Халқимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёйев раҳбарлигида изчиллик билан тадбиқ этилаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад ҳам мужассамдир.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак. Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Соҳага оид жадаллашган
саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда. Юртимизда шиддатли тус олган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераяпти. Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини оширмоқда.

Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади. Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгилангани эътиборга молик.

Хусусан, Бош қомусимизнинг 136-моддасида “Судялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”, деб белгилаб қўйилди.

Шу жиҳатдан, соҳада амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субйектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бераяпти.

Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган жиддий ўзгаришлар туфайли  мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам юксалмоқда. Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизни тубдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Бир сўз билан айтганда, халқаро стандартларга жавоб берадиган суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланиши маҳаллий ва хорижий инвесторларда қизиқиш ва ишончни уйғотади. Тадбиркорлик соҳаси вакиллари низолар юзага келганда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилади. Бу эса инвестиция жалб этиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Термиз туманлараро маъмурий суди

судя ёрдамчиси     

  С.К.Маматалийев

ФУҚАРОНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ.

Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган) судга ариза билан мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимининг 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоят Термиз шаҳар бўлимининг фуқароларга пенсия ва компенсация тўловларини тайинлаш комиссиясининг 2024 йил 29 августдаги 69-сонли қарорига кўра, фуқаро Ш.Болтаевнинг(исм фамилияси ўзгартирилган) пенсия (пенсия иши рақами 14533332) иши қайта ўрганилганда 2019 йил февраль ойи иш ҳаққи хато киритилганлиги натижасида, фуқарога 2 437 400.90 сўм миқдорида бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг маблағи ортиқча тўланганлиги аниқланганлигини, шу сабабли Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги Қонунининг 65-моддасига асосан, фуқарога тўланиши лозим бўлган ёшга доир пенсия тўловидан, ҳар ойда 50 фоиздан чегириб қолиш ва ушбу ортиқча тўлов суммаси тўлиқ ундирилгунига қадар чегириб қолиш кўрсатилган.

  Аризачи Ш.Болтаевнинг (исм фамилияси ўзгартирилган)турмуш ўртоғи Бобоқулова Меҳринисо (исм фамилияси ўзгартирилган) 2022 йил 1 август куни вафот этганлиги сабабли, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлими томонидан икки нафар фарзандлари учун нафақа тайинланган.

  Аризачи 2024 йил сентябрь ойида олиши керак бўлган пенсия миқдори пластик картасига кам тушганлиги сабабли Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимига мурожаат қилганда мурожаат ўрганилиб, мурожаатчига ортиқча пенсия тўланганлиги ва шу сабабли ушбу сумма қайтарилгунга қадар олинадиган пенсия пулидан 50 фоиз ушлаб қолиниши маълум қилинган. 

         Мазкур қарордан норози бўлган аризачи Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган), Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимининг 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан ариза билан судга мурожаат қилган.

  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги Қонуни 65-моддаси биринчи қисмининг б) бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан-пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин; Ушбу Қонуннинг иккинчи қисмига кўра, текшириш (ўрганиш) ўтказиш бошланган санадан аввалги уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган ва (ёки) қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга биноан қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилишига (ўрганилишига) ҳамда улар бўйича тўланган ортиқча суммаларнинг ушлаб қолинишига (ундирилишига) йўл қўйилмайди деб қайд этилган.

Бироқ, жавобгар томонидан низоли қарорга асосан фуқаронинг уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган пенсияси юзасидан ортиқча пуллар фуқарога тўланганлигини аниқланган ва ундириш белгиланган.

         Ушбу ҳолатда, қонунчилик талабига кўра, жавобгар томонидан фуқарога ортиқча тўланган пенсия пулларини қайтариш фақатгина уч йилдан ошмаган давр учун амалга оширилиши мумкин.

         Ушбу асосларга кўра, суд жавобгарнинг аризачи Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан у томонидан ҳар ойда олинадиган пенсия пулидан 50 фоиз ушлаб қолиниши ҳақида қабул қилган 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарорини қонуний ва асосли деб топмаган.

Шу сабабли, суднинг 08.10.2024 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан  жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимининг 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, суднинг қарорини билан аризачи Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган)нинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Термиз туманлараро

маъмурий судининг судья ёрдамчиси    

                                           Ш.Х.Бобомуродов

Судлар томонидан Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш

2023 йилнинг 1 май кунидан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири кўплаб соҳаларда зарур бўлган нормалар билан боййитилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

         Бу каби нормалардан бири бўлган Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўлланилиши суд-ҳуқуқ соҳасида энг аҳамиятлисидир.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

         Ўз навбатида эса, одил судловни амалга оширувчи суд ўзига тегишли ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

         Маълумки, у ёки бу соҳада қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари Бош қомусимиз белгилаган нормалар асосида, бошқача қилиб айтганда, шу ҳужжатнинг ўзаги сифатида қабул қилинади. Бу билан, Конституцияда белгилаган нормалар маълум маънода қолган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазмун-моҳиятини ташкил қилиб, аниқлаштиради.

         Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

         Эндиликда, мазкур нормага асосан Конституция у қонуний кучга кичга кирган вақтдан бошлаб юзага келган тегишлии муносабатларга нисбатан бевосита қўлланилишини тушуниш мумкин.

         Шунингдек, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши билан боғлиқ муҳим қоида бу 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуннинг 4-моддасида белгиланган Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилишидир.

         Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилиши муносабати билан уни тўғри ва тўлиқ тушуниб, ўзлаштириб олиш лозим,бунинг натижасида Конституция нормаларини қўлламаслик, уни нотўғри ёки зид қўллаш каби қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинади.

         Судга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига доир масалалар юзасидан узил-кесил қарор қабул қилиш вазифаси юклатилган судларнинг одил судлов фаолиятида Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўллаши маълум маънода алоҳида масъулият ва мажбурият юклайди.

         Шу муносабат билан Олий суд Пленуми томонидан “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2023 йил 23 июнь куни 16-сон қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 4-банди 3-хатбошисига кўра, судлар инобатга олиши керакки, суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозимлиги ҳақида аниқ тушунтириш берилган.

Конституциянинг 29-моддаси 4-қисми нормалари судлар томонидан далилларга баҳо беришда муҳим аҳамиятга эга.

Унга кўра, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 9-банди 2-хатбошисида мазкур нормага тушунтириш берилиб, Конституцияда мустаҳкамланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳамда қонунларда белгиланган тартибларни бузган ҳолда ёхуд қонунларда назарда тутилмаган ҳаракатлар натижасида тўпланган далиллар қонунни бузган ҳолда олинган далиллар деб эътироф этилиши лозимлиги таъкидланган.

Судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини муайян ишда қўллашда Конституциянинг 16-моддаси талабларини инобатга олишлари лозим.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Конституция асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилиниши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Давлат органлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақида нормаларидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, умуман олганда қонунчилигига янги қўшилган муҳим институтлардан бири – мутаносиблик принципи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада ҳимоя қилинишига хизмат қилади. Судлар, давлат органларининг таъсир чоралари билан боғлиқ ишларда қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланганлиги ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлганлигини текшириш лозим

Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси

Каримов Санжар Зоирович

СУД ТИЗИМИДА: ТЕРГОВ СУДЬЯСИ жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 10 июнда “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Барчага маълумки, суд ҳокимиятининг асосий вазифаси- фуқароларнинг қонунчиликда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, тадбикорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таҳминлашга қаратилган.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш орқали аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини ошириш давлатимизнинг асосий мақсадларидан биридир.

Суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали таъминлаш чораларини кучайтириш заруратини келтириб чиқарди.

Қабул қилинган Президент Фармонига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатлари берилади.

Шунингдек, тергов судьяси: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби санкцияларни бериши мумкин.

Тергов судьяси айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш каби мажбурлов чораларини қўллаши мумкин бўлади.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгиланади.

Президентнинг ушбу фармони суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья

катта ёрдамчиси     
        С.Халматов  

КОНСТИТУЦИЯ    КЕЛАЖАГИМИЗ   ПОЙДЕВОРИ!

Мамлакатимиздаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, ислоҳатлар, бунёдкорликлар ҳамда халқимиз фаровонлиги, тинчлигининг бош ҳуқуқий асоси-Конституция ҳисобланади.

Конституцияда давлат тузилиши, давлат ва жамият қурилишининг ўзига хос жиҳатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, мажбуриятлари ҳамда энг муҳим муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан аниқ қилиб мустаҳкамлаб қўйилади. Айнан Конституцияда давлатнинг, жамиятнинг ва бу орқали ҳар бир шахснинг манфаатларига дахлдор масалалар, жумладан қонун ва қонуности ҳужжатлари доирасида тизимли ва мақсадли ҳал қилиб борилади. Конституция уни қабул қилган давлат фуқароларининг бевосита иродасини ифодалаб, ўзида мазкур жамиятнинг тафаккурини халқнинг рухини ўзида акс эттиради.

 Мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади.

Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилиб, 6 бўлим, 27 боб ҳамда 155 моддадан иборат янги Конституция қабул қилинди.

Янги Конституция қабул қилингунига қадар мамлакатимиз Бош қомусига 16 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Янги Конституциямизни чинаккам манода ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ деб аташ ўринлидир. Чунки, Қомусимиз қабул қилинишни арафасида муҳокамаларда олимлар, ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, хориждаги ватандошларимиз, умуман Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, 220 мингдан зиёд ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Авваламбор янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортганлигини кўришимиз мумкин.

Янги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортган, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга ошган.

Чунки, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда “инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган мезон асос қилиб олинган ва ҚОМУСИМИЗ халқ ижодкорлигида яратилган.

Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим!

            Термиз туманлараро маъмурий

суди девонхона мудири   
    А.Мелиқулов

Прокуратура органлари судларда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этмоқда.

Шу сабабли давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини, шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги 968-сонли қонуни билан айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланди, шунингдек мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилди.

Ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси  

                      Х.Хакимов

Skip to content