КИМЛАРГА “КОНТРАКТ ПУЛИ” ТЎЛАБ БЕРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 июндаги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сонли қарорига мувофиқ мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган, “Темир дафтар”га киритилган оила фарзандлари, шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тўлов-контракт суммасининг 50 фоизгача, аммо базавий ҳисоблаш миқдори (базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари 375 минг сўм)нинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилади.

Яъни, “Ёшлар дафтари”га киритилган қуйидаги тоифадаги ёшларга тўлов-контракт суммасининг бир қисми қоплаб берилади.

 # “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оиланинг профессионал ёки ОТМда таълим олаётган фарзанди;

#  “Меҳрибонлик” уйи ёки Болалар шаҳарчасида тарбияланган ўқувчи-талаба;

#  Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, васийликка олинган кам таъминланган ўқувчи-талаба;

#  Оила боқувчиларининг камида биттаси биринчи гуруҳ ёки ҳар иккаласи иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оиланинг профессионал ёки ОТМда таълим олаётган фарзанди;

#  Ногиронлиги ёки саломатлигида нуқсони бўлган ўқувчи-талаба;

# Оиласи кам таъминланган талаба.

“Ёшлар дафтари”га доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган (ўттиз бир ёшга тўлмаган) қуйидаги тоифадаги:

– оила аъзоси «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган;

-ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган;

– боқувчисини йўқотган, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган;

– ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган;

– ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз;

– I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;

–  фарзандида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;

– жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган;

– ота-онасидан бирида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёхуд ота-онасининг ҳар иккисида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган;

– юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган;

– зўравонлик ва эксплуатация, табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган;

-«Меҳрибонлик» уйи, Болалар шаҳарчаси ёки оилавий болалар уйида тарбияланган;

– ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган;

–  даволанишга муҳтож бўлган бемор ёшлар;

–  жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган;

–   муайян яшаш жойига эга бўлмаган;

– психологик маслаҳатга муҳтож;

– никоҳи қайд этилганига уч йилдан ошмаган ёш оила;

– деҳқончилик ёки томорқа хўжалигини юритаётган;

– ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёшлар киритилади.

 Судья катта ёрдамчиси 

  Ж.Хуррамов

Миранда қоидаси нима?

Барчамизга маълумки, хорижий филмлар орқали бизга жуда кўп маротаба гумондор шахснинг қамоқа олиниши, ушбу жараёнда гумонланувчи ўзини ҳимоя қилиш мақсадида гапирмаслик ҳуқуқига эгалигини тасвирловчи кадрлар сингдирилган. Кўплаб томошабинлар шунчаки жараён сифатида қарайдиган бу ҳолат аслида бутун жаҳон қонунчилигида “Миранда қоидаси” сифатида ўрин эгаллаган десак, муболаға бўлмайди. Хўш, савол туғилади: “Миранда қоидаси” нима ўзи? У қачон ва қайерда пайдо бўлган? 

“Миранда қоидаси” – АҚШ суд амалиётида шаклланган ҳуқуқий тамойил бўлиб, жиноят ишларида гумон қилинувчи ёки айбланувчилар учун муҳим ҳуқуқий кафолатларни белгилайди. Ушбу қоида 1966-йилда АҚШ Олий суди томонидан Эрнест Артуро Миранда Аризона иши асосида қабул қилинган бўлиб, шахс ушланганидан сўнг у ўз ҳуқуқларини билиши зарурлигини таъкидлайди. Асосий мазмуни шундаки, гумон қилинувчи ёки айбланувчига сукут сақлаш, ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ва адвокат ёрдами олиш каби ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантирилади. Ушбу “қоида”ни ҳеч иккиланмасдан, “умуминсоний қоида” дейиш мумкин.

Шу ўринда мамлакатимиз қонунчилигига эътибор қаратсак, “Миранда қоидаси” давлатнинг асосий Қонуни – Конституцияда ҳам белгилаб берилган. Ҳолбуки, Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланган. Унга кўра, ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, ёзишмалар, телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Ушбу норма жиноят иши жараёнида шахснинг ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқини ҳимоя қилади. Хусусан, Конституциямизнинг 27-моддасида шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги айнан белгиланган.“Миранда қоидаси” ҳам айнан шахснинг дахлсизлиги принципига таянади. Бундан ташқари, суд жараёнида судланувчи ўзига қарши гувоҳлик берса-ю, ундан бошқа гувоҳ бўлмаса, ушбу гувоҳлик далил сифатида қабул қилинмайди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Миранда қоидаси шахсни ноҳақ айбловлардан ҳимоя қилишнинг умумий тамойилларига амал қилади.

Шунингдек, Конституциямизда айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши назарда тутилган бўлиб,ҳар бир шахс мажбуран гувоҳлик бермаслиги ва суд қарорисиз ҳеч бир шахс 48 соатдан ортиқ қамоқда ушлаб турилмаслигини ҳамда шахснинг гапирмаслик ҳуқуқига эга эканлигини англатади. Қўшимча қилиб айтганда, “Миранда қоидаси”га асосан шахсга адвокат ёрдамисиз кўрсатма бериш мажбурий эмаслиги тушунтирилади. Зотан, шахснинг адвокат ёрдамисиз ёки ўз ҳуқуқларини билмасдан кўрсатма бериши орқали унинг ҳуқуқлари бузилиши ҳамда суднинг адолатни таъминлашига соя солиши “умуминсоний” принципларга зиддир.

Хулоса қилиб айтганда, “Миранда қоидаси” ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар иккаласи ҳам шахсни ҳар қандай қонунга зид бўлган босимлардан ҳимоя қилиш, суд жараёнларининг адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Конституциянинг амалда тўлиқ бажарилиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини оширади ва ҳақиқий ҳуқуқий давлат қурилишига замин яратади. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишлари зарур.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судяси

О.Еронқулов

СУДЛАРДА РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА.

Жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1003-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, бундан ташқари “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилди.

Мазкур қонунга кўра, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.

Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.

Суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмни кўздан кечиради.

Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилади.

Бундан ташқари, рақамли далиллар бу иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлардир.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далиллар мустасно. Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далил мустасно.

Суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио- ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади.

Ушбу Қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси

   Х.Хакимов

Конституция – фахримиз!

Давлат борки, унинг ҳуқуқий тизими мавжуд, ҳуқуқий тизим эса асосий Қонун-Конституцияга асосланади. Эътиборимизни “конституция” сўзининг келиб чиқишига қаратсак, “конституция” – лотинча constitutio сўзидан олинган бўлиб, “ўрнатиш”, “белгилаш” деган маъноларни англатиб, бу давлатнинг асосий бош қонунидир. Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантириш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, суд тизимини, адвокатура, прокуратура соҳаларидаги билимларни белгилаб беради. У барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.

Конституция демократик давлатчилик белгисидир. Давлатимиз мустақилликка эришганидан кейин илк бор 1992 йил 8 декабрда ўз Конституциясини қабул қилди. Конституция халқимизга ҳақиқий мустақилликни ҳис қилишга, демократик муҳитни яратишга, ҳар кимнинг ўзига бўлган ишончини оширишга ёрдам берди, дейиш мумкин.

Жаҳонда бўлаётган глобаллашув, ижтимоий муносабатларнинг жадаллашуви, “инсон қадри учун” ғоясининг илгари сурилиши янги Конституция қабул қилишни тақазо этганлиги пировардида мамлакатда
2023 йил 30 апрель куни референдум-умумий овоз бериш бўлиб ўтди. Янги Конституция эски Конституциядан мақсад ва ғояларидан, ҳуқуқ берувчи нормаларнинг ортганлигидан фарқланади дейиш мумкин. Янги Конституцияда нормалар сони 275 тадан 434 тага, яъни 65 %га ортган бўлиб, унда давлатнинг белгиларига оид, инсон қадри, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид, сайлов тизими, суд ҳокимиятига оид нормаларда кенгайиш бўлган бўлса, ёшларга оид, таълим тизими, ўқитувчилик фаолияти, аёллар ҳуқуқларига оид, шунингдек адвокатура институтига оид нормаларнинг янгидан киритилганлигини кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Конституция бизга ҳуқуқ беради, уни амалга ошириш ўзимизнинг қўлимизда.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Skip to content