


Ватанимни севмаганлар , биздан эмасдирлар
Ватанни онага қиёслашган, инсон энг аввало уни дунёга келтирган онасига меҳр қўяди. Чунки она уни авайлаб, азиз қилиб вояга етказади.
Фарзанд ақлини таний бошлагач, унда одамлар ва жамиятга нисбатан, ўзи туғилиб ўсган диёр-Ватанга нисбатан муҳаббат шаклланади.
Буюк фан арбоби Абдурауф Фитрат “Ватан-у менинг жону таним, у саждагоҳимдур. У менинг тўлин ойим, тинч-омонлигим, иззатим, шарафим. Каъбам, қиблам ҳамда гулистонимдир” деган эди.
Кишининг ўзи таваллуд топган тупроғи, эл-юртига садоқати одамийликдир.
Ҳар қайси касб эгаси жамиятимизда одамлар бахтли яшашига ўз ҳиссасини қўшиши, ҳар ишда холислик, ҳалоллик ва садоқатни намоён қилиши ватанпарварликнинг энг ёрқин кўринишидир.
Судья ўзининг халқига садоқати билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.
Ватан ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати шу кишининг ватанидир.
Абдулла Авлоний “Киши юртига султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл” деган.
Ўзингизга душманлик қилган кишини афв этинг, лекин Ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирманг.
Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч кимни сева олмайди.
Ватани борнинг бахти бор, Меҳнати борнинг-тахти бор.
Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди.
Халқимиз адолатни тараққиётнинг таянч нуқтаси деб қараб, уни “Ҳалоллик”, “инсонпарварлик”, “ор-номус” тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тушунган.
Адолатли кишилар ўзига лойиқ кўрмаган бир ишни ўзгаларга раво кўрмайди.
Киши адолатни ёлғиз ўзини бузуқ ишлардан сақлаш билан эмас, балким, оиласини, фарзандларини яхши йўлга йўналтириб, адолатни амалга оширади.
Адолатлилар ҳеч кимга жабр қилмайди. Жонзотларга озор бермайди.
Давлат ва миллатни тараққиёти, узоқ яшаши адолатдан боғлиқдир.
Давлатимиз раҳбари, адолатни Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши, давлат ва жамият олдида турган энг устувор вазифа деб белгиланган. Адолат янги жамиятнинг асосий мақсадига айланади.
Адолат билан маънавият тушунчаси ҳамиша ёнма ён туради.
Адолатни қарор топтиришга масъул бўлган ҳар бир судьянинг маънавияти бой бўлиши лозим. Судья юксак маънавиятга эга бўлган инсон бўлиши керак. Зеро маънавияти юксак, иродаси мустаҳкам инсон адолатсизликка йўл қўймайди.
Маънавияти юксак судьянинг қиёфаси қуйидагиларга намоён бўлади:
-У адолат тарозисини қўлида маҳкам ушлаган ҳолда ўз вазифасини беғараз бажаради;
-қасамёдига содиқ қолади;
-судьялик этикасига оғишмай амал қилади;
-одоб-ахлоқли бўлиб, интизомга қатъий риоя қилади.
-ватанига садоқатли; ҳалол,қонунни ҳурмат қилади;
-халқининг олдида доимо қарздорликни, шахсан жавобгарликни ва масъулиятни ҳис қиладиган инсондир.
Фақат ана шундай фазилатларга эга бўлган судья ҳақиқий адолат посбони бўла олади.
Соҳибқирон Амир Темур тузукларида “Софдил кишилар, олимлар, бечоралар ва фозилларга даргоҳим доимо очиқ, иш билган, шижоатли эр йигитларни қошимда тутдим, нафси ёмон, ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ, ўз манфаатларини устун қўядиганларни, қўрқоқларни ҳаттоки, мажлисларимга ҳам йўлатмадим” деган.
Судья ватанпарвар, адолатли ва сабр-тоқатли бўлиб, раҳбар ва ёши катта инсонларга ҳурмат, кичикларга иззатли бўлиши талаб этилади.
Маънавий тарбияда икки муҳим жиҳат бор: бири-нималарнидир амалга оширишга ундаш, иккинчиси-нималардандир тийиш.
Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб, ундан устун қилиб турадиган бу маънавиятдир.
Иймон, сабр, қаноат, орият, виждон, фидойилик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, уддабуронлик, садоқат, мардлик, билимдонлик, ҳалоллик, поклик, вафо, андиша в.ҳ. инсонни эл-юрт олдида обрўйи, ҳурматини оширади.
Одам борки, одамларнинг нақшидур,
Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур.
Иллатлари кўпайган инсонлардан ҳайвон яхши эканлигини таъкидлайди.
Киши маънавиятли бўлиши учун икки муҳим вазифани бажариши зарур:
1. У ўзида жами эзгу жиҳатларни шакллантириши зарур;
2. У барча иллатлардан қутулиб, уларни ўзига юқтирмасликка ҳаракат қилиши лозим.
Киши феъл-атворидаги хато ва камчиликлардан ёшлик чоғидаёқ фориғ бўла бориши зарур, акс ҳолда, у шу ёмонликларга ўрганиб қолади. Улардан қутулиш жуда оғир кечади.
Жамиятни маънавият бошқаради
Маънавият-бу инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб, устун қилиб турадиган жамики фазилатлар мажмуи.
Фазилатлар сўзи ўрнига хусусиятлар сўзини ишлатиш мумкин эмас. Чунки хусусиятлар тушунчаси иккига-ҳам фазилатлар, яъни яхши хусусиятлар, ҳам иллатлар, яъни ёмон хусусиятларга бўлинади.
Маънавият- инсоннинг ички маданияти, маънавият-илоҳий нур, маънавият эзгуликка ундовчи кучдир.
Маънавиятга маъно жиҳатидан яқин келадиган “маърифат”, “маданият”, цивилизация” тушунчалари ҳам мавжуд.
Иқтисод -тана, маънавият- руҳ
“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, деди Давлатимиз раҳбари.
Биз янги Ўзбекистон барпо этишга иккита мустаҳкам устунга таянамиз:
1. Бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт
2. Аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.
Моддий ва маънавий қашшоқликдан қутулиш
Моддий ва маънавий қашшоқлик ўртасида тиғиз алоқадорлик бор.Камбағаллик барҳам топган сари маънавий қашшоқликнинг ҳам томири кесила боради.Чунки қорни тўқ одамнинг қулоғига маънавият яхшироқ сингади.
Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси Х.Рахимова


Одил судлов маданияти ва одоби
Халқ назари қудратли, унда иззатда бўлиш олий саодатдир!
Инсон-одоби билан…
Ҳар қандай инсонни мўътабар ва азиз қиладиган фазилат-унинг одоби. “Одоб” арабча “адаб” сўзидан олинган бўлиб, яхшиликка чақириш маъносини англатади. Демак, одоб яхшилик сифатини ҳам беради. Азалдан Шарқ халқлари инсон ҳаётининг моҳиятини яхши тарбия олмоқ ва яхши хулқ-одоб, фазилатларга эга бўлмоқликда деб тушунган ва ҳамиша шунга интилган. Шубҳасиз, донишманд боболаримиз беодобликни уят, иснод деб қараб, қалбни мажруҳ ҳолатга олиб келадиган энг катта қусур деб билган. Қалбнинг мажруҳлиги эса, вужуднинг мажруҳлиги деганидир. Одобсиз инсон ҳеч қачон обрў-эътибор қозонмаган, бирор нарсага эришмаган. Ундай одамнинг жамиятда яхши ўрин топиши, асло мумкин эмас. Одобсиз кишидан ҳамма қочади, узоқроқ юришга интилади. Бежиз, Мир Алишер Навоий Ҳазратлари, “Ёмондин қуш бўлиб учиб қоч” демабдилар.
Бутун башарият аҳлини ўзининг бебаҳо асарлари билан одоб-ахлоққа, яхшиликка, эзгуликка чорлаган Имом-Ал Бухорий бобомиз ўзининг “Ал-адаб, ал-Муфрад” китобида одобни инсоннинг энг гўзал зийнати деб таърифлаб, одобсизлик уни жаҳолатга олиб боришини уқтиради. Буюк бобомизнинг хулосасига кўра, инсонда одоб бўлмагунича Ҳақнинг ҳам, халқнинг ҳам меҳрини қозона олмайди.
Муҳтарам судья, қиссадан ҳисса шулки, Сиз кундалик ҳаётингизда ҳам, судьялик фаолиятингизда ҳам одобни инсоннинг кўрки деб қараб, фақат яхшилик томонда бўлишига ўзингизда куч топа олинг.
Тенглик ҳукм сурган жойда сотқинлик,
Алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.
Абу Райҳон Беруний
Одил судловнинг мақсади инсонпарварликдир. Инсонпарварлик бу маданиятдир. Суд маданиятини юксалтириш, ҳар бир суд жараёнида суд этикаси қоидаларига тўла риоя қилинишини таъминлаш билан пировардида адолатли суд қарорларининг қабул қилинишига эришилади.
Судья суд жараёнида юзага келадиган ҳар қандай масалани қонунга асосланган ҳолда,ҳеч қандай ҳиссиётларга берилмасдан, беғараз ва холисона ҳал эта билиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Суд қарорлари қабул қилинишида у нафақат инкор этиб бўлмайдиган далилларга, шунингдек, касбий билим ва тажрибага этика ва маданият тамойилларига ҳам лозим даражада асосланса мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, судьялик вазифасини виждонан,қасамёдга содиқ туриб,касбий маҳоратни тўла намоён этиб ва суд маданиятига қатъий риоя этган ҳолда бажариш унинг учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Судья нафақат суд жараёнида, балки ҳамма вақт ва ҳамма жойда юксак маънавиятли шахс эканлигини намоён қилиши шарт. Бинобарин, нодир инсоний фазилатларга эга бўлмай туриб, ҳар қандай суд ишини одилона ҳал қилиш амримаҳол. Шуни инобатга олган ҳолда,аввало одил судловдаги маданиятнинг моҳиятига эътибор қаратиш лозим бўлади.
Фалсафий, яъни умумий маданиятнинг асл қисми бўлган “ҳуқуқий маданият” кенг ва сиғимли тушунча саналиб, у ўзида ҳам моддий, ҳам маънавий маданиятга тааллуқли жиҳатларни, жумладан ижтимоий муносабатлар субъектларининг ҳуқуқий саводхонлигини, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқий андозаларга монанд хулқ-атворга эга бўлиш ҳамда ҳаракатланиш мажбурияти, қонунларга итоаткорона муносабатда бўлиш, ўз ҳуқуқларини бошқаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаган ҳолда амалга оширишдаги интизомини, шунингдек, ахлоқ қоидалари, илм-фан, санъат одоби кабиларни ҳам мужассамлаштиради. Ана шу маданиятнинг яхлит бир бўлаги ҳисобланувчи суд маданияти, аввало, услубий таснифга эга. Яъни у бирламчи маънода одил судловни амалга ошириш маданиятини ифодалайди. Мухтасар айтадиган бўлсак, суд маданияти деганда, суд ишларини чинакамига одилона, адолатли амалга ошириш фаолиятининг маънавий асослари тушунилади. Бундан суд жараёни иштирокчиларидан ҳар бири ўз қонуний ваколатларини амалга ошириш давомида нафақат процессуал интизомга, қолаверса, одоб-ахлоқ қоидаларига, суд этикасига ҳам қатъий риоя этиш мажбуриятига эгалиги англашилади.
Албатта суд маданиятида судьялик маданияти марказий ўрин эгаллаши шаксиз эътироф этилади. Аммо судьялик маданиятини фақат касбий маданият деб ҳисоблаш ўринсиз бўлади. Бинобарин, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у аввало, жамиятдаги энг обрўли инсон, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида гавдалангандагина жамоатчиликда унга ва у орқали одил-судловга ишонч шаклланади. Шундан келиб чиқиб, судьялик маданиятини судьянинг касбий маҳорати билан ахлоқий сифатларининг ўзаро уйғунлашуви деб баҳолаш мумкин.
Судьялик касб, лавозимгина бўлмай, у энг аввало, инсонийликдир. Дарҳақиқат, судья инсонларнинг инсони бўлмоғи керак. Шунга кўра, судьянинг одоб-ахлоқи – этикаси устуворликларини қолипга солишнинг, қатъий кетма-кетликда муфассал ифодалаб беришнинг сира иложи йўқ. Қуйида баён этиладиганлар уларнинг бир қисми, яъни уммондан бир томчи холос. Уларни Республикамиз судьялари этикасининг сара жиҳатлари баробарида қабул қилиш даъватидан йироқ бўлсак-да, истардикки, судьяларимиз шундайин ажойиб фазилатлар соҳиби бўлишса, одил судлов самарадорлиги янада ошган бўлар эди.
Одил судлов маданияти ва одоби ҳақида гап кетганда мамлакатимиз суд тизими тараққиётига катта ҳисса қўшган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Менгбоевнинг судьяларга қарата айтган истакларини алоҳида келтириб ўтиш мақсадига мувофиқ. Қуйида устоз ўгитларидан намуналарни ўқиймиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини муқаддас билинг ва уларга доимо, ҳар бир ишда қатъий риоя қилинг;
-ўзингизда ватанпарварлик туйғусини тарбияланг;
-Ватанга ва халққа бўлган садоқатингиз ҳар бир ҳаракатингизда намоён бўлсин;
-Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Халқ ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди”, деган пурмаъно сўзларини асло унутманг;
-фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилишни тўлиқ таъминлашни энг асосий бурчингиз деб билинг ҳамда бу ишда фидойилик кўрсатинг;
-хизматда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам қонунни тўғри, тўла адолатли қўллашга эришинг, ўзгаларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилинг, шунингдек, зарурат туғилганда ўзингиз ҳам қонун ҳимоясида бўлинг;
-фуқаролар, давлат ва жамият олдидаги масъулиятингизни чин юракдан ҳис этинг;
-Судьялик қасамёдига ва Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси қоидаларига содиқ қолинг, уларни бузишдан қўрқинг, бузганлардан ҳазар қилинг;
-ҳар қандай қонун бузилишига нисбатан муросасиз, қонун номидан яшиндай шиддатли, шамширдай кескир муносабатда бўлинг, ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда адолат асосий мезонингиз бўлсин;
-ҳалол ва адолатли бўлинг, ўз ваколатларингиз ва вазифаларингизни қонун доирасида виждонан, холисона беғараз бажаринг. Адолат фақат беғараз қарор топтирилгандагина адолат саналишини ўз шиорингиз деб билинг;
-суд ишларида бирор-бир тарзда ошна-оғайнигарчилик, жўрабозлик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, миллатчилик каби иллатларнинг бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини унутманг;
-ҳалол ва пок юриш мажбуриятларини уддалаган бўлсангиз, отангизга минг раҳмат, агарда билиб-билмасдан қандайдир арзимас камчилик ўтган бўлса, энди албатта покланинг;
-лоқайдлик энг катта хатодир. Лоқайдлик қалбнинг мажруҳлигидир ва суд ишида бу асло мумкин эмаслигини унутманг;
-тоза фикрли, гўзал хулқли бўлиши шарт. Яхши хулқ инсонга зийнат берадиган либос бўлса, ҳаё унинг безагидир. “Ҳаё иймондандир… Беҳаёлик жафодандир”, дейилган Ҳадиси шарифда;
-барча билан мулоқотда самимий бўлинг, самимият сўзни кам талаб қилади, сохта самимият эса битмас-туганмас эзмаликлардан иборатдир;
-ота-онангиз, қариндош-уруғларингизни ва умуман, ким томонидан бўлса-да, қилинган илтимос ва талабни, агар унинг қонунсиз ва адолатсиз эканлиги аён ва шундай деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, бажармасдан маломатга қолишдан асло чўчиманг. Уларга тўғри ва ҳақ гапни айтинг;
-ҳар қандай қийин ва машаққатли ҳолатда ҳам ҳақ йўлни тутиш ва ҳақиқатни қарор топтириш шартлиги тамойилидан оғишманг. Ундан четга чиқишни судьялик қасамёдига ҳамда касбига нисбатан хиёнат ва ваколатни бажармасликда ифодаланувчи жиноят деб билинг;
-судьяликдан юксак лавозим йўқ. Бу ном мўътабар тутилиши, улуғланиши ва эҳтиёт қилиниши керак. Судьяликка шак келтирманг. Унинг жазоси оғир бўлади;
-кибр-у ҳавога, манманликка, шахсиятпарастликка берилиш, ўзини ўзгалардан устун қўйиш судья ва суд ходимларига ёт хислатлар бўлиши шарт;
-хушомад вақтинча тиз чўкиб турган тажовуздир. Хушомадгўйдан қочинг, унинг хушомадида ғараз мақсад ниқобланганлигини унутманг;
-ўзингиз билан бирга ишлайдиган судьялар ва суд ходимларига нисбатан ҳам талабчан бўлинг, чунки улар хусусида айтилган гаплар, билдирилган мулоҳазалар сизга ҳам тааллуқли, салбий фикр-мулоҳазалар эса суд обрўсига путур етказади;
– суд ишидан кимнингдир ишончини оқлаш эмас, балки ваколатни таъминлаш учун ишламоқ кераклигини бурчингиз деб билинг;
-илмли, маърифатли бўлинг, маънавий қашшоқликдан ортиқроқ жаҳолат йўқ. Чунки инсоннинг зийнати унинг илмидадир. Ўқиш, ўрганиш ва ўз устингизда ишлаб, билим ва тажрибангизни орттириб боришдан зинҳор толиқманг. Кайковус таъкидлаганидек: “Қозига яхши ҳунар илм ва мулойимликдир…”,
-касб маданиятига нафақат хизматда, балки ҳамма муносабатларда қатъий риоя этинг, ишда ҳам, кўча-куйда ҳам, оилада ҳам судьялик салоҳиятини бир хилда сақланг;
-айниқса,суд мажлисларини ўтказишда юксак маданиятли, хушфеъл, зукко ва иқтидорли эканлигингизни намоён этинг. Зеро, суд мажлиси касбий маҳоратдан ташқари, инсоний фазилатлар ҳам акс этувчи кўзгудир. Бу кўзгуга ҳамиша халқнинг зийрак нигоҳи қадалган;
-маиший жиҳатдан пок, камтарин бўлинг, турар-жой, юриш-туриш маданиятини сақланг, ўзгалар эътиборини тортадиган ясан-тусандан йироқ юринг;
-“Ўзингга раво кўрганни ўзгага раво бил ва аксинча-раво кўрмаганингни раво билма…” ҳикматидан келиб чиқиб, бирор бир суд иши юзасидан ажрим қилишдан, яъни ҳукм, ҳал қилув қарори, қарор чиқариш, даъвогар ва жавобгар, умуман, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётган вақтда ҳар бирининг ўрнида ўзингизни қўйиб, фараз қилиб кўринг. Умуминсоний қадриятларни эъзозланг, инсон ҳаёти ва тақдирига ўта масъулиятли бўлинг;
-муайян шахснинг ҳуқуқлари ўзга шахснинг ҳуқуқлари бошланган чегарада тугаши тамойилига доимо амал қилган ҳолда, касбдошларингизнинг ишига аралашманг ва қизиқиб ҳам кўрманг.
Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси О.Эронқулов






Тадбиркорлик субъектига оид иш унинг фойдасига ҳал бўлди
2021 йил 15 июл куни Термиз туманлараро маъмурий судида аризачи “Шоҳбекат Термиз ” МЧЖнинг мансабдор шахс Термиз шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Б.Ғаффаровнинг 01.06.2021 йилдаги ижро хатини расмийлаштириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги аризасига асосан қўзғатилган маъмурий ишни кўриб чиқилиб, аризачининг шикоят аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш бўйича қатор ислоҳотлар ўтказилди. Тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳам шу ислоҳотларнинг ажралмас қисмидир.
Тадбиркорлар бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун жойлардаги судларга мурожаат этганда суд ишни қонуний кўриб чиқиб, адолатли қарор қабул қилиши тадбиркорларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамламлайди.
Бундан ташқари, судлар томонидан адолатли қарор қабул қилиниши тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданияти ошишида ҳам катта рол ўйнайди. Чунки тадбиркор суд жараёнида нафақат қонун ҳужжатлари билан танишади, балки қонунга риоя қилиш нақадар муҳимлигини ҳам ҳис қилади.
Шунинг учун ҳар бир ишни адолатли ҳал этиш судьяларнинг зиммасидаги энг муҳим вазифадир.
Термиз туманлараро
маъмурий суди судьяси Қ. Туранов