Конституция –   Ўзбекистон тараққиётининг асосий негизидир

Ҳар бир давлатнинг  сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаётида  Конституция асосий ўрин тутади. Чунки у-жамиятнинг бош йўл харитаси, фуқаронинг энг катта кафолати, давлат ҳокимиятининг асосий пойдеворидир. 2023-йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги конституция мамлакатимиз тараққиётига янги босқич очиб беради.

Янги Конституцияни қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштироки таъминланди. Миллионлаб таклифлар, юзлаб муҳокама майдонлари, очиқ эшитувлар-буларнинг барчаси асосий қонун халқнинг иродасига таяниб яратилганини кўрсатади.

Бугун биз янги таҳрирдаги қомусимизни оддий ҳужжат сифатида эмас, балки жамиятимизнинг келажакка бўлган ишончи ва интилишининг ҳуқуқий ифодаси сифатида қабул қилмоқдамиз.

Конституциянинг биринчи моддасида илк бор Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилди. Бу давлат аҳоли турмуш даражасини оширишга мажбурлигини, кам таъминланган қатламларни қўллаш, уларни иш билан  таъминлаш, муносиб меҳнат ва ижтимоий адолатни қарор топтириш конституциявий мажбуриятга айланди.

Шу билан бир қаторда янги конституциянинг 136-моддасида судяларнинг қарор қабул қилишда мустақиллиги ва судянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини давлат ҳимоя қилиши конституцияда аниқ кафолатлар билан мустаҳкамланди. Эски таҳрирдаги конституцияда судяларнинг мустақиллиги умумий тарзда қайд этилган эди. Бу янгиланиш судяларнинг сиёсий ёки маъмурий босимдан ҳоли бўлиши адолатли қарорлар чиқарилишига шароит яратди.

О ъзбекистон янги таҳрирдаги Конституцияда тўлиқ маънода ҳуқуқий давлат тамойилини эълон қилди. Суд ҳокимияти ҳуқуқий давлатнинг марказий институти сифатида қайта талқин қилинди. Суд тизими барча ислоҳотларнинг юраги сифатида эътироф этилади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қуриш, “инсон қадри” тамойилини амалда таъминлаш ва жамиятда адолатга бўлган ишончни кучайтиришга хизмат қилади.

Сурхандарё вилоят маъмурий

Суди судя катта ёрдамчиси
М.Исмоилова

Маъмурий судларга мурожаат қилишда аризанинг шакли ва мазмуни

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида судга мурожаат қилиш қуйидагича амалга оширилиши белгиланган, яъни: 

фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;

апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанциялари судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Кодекснинг 128-моддасига кўра, аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни қандай бўлиши белгиланган.

Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);

4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

5) аризачининг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади.

Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли

Шунингдек аризага (шикоятга) илова қилинадиган ҳужжатлар қуйидагилар:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;

11) белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлигини;

2) аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.

Фуқаролар ва юридик шахслар судга мурожаат қилишда ушбу ҳолатларга эътибор қаратишлари ариза ва шикоятларининг кўриб чиқилиши учун муҳим ҳисобланади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

АКТ ходими И.Шайманов

Коррупсия — жамият тараққиётига энг катта таҳдид.

Коррупсия — жамият тараққиётига энг катта таҳдид

Коррупсия бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатларида учрайдиган, жамият ривожига жиддий зарар етказувчи иллатлардан биридир. У давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим соҳаларда адолатсизликни кучайтириб, халқнинг давлатга бўлган ишончини сусайтиради. Коррупсия мавжуд бўлган жамиятда қонун устуворлиги заифлашади, тенглик ва адолат тамойиллари бузилади.

Коррупсиянинг жамиятга таъсири

Коррупсия, аввало, иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади. Инвесторлар адолатли ва шаффоф тизим бўлмаган жойга сармоя киритмайди. Натижада янги иш ўринлари камаяди, аҳоли фаровонлиги пасаяди. Шунингдек, коррупсия ижтимоий тенгсизликни кучайтириб, камбағал ва бой қатлам ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштиради.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги коррупсия эса жамият келажагига бевосита зарар етказади. Билим пора эвазига баҳоланган, шифокорлар виждон эмас манфаат билан ишлаган муҳитда соғлом ва билимли авлодни тарбиялаш қийинлашади.

Коррупсияга қарши кураш — умумий масъулият

Коррупсияга қарши кураш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол бўлиши зарур. Энг аввало, коррупсияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши керак. “Майда пора”, “ҳамма шундай қилади” каби қарашлар коррупсиянинг илдиз отишига сабаб бўлади.

Давлат даражасида эса қонунларнинг аниқ ва қатъий ижроси, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш муҳим. Электрон хизматлар, очиқ бюджет, эркин оммавий ахборот воситалари коррупсияни камайтиришда самарали восита бўла олади.

Ёшлар ва таълимнинг ўрни

Коррупсияга қарши курашда ёшларнинг роли беқиёс. Ҳалоллик, адолат ва ватанпарварлик каби қадриятлар болаликдан сингдирилса, келажакда коррупсияга мойил бўлмаган авлод шаклланади. Таълим муассасаларида коррупсияга қарши маданиятни тарғиб қилиш, очиқ ва адолатли баҳолаш тизимини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Суд ходимларининг коррупсияга қарши масъулияти ва қонун устуворлиги

Бугунги кунда коррупсияга қарши кураш Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, суд ҳокимияти тизимида фаолият юритувчи ходимларнинг ҳалоллиги, виждони ва қонунга садоқати жамиятда адолатни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки суд — адолат маскани бўлиб, бу тизимда коррупсияга мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.

Қонунчиликда коррупсияга қарши талаблар

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, коррупсия — мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатдир. Мазкур қонунда барча давлат органлари ходимлари, жумладан суд тизими ходимлари учун ҳам коррупсиянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва қонунийликка қатъий риоя этиш мажбурияти белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қонун устуворлиги ва фуқароларнинг қонун олдида тенглиги кафолатланган. Судялар ва суд ходимлари ушбу конституциявий тамойилларнинг амалда таъминланиши учун шахсий намуна кўрсатиши лозим.

Президентимизнинг коррупсияга қарши қатъий позитсияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти коррупсияга қарши ўтказилган кўплаб йиғилиш ва мажлисларда бу иллатни давлат ва жамият ривожига жиддий тўсиқ бўлаётган энг хавфли муаммо сифатида алоҳида таъкидлаб келмоқда. Давлат раҳбари ўз чиқишларида “коррупсия — ислоҳотлар кушандаси”, “ҳалоллик бўлмаса, ҳеч қайси соҳада ривож бўлмайди”, деган мазмундаги фикрларни бир неча бор қайд этган.

Шунингдек, Давлатимиз рахбарининг 5-март куни Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, ўз нутқиларида коррупсия ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлаб, Шу боис сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилганлиги, Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинганлиги, ҳамда энг муҳими, жамиятда коррупсия муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилиб, Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб борганлигини такидлаб ўтдилар.

Президентимиз суд-ҳуқуқ тизими ҳақида сўз юритар экан, суд ходимларининг поклиги ва мустақиллиги фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини белгилаб беришини алоҳида урғулаган. Суд тизимида ишловчи ҳар бир ходим коррупсияга қарши курашни ўзининг кундалик хизмат вазифасининг ажралмас қисми деб билиши лозимлиги таъкидланган.

Суд тизимида ҳалоллик — адолат кафолати

Суд ходими учун энг муҳим мезон — бу виждон ва қонунга содиқликдир. Ҳар қандай пора, таниш-билишчилик ёки манфаатдорлик ҳолати нафақат қонунбузарлик, балки суд ҳокимияти нуфузига путур етказувчи оғир хатти-ҳаракат ҳисобланади. Шу боис суд ходимлари ҳар бир ишни кўриб чиқишда холислик, адолат ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиши шарт.

Президентимиз таъкидлаганидек, “агар адолат суддан бошланмаса, жамиятда ишонч бўлмайди”. Бу фикр суд тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим учун масъулият ва огоҳлантириш вазифасини ўтайди.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, коррупсия — бу фақат ҳуқуқий муаммо эмас, балки маънавий-ахлоқий муаммодир. Уни енгиш учун қонунлар, назорат ва жазодан ташқари, жамият онгини ўзгартириш зарур. Ҳар бир фуқаро ҳалол бўлишни ўзидан бошласа, коррупсиясиз, адолатли ва тараққий этган жамиятни барпо этиш мумкин.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

 иш юритувчиси Абдихалиқова Сухайло

МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА САЙЁР СУД МАЖЛИСЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА КЎМАКЛАШИШДАГИ АҲАМИЯТИ.

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан қонун устуворлигини, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш орқали аҳолига етказиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 11 ойида Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган 226 та ишларнинг 2 таси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.

Термиз туманлараро маъмурий судида ушбу даврда кўрилган 847 та маъмурий ишларнинг 44 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, шундан 3 та ишлар бўйича аризалар қаноатлантирилган.

Сайёр судда кўрилиб, қаноатлантирилган аризаларни қуйидаги ишларда кўриш мумкин.

Аризачи Н.Х.нинг жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимига нисбатан бўлимнинг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ва жавобгар зиммасига мажбурият юклаш ҳақидаги аризаси бўйича маъмурий иш Термиз шаҳрининг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини биносида очиқ, сайёр суд мажлисида кўрилиб, Термиз туманлараро маъмурий судининг 2025 йил
30 апрелдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб,  Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг 2025 йил 27 февралдаги хабарномаси билан рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракати ғайриқонуний деб топилган. Жавобгар “Жанубгазтаъминот унитар қурилиш ва таъмирлаш корхонаси” Шеробод туман газ филиали ГТШ чилангари вазифасига 2005 йил 01 январдан
– 2017 йил 18 сентябрга қадар, “Сурхондарё вилояти ҳудудий газ таъминоти” филиали Шеробод туманлараро газ таъминоти участкаси эксплутация чилангари вазифасига 2017 йил 19 сентябрдан – 2019 йил 31 октябрга қадар, “Ҳудудгаз Сурхондарё” МЧЖда авария тиклаш ишлари чилангари 2019 йил 04 ноябрдан
– 2020 йил 03 август кунига қадар ишлаган даврларини умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилган.

Шунингдек, аризачи “M.T” МЧЖнинг жавобгар Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси мансабдор шахсларининг рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ва жавобгар зиммасига мажбурият юклаш ҳақидаги аризаси бўйича маъмурий иш очиқ сайёр суд мажлисида кўрилиб, Термиз туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 15 октябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, жавобгар Давлат кадастрлар палатаси Термиз шаҳар филиалининг 2025 йил 27 августдаги хабарномаси билан рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракати қонунга хилоф деб топилган. Давлат Кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар филиали зиммасига “M.T” МЧЖга Термиз туман ҳокимининг 2016 йил 6 октябрдаги қарори билан ажратилган ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказишни қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.

Зеро, маъмурий судларда ўтказилаётган сайёр суд мажлислари фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга, маҳаллаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси 
 Х.Хакимов

Коррупциясиз жамият

Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, Давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинларининг поймол бўлишга олиб келади, шу боис коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади.

Шу сабабли, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти, суд ходимларининг юриш-туриши, коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидоийлик билан ишлашни, оладиган иш ҳақига қаноат қилиши, агарда судда берилаётган иш ҳақи ўз эҳтиёжлари учун етарли бўлмаса, юқори иш ҳақи тўлайдиган ташкилотларда ишлаши мумкинлиги, судга келган фуқаролар билан хушмуомила бўлиши, иш бўйича тарафлар, тарафларнинг қариндошлари ва адвокатлар билан якин муносабатларга киришмаслик, ҳар бир ходим ўзини асраши лозимлиги, суд ходимлари Судьялар одоб-ахлоқи кодекси ва юриш-туриш қоидаларига сўзсиз амал қилишлари, суд ҳокимияти обрўси ва нуфузига путур етказадиган ҳатти-ҳаракатлардан тийилишлари лозим.

Тезкор ва шиддатли даврда яшаяпмиз, энг асосийси, вақт бизни ҳеч қачон кутиб турмайди, ҳар бир соҳада босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар замирида инсон ва унинг манфаатлари ётади, зеро, бугунги кунда жамият тараққиёти юксалишида юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни борлиги қувонарли ҳол, демак, эришилаётган ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, унинг ортида халқимизнинг машаққатли меҳнати бор, ана шундай муваффақиятларга эришишда тўғрилик, соф виждонлик, давлат мулкига хиёнат қилмаслик каби хислатлар асосий ўрин тутишини жуда яхши биламиз, лекин, айрим ҳолларда юқоридаги хислатларга амал қилмаган шахслар жиноятга қўл урадилар, хулоса қилиб айтганда, бундай жиноятлар кўчаси коррупция атамасини ифода этади.

Бугунги мақоламни бевосита коррупция мавзусига бағишлар эканман, аввало коррупция сўзининг маъноси ҳамда тизимда бу борада амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Порахўрларни одам гўштини ейдиган йиртқичларга ўхшатаман, айтишларича, улар бир марта одам гўшти мазасини тотганидан кейин инсонларни ов қилишни бошлар экан, фақатгина отиб ўлдириш билан дахшатли йиртқичлардан халос бўлиш мумкин эмиш, порахўр ҳам осонгина келадиган мол-дунёнинг мазасини тотганидан сўнг унга кўнгил қўяр экан, одамлар унга пора бериши учун шундай шартлар ўйлаб топарканки, уларни адо этиш жуда мушкул, айримлари эса деярли имконсиз.

         Порахўрликни, порахўрларни жамиятдан таг-туги билан қўпориб ташлаш жуда қийин, чунки ўзини топ-тоза тутиб юрган одамлар ҳам бехосдан унинг таъмини татиб кўргандан кейин дарҳол унга мойил, ишқибоз бўлиб қолиб, ҳаётини хавф остига қолдиришдан ҳам чўчимай қўяди-да.

            Бунга Хитойдаги вазиятни мисол қилиб келтирса бўлади, у ерда порахўрни умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси кутиши аниқ, йилига юзлаб мулозимлар қатл қилинади, минглари қамоққа тортилади, ибрат бўлиш учун амалдорлар мажбурий равишда қамоқхоналарга экскурсияларга олиб борилади, лекин, барибир, Хитойда порухўрлик авж олган.

Шунинг учун порахўрларга қарши курашни тўхтатиш керак, аксинча, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш керак, лекин пора берган одам қўлга тушса, ўша заҳотиёқ гувоҳлар иштирокида айби бўйнига қўйилиб, суд қилинмасдан қамоққа тиқилиши керак, исм-шарифи, берган пораси миқдори, мақсади халққа ошкор қилиниши лозим, чунки бировларнинг ҳаққини кўзлаган, иши бошқалардан тезроқ ва осонроқ битишини истаган пора берадиган одам порахўрдан минг чандон хавфлироқ, бечора порахўрлар ҳам шундай манфурлар сабабли пайдо бўлади, уларнинг бу “фазилати” юқумлироқ, зарарлироқ, пора берадиганлар бузғунчи, баттол ва ўзбек тилидаги ҳамма ҳақоратли сўзларга лойиқ кимсалардир.

Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса ҳисобланиб, аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф равишда пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади, этимологик жиҳатдан «коррупция» – лотинча «corruptio», яъни «бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш»-деган маънони англатади, юридик энциклопедияда таъкидланишича, «коррупция – мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият ваколатларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият»-деган маънони билдиради.

Жорий йил 10 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишиб, соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича режа ва таклифлар тақдимот қилинди.

Биринчидан, коррупцияга қарши курашишда иштирок этувчи идоралар, давлат органлари, илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳаракатларини уйғунлаштирувчи Коррупцияга қарши курашиш кластерини ташкил этиш таклиф этилди, бунда “таҳлил-кураш- натижа” занжирига асосланган, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаш бошқарувидаги ягона тизим жорий этилади, ҳар бир субъектнинг вазифалари аниқ белгиланиб, агентлик томонидан сарҳисоб ва доимий мониторинг йўлга қўйилади.

Иккинчидан, “Хавф-таҳлил маркази” ташкил этиш зарурлиги таъкидланди, янги марказ давлат органларининг 30 дан ортиқ ахборот базаси билан интеграция қилинган ҳолда коррупция хавф-хатарларини сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш имконини беради, марказда коррупция хавф-хатарларини баҳолаш бўйича дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилади, давлат харидлари, манфаатлар тўқнашуви, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги билан боғлиқ қонунбузилишларни аниқлашга қаратилган замонавий ахборот тизимлари яратилади, рақамли назорат механизмларини жорий этиш орқали муқаддам коррупция учун судланган шахсларнинг қайта давлат хизматига қабул қилиниши чекланади.

Учинчидан, “Э-қарор” тизимида ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши устидан назорат ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишда жамоатчилик назорати имкониятларини кенгайтирилади.

Тўртинчидан, соҳалар ва тармоқларда коррупция омилларини бартараф этиш мақсадида лойиҳа офислари ташкил этилади, ушбу офислар коррупциявий жиноятлар кўпайган, фуқаролар норозилиги юқори, бюрократик тўсиқлар мавжуд ва рақамлаштириш даражаси паст бўлган йўналишларда манзилли ишлаш механизмини жорий этади, танланган соҳа бўйича аниқ ташхис асосида белгиланган вазифалар амалга оширилади, соҳада кутилган натижага эришилгунга қадар лойиҳа офиси ўз фаолиятини давом эттиради, лойиҳа амалга оширилаётган ташкилот томонидан молиялаштирилади, лойиҳа якунлари бўйича ҳисобот тайёрланиб, жамоатчиликка очиқ тарзда эълон қилинади.

Бешинчидан, кенг жамоатчиликни коррупцияга қарши курашишга янада кенг жалб этиш мақсадида инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилувчи ташаббускор гуруҳлар фаолияти кенгайтирилади, инвестиция лойиҳалари доирасида объектларда амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш жараёнида маҳалла фаолларининг иштирокини таъминлаш механизмлари жорий этилади.

Олтинчидан, коррупция ҳақида хабар бераётганлар сонини ошириш мақсадида уларга ҳимоя ордери бериш йўлга қўйилади, рағбатлантиришнинг реал механизмини жорий этилади, айни мақсадда “Коррупция ва коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Еттинчидан, коррупцияга қарши курашишда юқори фаоллик ва ташаббус кўрсатган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.

Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида, “бугунги кунда ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга-яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлик эканлигини, мамлакатимизнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган энг долзарб масала коррупцияни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш, коррупцияга қарши курашишда алоҳининг барча қатламлари энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан жамиятмизнинг барча аъзолари таъбир жоиз бўлса “ҳалоллик ваксинаси” билан эмланмас экан ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни, шу билан бирга, суд остонасида қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”-деб таъкидлаган эдилар.

Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.

Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлди, ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги Қарори билан “коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” қабул қилинди, дастур доирасида бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди, мавжудлари инвентаризациядан ўтказилди, умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Жумладан, Суд органларида коррупцияга қарши муросасиз кураш эълон қилинган, бунда суд органларидаги коррупция ҳолатлари ҳақида маълумотларни @suduzbot Telegram-ботига, (71)239-01-79 телефон рақамига ёки Олий суднинг расмий веб-сайтидаги махсус платформага (https://sud.uz/corruption-appeal/) юбориш мумкин, юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли, аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.

Шундан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга, бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.

Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди, қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Ҳар бир мансабдор шахсдан хулоса чиқаришни талаб этади, ваҳоланки, бугун ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимларининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир, жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади, адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди бош консультанти
Ж.Бобоев

Коррупция тараққиёт кушандаси

Қонунчиликка кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.

Коррупция демократик институтларнинг издан чиқишига, иқтисодий ривожланишнинг секинлашишига сабаб бўлиб, бу ўз ўрнида мамлакат тараққиётига путур етказади.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг берган маълумотларига кўра, дунёда йиллик пора миқдори 1 триллион долларни ташкил қилади. Коррупция натижасида жаҳон иқтисодиёти ҳар йили 2,6 триллион доллар йўқотади – бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Шу билан бирга, мамлакатлар коррупцияга қарши курашар экан, давлат даромадлари узоқ муддатли истиқболда тўрт баробарга ортади.

Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида 9 декабрь санаси 2004 йилдан бери ҳар йили нишонлаб келинмоқда. 2003 йилнинг шу куни Мексиканинг Мерида шаҳрида юқори даражадаги сиёсий конференцияда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 1 ноябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция давлатлар томонидан имзолаш учун очиқ деб эълон қилинди. Ушбу кунни нишонлашдан мақсад коррупция муаммосини тубдан тушуниш ва Конвенциянинг коррупция билан курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги аҳамиятини англаб етишдан иборатдир.

Коррупцияга қарши кураш БМТнинг17 та мақсад ва 169 та вазифадан иборат 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига киритилган. Коррупция ва порахўрликнинг барча кўринишларини сезиларли даражада камайтириш масаласи “Тинчлик, адолат ва самарали институтлар” деб номланган 16-мақсаднинг асосий вазифаларидан биридир.

Коррупция жамоат тартибини бузади ва аҳолининг давлатга ва келажакка ишончини йўқотади. Шу орқали уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсон хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа таҳдидларнинг ривожланишига имконият яратади.

Коррупция мамлакат бойлигининг пасайишига ва турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Коррупция натижасида иқтисодий ўсиш суръатларини, ялпи миллий маҳсулот таркиби ва сифатини белгилайдиган кичик бизнес эгалари кўпинча “олдиндан бўладиган харажатлар”га дуч келадилар. Оқибатда мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши секинлашади, халқнинг турмуш даражаси ёмонлашади.

Мамлакатимиз ўз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бормоқда ва коррупцияга қарши кураш бўйича барча давлатлар ва тегишли халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёр. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид бир қатор концептуал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда Қарорлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш – жамият давлат органлари фаолияти ва улар эришган натижаларни очиқ муҳокама қилиш имкониятига эга.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаларидан бири давлат хизматчиси ва фуқаро ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатни истисно қилувчи рақамлаштиришдир. Бу борада мамлакатимизда бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 180 дан ортиқ турдаги давлат хизмати аҳолига қулай ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали амалга оширилмоқда. Ер участкалари ва давлат активларини, шунингдек, автотранспорт воситалари учун давлат рақам белгиларини онлайн аукционда сотиш тизими йўлга қўйилди.

Шу каби чоралар коррупция ҳолатларининг олдини олувчи очиқлик ва шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати принципини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрини шакллантириш, коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, ушбу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга оид жиноятлар бўйича ҳуқуқий статистикани юритиш коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда янада самара беради.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашда ҳар бир фуқаро ўзига хос масъулиятни зиммасига олиши, коррупция ва ҳарқандай ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши лозим. Бинобарин, коррупцияга барҳам бериш нафақат давлатнинг, балки бутун жамиятнинг манфаати ва вазифасидир.

Бу муаммо ҳар бир фуқарони ташвишга солиши, ушбу иллатга қарши курашда ҳеч ким четда турмаслиги керак. Жамият ва давлат тараққиёти, тинчлик ва хавфсизлик йўлида коррупцияга қарши курашда бирлашиш давр тақозосидир.

Сурхондарё вилроят

маъмурий суди судьяси  Д.Жўраев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ-140-сонли Фармонининг мазмун маҳияти ҳақида.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни замонавий талабларга мослаштириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини тўлиқ таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу жараёнлар фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини ошириш, суд ишларининг ошкора ва холис олиб борилишини таъминлаш, шунингдек, судга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш каби муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилган.

Ҳуқуқий демократик давлат қуришда одил судлов тизими асосий ўрин тутади. Зеро, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қила олиши, тадбиркорлик субъектларининг мулкий-манфаатлари ҳимояланган бўлиши, шунингдек, жамиятда қонун устуворлигининг таъминланиши айнан самарали суд тизимига боғлиқ.

Айни пайтда дунёдаги аксарият давлатлар суд тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини суд муҳокамалари ва ҳуқуқий таҳлил жараёнларига жорий этиш орқали одил судловга эришишни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Бу технологиялар инсон омилидан келиб чиқадиган хатоларни камайтириш, ишларни тез ва сифатли кўриб чиқиш, таҳлил ва қарор қабул қилиш жараёнини оптималлаштиришда катта аҳамият касб этмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони мамлакатимиз суд тизимини янги босқичга олиб чиқиш, рақамли ва интеллектуал форматда ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларини кенг жорий этиш учун шароит яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш каби вазифалар белгилаб берилган. 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида барча рақамли имкониятларни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил этилади. 2026 ва 2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилади.

Мурожаатларнинг фақатгина электрон шаклда юборилиши ва суд ишлари толиқ электрон тарзда юритилиши, суд харажатларининг электрон шаклда ҳисобланиши ва сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш имкониятлари пайдо бўлмоқда. Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириб, унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида жами 14 та иқтисодий судлар ташкил этилади, 54 та туманлараро иқтисодий судлар оптималлаштирилади, 22 та бир таркибли иқтисодий судлар тугатилиши назарда тутилган.

Бу нафақат одил судловни таъминлаш, балки жамиятда қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, фуқаролар ва тадбиркорлар тез, осон ва шаффоф суд ҳимоясидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши фақатгина ахборот технологияларини суд ишларига татбиқ этиш билан чекланиб қолмайди. У аввало, фуқаролар ва тадбиркорлар учун суд муҳитини янгича, қулай ва шаффоф шаклда қайта қўришга хизмат қилади, иш юритиш жараёнидаги коррупсиявий омилларни бартараф этиш каби муҳим вазифаларни бажаради.

Термиз туманлараро маъмурий суди
судъя ёрдамчиси   Ж.С.Ачилдиев

Судлар фаолиятида гендер тенгликни таъминлаш

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги долзарб масала ҳисобланади. Жамиятда ва давлат органлари фаолиятида хотин-қизларнинг ролини ошириш, уларнинг иштирокини таъминлаш асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда.

Гендер тенгликни шакллантириш юзасидан кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, Асосий Қонунимизнинг 58-моддаси ушбу нормативлар учун бош мезондир. Унга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Гендер тенгликдаги ушбу кафолатлар хотин-қизлар учун кенг имконият бўлиши билан биргаликда улкан масъулият ҳамдир.

Бугунги кунда суд тизимида ҳам аёллар фаолияти кўламини оширишга эътибор ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-227-сон Фармонида суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш орқали аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш мақсади илгари сурилган. Шунингдек судьялар корпусида гендер тенгликни таʼминлаш мақсадида:

Кенгашнинг Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда ҳар йили заруратга қараб Кенгаш томонидан хотин-қизлар учун квота белгилаш ҳақидаги таклифига розилик берилиши;

ташаббускор судьялар гуруҳи томонидан Ўзбекистон аёл судьялар ассотсиациясини ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилгани маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.

Суд тизимида камида беш йиллик меҳнат тажрибасига ва илмий салоҳиятга эга судьялар қонунчиликда белгиланган тартибда Одил судлов академиясига профессор-ўқитувчи лавозимига тайинланганда Академиядаги фаолияти тугагандан соʻнг унинг муқаддам ишлаган судьялик лавозимида ишни давом эттириши, бўш турган судьялик лавозими бўлмаган тақдирда, розилиги билан аввалгисига тенг бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши белгиланган.

Судлар фаолиятида гендер тенгликни таъминлаш илмли, салоҳиятли ва масъулиятли аёл кадрларни шакллантиришга кенг йўл очади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Коррупцияга қарши қарши курашиш бугунги кун давр талаби – Сурхондарё вилоят маъмурий судлари мисолида.

Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ

“Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
ва қонунларига бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан”.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни.
60-модда.

Судья вазифаларини виждонан бажариши, сабр-қаноатли, тоза
ва покдомон, ўз нафсининг тарбиячиси, шунингдек, ўзи ҳамда оила аъзоларининг ҳалол ризқ ҳисобига яшашларига эътиборли бўлиши лозим.

“Судьялар ободи кодекси”. 6-модда.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди раисининг 2025 йил 14 февралдаги “Сурхондарё вилояти маъмурий судининг ички меҳнат тартиби қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги 10-сонли буйруғи билан Сурхондарё вилоят маъмурий судининг ички меҳнат тартиб Қоидалари тасдиқланган.

Мазкур қоидаларда, суд аппарати ходимларининг коррупцияга муросасиз бўлишилиги қайд этилган.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раисилигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусида устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда барча соҳа вакилларига эътироз билдириб, суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати
ва самарадорлигини ошириш доим диққа марказида бўлиши зарурлигини таъкидлаб ўтганди.

Ушбу йиғилишдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан судья ва суд аппарати ходимларига мурожаатини эълон қилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Судларда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириши ҳамда меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиш юзасидан бир қатор
чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

Шу қатори, Сурхондарё вилоят маъмурий суди томонидан судья ва суд ходимларининг хизмат ва хизматдан ташқари юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидаларига, меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиши, хизмат вазифаларини виждонан бажариши, сабр-қаноатли, тоза ва ҳалол бўлиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, шунингдек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди раиси томонидан 2025 йил
10 январда “Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва судларда коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларни олдини олиш, шунингдек судларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш” бўйича Чора-тадбирлар Режаси ишлаб чиқилган ва ушбу режага кўра, бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, суд аппарати ходимлари томонидан эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тўлдириш;

Судьялар ва суд ходимлари билан;

оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан суҳбат ўтказиш;

моддий ҳамда ижтимоий аҳволи, иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳамда коррупция хавфини юзага келтируви бошқа омилларни ўрганиш,

Судьялар одоби кодекси ва одоб-ахлоқ қоидаларига, меҳнат интизомига, фуқаролар ва тарафлар билан муносабатда муомала маданиятларига риоя қилишлари, судья ва суд ходими деган номга доғ туширувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги ёки этишга мойиллиги юзасидан доимий ўрганишлар олиб бориш;

улар ўртасида аноним сўровномалар ташкил этиш
ва ўтказиш;

фуқароларни суд биносига кириб-чиқиши бўйича кунлик назорат ўрнатиб бориш ва суд биносига киришда телефон, ноутбук ва бошқа қурилмалар топширган ҳолда кириш ва улардан суд биносида фойдаланмаслик;

касб ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда кийиниш ва ташқи кўриниш одобларига риоя қилиши ва ушбу талабларга риоя қилиниши устидан кунлик назорат ўрнатиш;

ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳолатини доимий ўрганиб бориш белгиланиб, бу ҳақда тегишли ишлар доимий равишда амалга оширилиб келинмоқда ва бажарилган ишлар суд раислари томонидан назоратга олинган.

Шунингдек, 2025 йил 19 майда Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан коррупцион ҳолатларни барвақт аниқлаш, унинг олдини олиш
ва тизимда коррупцияга қарши муросасиз муносабатга бўлиш ва 2025 йил
20 октябрда Судларда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш ҳамда меҳнат ва ижро интизомини кучайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Мазкур режаларда, коррупцияга қарши курашиш бўйича судьялар ва суд аппарати ходимлари ўзларига юклатилган вазифалар ва берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, судья ва суд аппарати ходимларига маънавий, ахлоқий жиҳатдан юксалтириш мақсадида ҳар ойида камида битта бадиий китоб ўқиш, умумий ва соҳавий қонунчилик ҳамда мансаб йўриқномаси юзасидан билим ва кўникмаларини баҳолаш бўйича савол-жавоблар ўтказиш, ушбу соҳага оид семинар машғулотлари ўтказиб бориш ва коррупция оқибатларини тушунтириш ҳамда видеороликлар намойиш қилиш юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, вилоят ҳудудида содир этилган коррупциявий ҳолатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ахборот киритиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси А.Мухиддинов

Маъмурий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги. Маъмурий судларда тааллуқлилик

Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Қонун билан маъмурий судга тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий суд ўзига тааллуқли ишларни фуқаролар, юридик шахслар ва маъмурий органлар, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш

3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

6) ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

7) ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги;

8) маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.

Аризачи ушбу моддада кўрсатилган ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли.

Ушбу моддада кўрсатилган талаблардан алоҳида тарзда билдирилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судда ёки иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозим.

Судга тааллуқли ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилади, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно.

Инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари биринчи инстанция суди сифатида давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни туманлараро маъмурий суддан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонун билан ўз ваколатларига киритилган бошқа ишларни ҳам биринчи инстанция суди сифатида кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни исталган маъмурий суддан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Skip to content