Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 июль кунидаги ЎРҚ 1075-сонли қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Муҳим ўзгартиришлардан бири Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бўлиб, бунга;
“261-модда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органлари”;
биринчи қисмидагиЎзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига ушбу Кодекснинг 63-моддасида, 65-моддасининг тўртинчи қисмида (бундан қишлоқ хўжалиги ерларини ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтирганлик мустасно), 68-моддасида (табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларга, сув фонди ерларига оид қисмида), 70-моддасида (бундан ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги мустасно), 701-моддасининг биринчи қисмида, 71-моддасида (табиатни муҳофаза қилишга оид қисмида), 72-моддасида (бундан ер ости сувларига доир қисми мустасно), 73-моддасида» деган сўзлар
«Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органларига ушбу Кодекснинг 63-моддасида, 65-моддасининг тўртинчи қисмида (бундан қишлоқ хўжалиги ерларини ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтирганлик мустасно), 68-моддасида (табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларга, сув фонди ерларига оид қисмида), 70-моддасида (бундан ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги мустасно), 701-моддасининг биринчи қисмида, 71-моддасида (табиатни муҳофаза қилишга оид қисмида), 72-моддасида (бундан ер ости сувларига доир қисми мустасно)” деган сўзлар билан алмаштирилган;
иккинчи қисми эса қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланган:
«Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чорасини қўллашга ҳақлидир:
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг бош давлат инспекторлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларининг бош давлат инспекторлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари
Фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — юз эллик бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларининг катта давлат инспекторлари
Фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — юз бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларининг давлат инспекторлари, давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат биосфера резерватларининг қўриқлаш ходимлари
Фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етмиш бараваригача миқдорда жарима солишга;
21) 262-модданинг биринчи қисмидаги «2273» рақами чиқариб ташланиши;
22) 263-модданинг номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши; белгилаб ўтилган.

Термиз туманлараро маъмурий
суди судья ёрдамчиси  
 Ж.С.Ачилдиев

Янги таҳрирдаги Конституция – инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати.

“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади”.
Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.
Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси биринчи бандида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон – инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!
Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши «Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Термиз туманлараро
маъмурий суди раиси 
Б.Э.Умиров

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-33 сон қарори ижроси бўйича идоралараро ҳамкорлик йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун 2025 йил 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-33 сон қарори ижроси бўйича Судьялар олий кенгаши раҳбарияти, Олий суд судьялари, маъмурий судлар раислари ва судьялари, Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари, прокуратура, адвокатура, солиқ, божхона, кадастр, ҳокимиятлар, пенсия жамғармаси, бошқа давлат, давлат ва нодавлат органлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган  семинар йиғилишида Сурхондарё вилоят маъмурий суди биносидан суд раислари, судьялар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари  иштирок этишди. Ушбу семинар йиғилишида Президент қарори ижроси юзасидан маърузалар қилинди ҳамда семинар йиғилиши бахс ва мунозараларга бой бўлди. Йиғилиш сўнгида қонунчилик ва амалиётни ривожлантиришга қаратилган хулосалар олинди.

Процессуал  ҳуқуқий  ворислик  ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 43-моддасида процессуал ҳуқуқий ворислик ҳақида тушунча берилган бўлиб, унга кўра тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, фуқаронинг вафот этиши ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради.
Ҳуқуқий ворислик маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.
Тарафни ҳуқуқий ворис билан алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Тарафни ҳуқуқий ворис билан алмаштириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Тараф ҳуқуқий ворис билан алмаштирилганидан кейин маъмурий суд ишларини юритиш алмаштириш амалга оширилган босқичнинг ўзида давом эттирилади.
Ҳуқуқий ворис ишга киришгунига қадар суд процессида амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.

Судья катта ёрдамчиси:
С.Халматов                    

АУТСОРСИНГ НИМА? АУТСОРСИНГНИ ҚУЛАЙЛИГИ ВА КАМЧИЛИК ТОМОНЛАРИ

Аутсорсинг (инглиз тилидан outsourcing – “ташқи манба”, “ташқи манбалар ва ташқи ресурслардан фойдаланиш”) – бу шартномага мувофиқ бир ташкилотнинг муайян функцияларини (реклама фаолияти, маркетинг ишлари, логистика, бухгалтерия ҳисоби, ҳуқуқий хизмат, HR, кадрлар хизмати ва ходимларни танлаш ва ҳ.к.) ташқи ижрочиларга, яъни аутосорсинг хизматини кўрсатадиган, ўзининг малакали ва соҳавий мутахассисларига эга бўлган бошқа компанияга – ижрочи (аутсорсер)га ўтказилишидир.
Бунда аутсорсинг хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилади, шартномага мувофиқ буюртмачи ташкилот аутсорсерни ёллайди ва ўзининг маълум бир хажмдаги фаолиятини бажаришни унга ишониб топширади. Ва албатта, буюртмачи бажарилган ишлар учун ижрочига ҳақ тўлайди. Аутсорсинг хизматлари ташқаридан, яъни аутсорсернинг фаолият жойида туриб бажарилади. Биздаги Фуқаролик кодексинипудрат шартномасига (37-боби) ваҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига (38-боби) оид қоидалари айнан аутсорсинг шартномасига тўғри келади.
❗️Аутсорсингнинг олтин қоидаси шундай: “мен компаниямда ўзим бошқалардан кўра яхшироқ бажарадиган ишларни қолдириб, ташқи ижрочига у бошқалардан кўра яхшироқ бажарадиган ишларни бераман”.
Аутсорсингни ҳусусиятлари:
1. Ходимлар аутсорсинг компаниясида фаолият юритади ва бунда мижозга, яъни буюртмачи ташкилотга якуний натижа берилади: бухгалтерия ҳисоботи, маркетинг лойиҳаси, юристнинг хулосаси ёки ундирувлари ва бошқалар;
2. Ходимларни ижрочи-аутсорсинг компанияси ёллайди ва айнан у ходимлар билан меҳнат шартномаси тузади;
3. Буюртмачи аутсорсинг компаниясининг меҳнати натижаси учун ҳақ тўлайди ва ходимларнинг иш вақти режими ҳамда бошқа меҳнат муносабатлари уни қизиқтирмайди ва у ижрочи-аутсорсинг компанияси ходимларини бошқара олмайди ҳамда назорат қила олмайди.
Аутсорсингнинг буюртмачи учун қулайлиги ва камчилик томонлари.
Қулайлиги:
1. Молиявий ва инсон ресурсларини оптималлаштириш орқали компанияда янги йўналишларни ривожлантириш ва мавжуд бўлганларини қўллаб-қувватлашга эришиш мумкин;
2. Компания ўз инновацион имкониятларини яхшилаб олиш мумкин, бу орқали рақобатбардошлик ошади, дунё даражасидаги компаниялар билан ҳамкорлик кучайтирилади.
3. Компанияниг алоҳида, энг муҳим бўлган функцияларини ихтисослаштириш орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мумкин.
4. Бошқа йўналишдаги функцияларни ўз ишини устаси бўлган аутсорсерга ўтказиш орқали компаниянинг асосий фаолиятига доир тижорат рискини ва хавфини камайтиришга эришиш мумкин.
Камчиликлари:
1. Хизматнинг сифатсиз бажарилиши эҳтимоли сақланиб қолади. Бажариладиган иш натижасини реал баҳолаш учун муайян вақт керак бўлади. Ижрочи-аутсорсернинг хатоси компания учун катта зарарга ёки бошқа нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки компания аутсорсерни ўзи истаганича назорат қилолмайди.
2. Ахборот оқимининг четга чиқиб кетиш хавфи мавжуд. Хизмат ёки тижорат сирига оид маълумотларга бегоналар ҳам кириши мумкин бўлади.
3. Мотивация камайиши натижасида штатдаги ходимларни иш суръатида пасайиш кузатилиши эҳтимоли бор. Муайян фаолиятни аутсорсерга ўтказилиши натижасида компаниядаги ходимлар сонида қисқариш юз бериши ва маълум гуруҳ ходимлари оммавий бўшатилиши мумкин.

Сурхондарё вилоят маъмурий
судининг девонхона мудири

С.Алимардонов,

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар ҳамда низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсларнинг ўзаро ўхшаш ва фарқли жихатлари ҳақида.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар ҳамда низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 44 ва 45 моддаларида тушунтиришлар берилган.
Жумладан, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар ишга киришиши мумкин. Улар аризачининг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва унинг барча мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.
Шунингдек, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқлари ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, аризачи ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномаси билан ёки суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан арз қилинган талабнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, талабдан воз кечиш, арз қилинган талабни тан олиш ёхуд келишув битими тузиш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқи мустасно.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсни ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақида ёки уни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.

Судья катта ёрдамчиси:  
С.Халматов       

Янги Ўзбекистонда гендер тенглик сиёсати борасида олиб борилаётган ислоҳотлар.

Янги Ўзбекистонда аёлларга берилаётган имкониятлар ва қилинаётган ислоҳотлар инсон кўзини қувонтирмасдан қўймайди. Давлат ҳокимяти бошқарувида аёлларнинг ўрнини ошириш борасида сўнгги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ўз касбининг юқори даражадаги малакали аёл ходимлари чет элга малака ошириб келиши учун жудда катта имкониятлар яратиб келинмоқда. Бунга мисол тариқасида ўз касбининг етук мутахассислари бўлган бир қатор ўзбек аёллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Латвия Республикасида бўлишди.
Малака ошириш доирасида делегация иштирокчиларининг Латвия Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлигига ташрифи ташкил этилди. Ташриф доирасида Вазир ўринбосари, Ижтимоий таъминот вазирлиги, Ижтимоий сиёсатни режалаштириш ва ривожлантириш департаменти директори Диана Якайте хоним томонидан Латвия Республикасида гендер тенглиги сиёсати тизими тўғрисида маърузалар қилишди ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Латвия Республикасида гендер тенглик сиёсати қай тарзда олиб борилаётганлигини тўғрисида аниқ фактларга асосланган маълумотлар беришди.
Латвияда ваколатли органлар билан ҳамкорликда ижтимоий хизматларни тақдим этиш мавзуларида тақдимотлар ўтказилиб, мавзу юзасидан Латвия тажрибаси бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. 


Шунингдек, тадбир давомида Латвия университетининг Коммуникация тадқиқотлари кафедраси мудири ва доценти, оммавий ахборот воситалари, реклама ва истеъмол маданиятида гендер вакиллигини ўрганиш бўйича етакчи тадқиқотчи профессор Марита Зитмане хоним томонидан Европада гендер тенглиги масалалари: ЭИГЕ фаолияти ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли мавзусида тақдимот бўлиб ўтди.
Малака ошириш доирасида МАРТА ижтимоий марказига ташриф ташкил этилиб, зўравонликка қарши кураш ва аёллар етакчилиги мавзусида учрашув ўтказилди.
Ташриф давомида иштирокчилар МАРТА маркази фаолияти, гендер зўравонлик қурбонларига кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам турлари билан танишдилар.
Шу билан бирга очиқ осмон остидаги Латвия этнографик музейига ташриф уюштирилиб, делегация аъзоларига Латвия маданий мероси, турмуш тарзи ва тарихий иншоотлари ҳақида маълумотлар берилди.
Экскурсия давомида иштирокчилар Латвиянинг турли минтақаларидаги тарихий ҳаёт тарзи, айниқса қишлоқ жамоаларидаги аёлларнинг ролини ўрганишга эътибор қаратдилар.
Ушбу тадбирлар давомида Латвия Республикасидаги гендер тенглик сиёсати қандай қилиб миллий маданият ва мерос билан уйғунлаштирилаётганини намоён этди.
Ташриф якунида Ўзбекистон Републикасининг Латвия Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Темур Раҳмонов билан учрашув ташкил этилди. Шу билан бирга ММША раҳбарияти томонидан делегация аъзоларига халқаро сертификатлар топширилди.


Сурхондарё вилоят маъмурий
суди судяси
Н.С.Бобомуратова

Судьялар мустақилдирлар, уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартириш ва қўшимчалар судларнинг мустақиллигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ва тиклашга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.
Эндиликда, Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Кенгаш раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси судьялар орасидан сайланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан сайланади.
Кенгашнинг котиби ва етти нафар аъзоси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан сайланади.
Судлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, фақат ва фақат қонунга риоя қилган ҳолда иш юритишига хизмат қилади.Хусусан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Судьялар мустақилдирлар, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди.
Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланади.
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир.
Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
Мазкур ўзгартиришлар билан келгусида судьяларнинг фаолиятига ҳар қандай аралишиш бўлганида, жиддий жавобгарлик белгилаши қонун билан мустаҳкамланди.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси
А.Мухиддинов

“Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчиқонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши, судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 29-бобининг қоидаларига кўра, суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаларига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкинлигига қаратилиши, қайта кўрилиши мумкин бўлган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари деганда, суднинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари тушунилиши, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, МСИЮтК 269-моддаси 1-бандининг мазмунига кўра иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.
Пленум қарорида, МСИЮтКнинг 268-моддасига мувофиқ: биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд; апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанция суди томонидан амалга оширилиши;
Агар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақидаги ариза судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда келиб тушган бўлса, ариза тегишли судга юборилиши лозимлиги;
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ишда иштирок этувчи шахслар, жумладан: тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); суд ажрими билан ишга жалб этилган учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); прокурор; давлат органлари ва ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра бошқа шахслар ҳақли эканлиги;
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилиши, уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, аризага унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кўрсатилган.
Шунингдек, Пленум қарорининг 17-бандининг 4-қисмида, МСИЮтК 269-моддасининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар жиноят ишини жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги, амнистия ёки афв этиш акти қабул қилиниши, айбланувчининг вафоти муносабати билан тугатиш ҳақидаги суднинг ажрими, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан аниқланган бўлса, улар суд томонидан иш учун муҳим аҳамиятга эга деб топилса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўлиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
Б.Муинов

Ўзбекистонда келажак авлод тақдири ислоҳотларнинг диққат марказида

Сўнги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар энг муҳим ва долзарб масалаларини қамраб олганлиги туфайли нафақат халқимиз, ҳатто халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Олиб борилаётган ишлар замирида инсон қадрини улуғлаш, соғлом, илмли ва юқори савияли авлодни тарбиялаш, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ва уларга тўлақонли шарт-шароитлар яратиш каби мақсадлар ётибди.

Давлатимиз олдига қўйган муҳим вазифалар ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳисобланади.

Болаларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан муносиб тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва ўзликни англаш ҳиссини шакллантириш мамлакатимизни келгуси тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашув жараёнида ёш авлод онгида турли ахборот ҳуружларига қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Фарзандларимизни миллий ўзлигимиз мезонларига зид бўлган контентларнинг салбий таъсиридан ва саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни таълимга кенг жалб этиш, касбга йўналтириш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга мўлжалланган миллий контентлар яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 май куни
183-сонли қарори эълон қилинди.

Мазкур қарорда болаларнинг интелектуал ва ижодий қобилятларини ривожлантириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмасини яратиш, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга ҳизмат қилувчи контентлар яратиш ҳамда уларни таълим ва тарбия дастурлари билан интегратсия қилиш, чет эл контентларининг болалар онг ва қалбига таъсирини мунтазам таҳлил қилиб боориш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, ушбу йўналишларда зарарли трендлар, ҳатарли челленжларни аниқлаш ва уларга қарши контентлар ишлаб чиқиш, болалар учу хавфсиз ахборот муҳитини яратиш каби тадбирларни ўз ичига олган.

Бундан ташқари болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар фойда солиқларидан озод қилинади. Қарордаги мазкур банд юридик шахсларнинг болалар учун контент яратиши учун жуда катта қулайлик ҳисобланади. 

Шунингдек Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабида,
2026 йилдан бошлаб эса вилоятлар ва Тошкент шаҳар “баркамол авлод” болалар мактабларида босқичма-босқич иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларнинг иқтидорини янада ривожлантириш бўйича креатив индустрия йўналишида тўғраклар фаолиятини йўлга қўйилиши белгиланган.

Бундан ҳулоса қилиш мумкинки, президентимизнинг олиб бораётган сиёсати туфайли юртимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай қарорлар орқали болаларнинг ўзларининг истеъдодлари ҳамда имкониятларини намоён этишга имкон яратилмоқда.

Сурхондарё вилоят маъмур суди
судя катта ёрдамчи
Ж.Хуррамов

Перейти к содержимому