Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари

Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришлар кутмоқда. Лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради

Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, 19 нафар сенаторларимиз Конституциявий комиссия таркибида Конституциявий қонун лойиҳаси устидаги ишларда бевосита қатнашдилар.

Хабарингиз бор, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди.

Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек, республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди.

Лойиҳа 10 га яқин хорижий ва халқаро экспертизалардан, шу жумладан, лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини эътироф этдилар.

Жорий йил 10 – мартида Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қарорда унинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Конституциявий судига юбориш ҳам белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни Конституцияга мувофиқ деб топди.

Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва энг асосий, муҳим жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтсам.

Лойиҳада мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.

Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Эргашев Баҳодир Абдурасулович

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси

Маъмурий судларга мурожаат қилишда эътиборга олиниши лозим бўлган жиҳатлар.

Бугунги кунда одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтариш мақсадида соҳавий судлар ташкил қилинган бўлиб, ушбу судлар ўз фаолиятлари давомида қонун ҳужжатлари билан ўз фаолиятига доир ишларни кўришни амалга ошириб келмоқда.

Маъмурий судлар ҳам Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларни юритиш тўғрисидаги кодекс талабларига мувофик, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бироқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустаснодир. Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида маъмурий судлар томонидан кўриладиган ишлар доирасига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги; инвестиция низолари бўйича; рақобат тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Мазкур қонун талабларидан келиб чиқиб, маъмурий судларга арзачилар томонидан аризалар киритилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб келинмоқда.
Шу билан бир қаторда, аризачилар тарафидан маъмурий судларга мурожаат қилишнинг айрим талабларига риоя қилмаслик оқибатида судлар томонидан мазкур аризаларни асосли равишда қайтарилишига асос бўлиб келмоқда.
Ҳусусан аризачилар томонидан нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги тоифасига кирувчи ишлар бўйича аризачилар мазкур идораларга маъмурий судлар томонидан бевосита мажбурият юклаш тўғрисидаги ариза талаби билан мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, маъмурий судларнинг ушбу идораларга бевосита мажбурият юклаш ваколати мавжуд эмас.
Масалан фуқаро Ж.Валиев Термиз туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, жавобгар Кадастрлар палатаси Бойсун туман филиали зиммасига ўзининг номига тумандаги “Наврўз” маҳалласи ҳудудидан “Ким ошди” савдоси қўйилган 3-ер участкасини жойида ўлчаб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Термиз туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 8 ноябрь кунидаги ажрими билан мажбурият юклаш Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига кўра ариза предмети бўлмай, у маъмурий органнинг қарори ҳақиқий эмас ёки ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилганда, суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқни тиклаш усули бўлиб ҳисобланишини асос қилиб ариза қабул қилишдан рад этилган.
Шундан сўнг Ж.Валиев Термиз туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, аризасида мансабдор шахс давлат Кадастрлар палатаси Бойсун туман филиали ҳамда Бойсун туман қурилиш бўлимининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, филиал ва қурилиш бўлими зиммасига туман марказининг бош режасига асосан тумандаги “Наврўз” маҳалласи ҳудудидан “Ким ошди” савдоси орқали сотиб олган ер участкасини фуқаро П.Қаюмовнинг номига жойида ўлчаб бериш мажбуриятини юклашни сўраган ва мазкур иш суд томонидан мазмунан кўриб чиқлган.

Исмлар ва жой номлари ўзгартирилган.

Сурхондарё вилоят маъмурий

суди судъя катта ёрдамчиси:                                                                   А.Шапиев

Sud tizimiga axborot-kommunikatsiya texnologiyalari keng joriy etiladi

Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini barcha sohalarga keng joriy etish, barcha tarmoqlarni raqamlashtirish bugun davr talabi boʻlib turibdi.

Fuqaro va tadbirkorlarga davlat xizmatlaridan foydalanishda yengillik yaratish, jahon standartlariga moslashtirish yoʻlida mamlakatimizda bir qator ishlar amalga oshirilmoqda.

Oʻtgan davr mobaynida sudlar faoliyatida zamonaviy texnologiyalarni keng joriy etish boʻyicha amalga oshirilgan tadbirlar natijasida, odil sudlovga erishish, sudlar faoliyatida ochiqlik va shaffoflik darajasi oshdi.

Lekin, sudning axborot tizimi koʻpgina vazirlik va idoralar bilan oʻzaro integratsiya qilinmaganligi sababli maʼlumot almashinuvi asosan qogʻoz shaklda amalga oshirilishi natijasida, tegishli maʼlumotlar olingunga qadar maʼlum bir vaqt yoʻqotilishiga olib kelayotgan, ishlarni qonunda belgilangan muddatlarda koʻrib chiqilishiga salbiy taʼsir koʻrsatayotgan, ish boʻyicha taraflarning haqli eʼtirozlariga sabab boʻlayotgan edi. Bundan tashqari, xozirgi kunda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari barcha soxalarga izchillik bilan kirib borayotgan davrda sudlar tomonidan fuqarolar va tadbirkorlarga koʻrsatiladigan interaktiv xizmatlar turini kengaytirish boʻyicha ishlarni jadallashtirishni taqazo etayotgan edi.

Shu maqsadda, “Sud hokimiyati organlari faoliyatini raqamlashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Prezident Qarori qabul qilinib, unga koʻra barcha sudlarda ish boʻyicha taraflarning iltimosnomasi va raislik qiluvchining roziligi bilan sud majlislarini audioyozuvdan foydalangan holda qayd etib borish hamda sud majlislari bayonnomalarini ushbu tizimdan foydalangan holda shakllantirish tartibi joriy etilmoqda.

Bundan tashqari, sudyalar oʻrtasida ishlarni taqsimlashga sud muhokamasi natijasidan manfaatdor boʻlgan shaxslarning taʼsir koʻrsatishi istisno etiladigan tartibda, apellyatsiya va kassatsiya instansiyasi sudlarida ishlarni sudyalar oʻrtasida avtomatlashtirilgan axborot tizimidan foydalangan holda taqsimlash tartibi kiritiladi.

Fuqarolar va tadbirkorlik subyektlariga odil sudlovga erishishda qulaylik yaratish maqsadida 10 ga yaqin interaktiv xizmatlar koʻrsatishni yoʻlga qoʻyish nazarda tutilmoqda. Jumladan, billing elektron toʻlov tizimi, davlat boji kalkulyatori, sud qarorlari banki, sudlarda koʻrilayotgan ishlarning onlayn jadvali, elektron raqamli imzodan foydalangan holda daʼvo, ariza, shikoyat va iltimosnomalarni avtomatik ravishda shakllantirish kabi interaktiv xizmatlarni joylashtirish koʻzda tutilmoqda.

Sudlarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari infratuzilmasi yana-da yaxshilanadi, 28 ta davlat organlari va tashkilotlari, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Virtual qabulxonasi, Bosh vazirining Tadbirkorlar murojaatlarini koʻrib chiqish qabulxonalari axborot tizimlarini Oliy sudning axborot tizimiga bosqichma-bosqich ulanadi. Bu orqali davlat organlari va tashkilotlariga maʼlumotlarni elektron shaklda yuborish, ulardan qabul qilish, muayyan ishni koʻrish jarayonida zarur boʻlgan maʼlumotlar va hujjatlarni fuqarolarni ovvora qilmagan holda sudlar tomonidan bevosita davlat organlari va tashkilotlaridan elektron shaklda bepul olish imkoniyati yaratiladi.

Mavjud axborot tizimlari negizida zamonaviy texnologiyalarni hisobga olgan holda yangi dasturiy platforma asosida yagona “Adolat” axborot tizimlari kompleksini yaratish koʻzda tutilgan boʻlib, unda sud hujjatlarini sudlar faoliyatiga joriy etilgan axborot tizimidan foydalanib avtomatlashtirilgan ravishda shakllantirish, fuqarolar va tadbirkorlik subyektlari tomonidan axborot tizimi orqali jinoyat ishlari boʻyicha sudlar va maʼmuriy sudlarga elektron murojaat qilish tizimi, fuqarolar va tadbirkorlik subyektlari uchun axborot tizimlarining mobil versiyalari yaratiladi, sudya va sud xodimlarini yangiliklardan va sudlar faoliyatiga oid maʼlumotlardan xabardor qilish moduli joriy etiladi, sud qarorlarini ish boʻyicha taraflarga onlayn tarzda taqdim etish imkonini beruvchi dasturiy modul ishlab chiqiladi.

Fuqarolarning sarsongarchiligini oldini olish, ularning vaqtini tejash, xavfsizligini taʼminlash maqsadida zamonaviy vositalar (gadjetlar)dan foydalangan holda sud majlislarida ishtirok etish imkonini beruvchi mobil videokonferensaloqa joriy etiladi.

Jazoni ijro etish muassasalarida videokonferensaloqa tizimi oʻrnatilib, sudlanuvchilarni etap qilish, joylash, sud majlislariga olib kelish va olib ketish kabi harakatlarga sarflanayotgan byudjet mablagʻlari tejaladi.

Mazkur qarorga asosan sud hokimiyati organlari faoliyatini raqamlashtirish davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolar hamda tadbirkorlik subyektlari bilan elektron hamkorlikni taʼminlashga, sudlar va boshqa idoralar oʻrtasida maʼlumot almashinuvini yaxshilashga, fuqarolarning vaqtini tejashga, sudlar faoliyatida ochiqlik va shaffoflikni taʼminlashga xizmat qilishi shubhasiz.

Surxondaryo viloyat mamuriy sudi

Bosh konsultanti                                                                                           I.Shaymanov

Якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида.

Давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар банк ҳисобварағини очганидан кейин якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият турига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳақли.

Якка тартибдаги тадбиркор ва ёлланма ходим ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олинган ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган шахс билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келишига ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномаси асос бўлади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган ходим билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Бунда меҳнат шартномасининг муддати якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

Иш қидираётган шахс меҳнат шартномаси тузилгунига қадар меҳнат ва бандлик шартлари тўғрисида олдиндан хабардор қилинган бўлиши керак.

Ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги меҳнат шартномасининг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан бири якка тартибдаги тадбиркорда қолади, иккинчиси ёлланма ходимга берилади, учинчиси эса якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Меҳнат шартномасининг нусхасини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш электрон шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланма ходимларни ишга қабул қилиш буйруқ эълон қилмасдан амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи ходимларга меҳнат дафтарчалари юритилмайди.

Иш режими, дам олиш кунларини ва йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ходим билан якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.                                   Бунда иш ҳафтасининг давомийлиги Меҳнат кодексда белгиланганидан кўпроқ, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги эса қисқароқ бўлиши мумкин эмас.

Меҳнат кодекс 137-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда    якка тартибдаги тадбиркор ходимнинг тарафлар томонидан белгиланган меҳнат шартлари ўзгартирилиши тўғрисида ходимни камида ўн тўрт календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши шарт.

Ходим якка тартибдаги тадбиркор билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу тадбиркорни етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли.

Меҳнат кодексда назарда тутилган асослардан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор ходим билан тузилган меҳнат шартномасини унда назарда тутилган асосларга кўра бекор қилишга ҳақлидир.

Якка тартибдаги тадбиркорда ёлланиб ишлаш даврлари, башарти ижтимоий солиқ тўланса, ходимнинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ходимнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш ижтимоий солиқ тўлаш тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги ўзаро келишув асосида тартибга солинмаган якка тартибдаги меҳнат низолари суд тартибида ҳал этилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий                                     Н.Рахманова

суди архив мудири

Skip to content