофиқ бўлиши лозим. Конституция нормалари қонунчиликда акс этишини 2023 йил 16 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунида яққол кўришимиз мумкин. Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам нима эканлиги белгиланган бўлиб, ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам тушунилиши белгиланган.      Қонуннинг 8-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгиланган бўлса, 9-моддасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар санаб ўтилган:
 1) кам таъминланган шахслар, агар улар: фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар; маъмурий ишлар бўйича аризачилар; маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар; жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.
Ушбу Қонунинг 11-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни ташкил этади:
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу Қонун 9-моддасининг
1-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларга фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган қуйидагилар ҳақидаги ишлар бўйича кўрсатилади:
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тўғрисидаги;
ишга тиклаш ҳақидаги;
иш ҳақини ундириш тўғрисидаги;
алиментларни ундириш ҳақидаги;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги;
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:
ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича кўрсатилади:
давлат фуқаролик хизмати соҳасида;
сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;
иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;
меҳнат муносабатларида;
ижтимоий ҳимоя соҳасида;
оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;
таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.
Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлиб қолса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.
Агар кам таъминланган шахс маҳкум бўлиб қолган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.
 Шунингдек, Қонуннинг 16-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар (идентификацияловчи ID-карта);
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда — жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ариза руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда — психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
ариза ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан берилган тақдирда — хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади.
Ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ахборот махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви доирасида мустақил равишда электрон шаклда олиниши мумкин.
Авваллари кимнинг моддий имкони бўлса, малакали юридик ёрдам хизматидан фойдаланиши мумкин эди. Қонунчиликдаги ушбу янгилик, айниқса, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларининг қонуний ҳимоя қилинишига, ишнинг судгача ва суд босқичларида ҳимоя ҳуқуқи таъминланишига, адвокатларнинг фаолиятида самарадорликларга эришишга имкон яратади, дейиш мумкин.  

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ушбу хизматлардан аҳоли томонидан фойланишини оммалаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
03 сентябрдаги  “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарорига кўра, судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги, қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланган:
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.
2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириши;
2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;
судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.
судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;
муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби жорий этилган.
Бугунги кунда апелляция, кассация ва тафтиш  инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш йўлга қўйилган. Фуқаролар ва тадбиркорлар суд мажлисиларида иштирок этиш учун узоқ масофани босиб суд биносига келмасдан, балким масофдан туриб  иштирок этиш учун ўзига яқин бўлган суд биносидан, судларга иштирок этиш учун видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этишига шароитлар яратилганлигидан фойдаланиш лозим. Судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш, суд қарорларини онлайн тарзда олиш тартибини жорий этилиши, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиб берди.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
Х.Рахимова

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ МАЪМУРИЙ СУДИ СУДЬЯ ВА СУД ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН

“Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади.

Наврўз умумхалқ байрамини юқори савияда ташкил этиш учун қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади, жумладан: Сурхондарё вилоят маъмурий суди жамоаси “СУМАЛАК” сайлини ташкил этиди.

Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, меҳнат фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”,Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун СУМАЛАК ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини амалга оширилди.

Наврўз муборак бўлсин олам нурга тўлсин !

2024 йил 16 март куни Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимлари томонидан умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил                                             6 мартдаги 137-F-сонли фармойишига кўра, “Обод ва файзли маҳалла-юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Ҳашарда Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья ва суд ходимлари Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамозон ойини қарши олишга тайёргарлик кўриш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, зиёратгоҳлар ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирларини давом эттириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигинек маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек аҳолинининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилади.

Хайрия ҳашари доирасида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди.

Вилоят маъмурий суди биноси ва бино ташқарисига 50 тупдан зиёд   арча дарахт кўчати экилди. Дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди.

Ободонлаштириш ишлари ўтказилиши жараёнида суд ҳудудини  ён-атрофи ва ҳавлиси, ариқлар, кўча ва йўлаклари тартибга келтирилиб тўпланган чиқиндилардан тозаланди.

Вилоят маъмурий суди биносини ташқи тарафига тўлиқ қайта ранг урилди.

Обод ва файзли маҳалла-юрт кўркидир!

Мурожаатнома юзасидан ташаккурнома

Аризачининг мурожаати Термиз туманлараро маъмурий судида қонуний ва асосли кўрилганлигидан мурожаатчи ишни кўрган судьяга нисбатан ўз миннатдорчилигини  бирдирди.

             Термиз туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 5 декабрь кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Ф.Хушбаковнинг аризаси тўлиқ  қаноатлантирилган.

              Жавобгар Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими давлат ижрочисининг Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2023 йил 16 мартдаги ижро ҳужжати асосида қўзғатилган ижро иши бўйича ижро ҳаракатларини лозим даражада бажаримасликда ифодаланган ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилиб, жавобгар Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими зиммасига мазкур ижро иши бўйича қонунда белгиланган тартибда ижро  ҳаракатларини амалга ошириш мажбурияти юклатилган.     

             Мурожаатчи Ф.Хушбаков, Ўзбекистон Республикаси Президентига Веб-сайт орқали йўллаган мурожаатида, Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси А.Алиқуловнинг суд ишини қонун доирасида ва одилона кўрганлигидан ҳамда судья ёрдамчиси Н. Назаровнинг хам ўз ишига маъсулият ва талабчанлик билан ёндошганлигидан мамнун бўлиб, ўз миннатдорчилигини билдирган.

Ўз навбатида Сурхондарё вилоят маъмурий суди ҳам мурожаатчи Ф.Хушбаковга ижобий фикр ва мулоҳазалари  учун ўз ташаккурини билдирган.

Вилоят маъмурий суди судьяси                                                     С.Халматов

Хотин-қизларнинг жамият ривожидаги ҳиссаси

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг қабул қилинган қонунларимизда аёл ҳуқуқларига инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қарала бошланди. Мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этиши таъминланган.

Хотин-қизларнинг жамият ривожидаги ҳиссасини муносиб баҳолаш, уларга барча масалаларда кўмаклашиш-буларнинг барчаси қадимдан халқимизга хос.

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинларини қонун талаби асосида таъминлаш муаммоси турли омилларга, жумладан, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлангани, умумий маданият, фуқаролик жамиятининг шаклланиш даражасига боғлиқ.

 Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини оширишга қаратилган хотин-қизларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг исботидир.

Бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун зарурдир.

Ривожланган мамлакатларда инсон эркинлигини ижтимоий, оилавий, шахсий ҳаётда ҳар томонлама таъминлашга муҳим аҳамият бериб келинаётгани бежиз эмас. Гендер муаммоси ана шундай долзарб масалалардан биридир. Қадимги замонлардаёқ аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Жинслар ўртасидаги тенглик ҳақидаги ғояни биринчи бўлиб софист Антифонт  ўз асарларида баён қилиб, шундай фикр билдирган: “Табиат барчани, аёлни ҳам, эркакни ҳам тенг қилиб яратади, лекин инсонлар ўзларини тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ўзлари бунёд этадилар”. Шунингдек, софист Алкидам ва Ликофрон қарашларида ҳам табиий ҳуқуқлар тенглиги ва барча одамларнинг эркинлиги ҳақидаги фикрларни учратамиз.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар, эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ва яшаш жойини танлашга эркиндир.

Тарихдан маълумки, меҳнат турлари ва санъат дастлаб аёл зоти томонидан кашф этилган, эркаклар эса уларни ривожлантириб, такомиллаштирган. Демак, ҳозирги замон цивилизациясининг ибтидосида аёл турган. Ўтмишда аёллар ҳукмронлиги давридан эркаклар салтанатига ўтиш хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ўзгартирди, аёллар фаолиятини фақат оила чегарасида белгилашга мойиллик кучайди. Аёллар ўз қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш, намоён этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, оиладаги ўрни фақат фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш билан чекланиб қолди. Оқибатда у эркак кишига моддий, маънавий, ижтимоий, маиший жиҳатдан қарам бўлиб яшай бошлади.

Ижтимоий тузумлар ўзгариши билан инсон ҳаётига бўлган муносабатлар ҳам ўзгариб, қонунсизлик, яъни қадр-қимматни поймол этиш каби кўплаб салбий ҳолатларга нисбатан норозилик туйғуси шакллана борди ва натижада адолат, аёл эркинлиги, ҳуқуқини эътироф этиш ғоялари етила бошлади. Бу эса, аёлларнинг ҳам эркин яшашга ҳақли инсон экани, жамият тараққиётида ўз ўрнини топиши зарурлиги ғоясини вужудга келтирди.

1791 йили Олимпия де Гуж томонидан тайёрланган “Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси”да ҳам аёлларнинг эркин фикрлаши ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга экани очиқ эътироф этилди. Ушбу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади.

Гендер муаммосини ҳал этиш учун давлат ва жамиятнинг биргаликдаги куч-ғайрати талаб қилинади. Яъни гендер тенглиги давлатнинг ҳимоя сиёсати ҳамда хотин-қизларнинг ташаббуси орқали амалга оширилиши мумкин. Бу эса, келажакда сиёсий фаол, ҳуқуқий билимга эга, фуқаролик жамияти қуришга камарбаста фаол аёллар сафини янада кенгайтириш имконини беради.

Сурхондарё вилоят маъмурий суд судьяси                                     Х.Рахимова

Ҳ А М Д А Р Д Л И К

Сурхондарё вилоят маъмурий суди жамоаси Сурхондарё вилоят суди АКТ бошқармаси бош консультанти КАТТАҚУЛОВ АБРОР АБДУҲОЛИҚ ўғлини волидаи муҳтарамаси ГУЛНОРА АДИНАЕВАнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.

Шахсга яратилган шарт-шароитлар – имкониятдир!

Мамлакатимизда сўнги йилларда “инсон қадри” шиори остида шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни таъминлаш борасида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2023 йилнинг 30 апрель куни халқ Конституцияси тўғридан-тўғри умумхалқ овози билан қабул қилинди. Янги Конституция қонунчилигимизнинг асоси бўлиши, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституцияга мос бўлиши белгиланди. Шу сабабли амалда қўлланилаётган қонунчилигимизга ҳам қатор ўзгаришлар киритилмоқда.
Янги Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилганлиги инсонга бўлган эътиборнинг бир кўринишидир, аммо судга мурожаат қилишда фуқаролар давлат божи тўлаши шартлиги кўпчиликка қийинчилик туғдирар эди ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланмаслик ҳолатларига ҳам олиб келган.
Асосий Қонунимиз инсон ҳуқуқларини ўзида акс эттирар экан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунини ҳам унга мутаносиблаштирилиши муҳим аҳамият қасб этади.
Қонунда ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилар ҳисобланиши белгиланган. Бевосита фикримизни маъмурий судларга мурожаат қилишда шахсларга яратилган имкониятларга қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг
10-моддасида дават божини тўлашдан озод қилинганлар белгилаб қўйилган эди, аммо Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил
16 январдаги ЎРҚ-897-сонли Қонуни билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига ҳам қатор ўзгартишлар киритилди, яъни маъмурий судларга мурожаат қилишда тадбиркорлик субъектларининг имкониятлари кенгайтирилиб, жисмоний шахслар ва педагог ходимлар ҳам эндиликда давлат божини тўлашдан озод этилади. Қонуннинг 10-моддасига кўра, қуйидагилар маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод қилинган:
1) тадбиркорлик субъектлари — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;
11) жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;
2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича;
3) нодавлат нотижорат ташкилотлари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
4) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
5) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
6) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича;
7) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;
8) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;
9) юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича;
10) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар (шикоятлар) юзасидан;
101) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун бериладиган аризалар ва шикоятлар юзасидан;
102) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун бериладиган даъволар ва аризалар юзасидан;
103) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан;
104) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари — кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан;
11) мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;
12) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар (шикоятлар) юзасидан;
13) тарафлар — муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги ишлар юзасидан;
14) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга доир ишлар юзасидан;
15) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган аризалар (шикоятлар) юзасидан;
16) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган аризалар (шикоятлар) юзасидан;
17) Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари — хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бериладиган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан;
18) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси — ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда.
19) педагог ходимлар — касбий фаолиятини амалга ошириш давомида педагог ходимларнинг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 11, 2, 9, 11 ва 12-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.
Сўнги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни мулоҳаза қилар эканмиз, ислоҳотлар негизида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати турганлигини яққол кўришимиз мумкин. Мамлакатимизда шахс ҳуқуқлари ҳуқуқий тизимимизнинг асосини ташкил этиши белгиланган, уни амалга ошириш эса ҳар биримизнинг қўлимиздадир.


Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Д И Қ Қ А Т, Т А Н Л О В!

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси лавозимига малакали мутахассисларни ишга таклиф қилади.

Номзодлар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Танловда олий юридик маълумотли, компьютер билан ишлаш малакасига эга бўлган мутахассислар иштирок этиши мумкин.

Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча равишда рағбатлантирилади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш тегишли комиссия суҳбати натижасига кўра амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Сурхондарё вилоят маъмурий судига (Термиз шаҳри, Навбоғ кўчаси,
12-уй) қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

– ариза (яшаш манзили ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда);

– маълумотнома (объективка);диплом нусҳаси иловаси билан.

Аризалар 2024 йил  17 февраль, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел.: (76) 227 28-18.   (55) 453 19 00

Skip to content