Суд хужжатларини йиғмажилдларнинг юритиш тартиби.Хужжатлар кетма-кетлигига амал қилиш.
Вилоят маъмурий судига келиб тушган ҳар бир хужжат, топшириқлар йил бошида тасдиқланган номенклатураси асосида юритилган йиғмажилдга тикиб борилади.
Ижро этилган ҳужжатлар уларнинг қайси масалага оидлигига қараб алоҳида муқоваланган йиғмажилдларга қўшилади ва рўйхатга олинади. Йиғмажилдлар тўғри ташкил этилса, қайси ҳужжат қайси йиғмажилдда эканлигини тезда топиш имконини беради.
Шунинг учун ҳужжатлар уларнинг мазмунига қараб туркумларга ажратилиши ва ҳар бир ҳужжат ўз туркуми бўйича очилган йиғмажилдларга қўйилиши керак.
Ҳар бир йиғмажилднинг номи, тартиб сони ва умумий рўйхати бўлиши, у суднинг таркибий тармоқларида иш юритувчи назоратида туриши лозим. Юритилган йиғмажилдларнинг рўйхати суд раиси томонидан тасдиқланади
Тасдиқланган йиғмажилдлар рўйхати бир неча йил давомида ҳаракатда бўлади ва улар охирида якунловчи рақамлар қўйилиб, янги йил бошидан давом эттирилади.
Суднинг иш фаолиятини режалаштиришга оид ҳужжатлар учун ҳам алоҳида йиғмажилд очилади. Унга режаларнинг қандай бажарганлиги ҳақида маълумотлар тикиб қўйилади.
Рўйхатга киритилган ҳар бир ҳужжатга қатъий тартиб рақамлари қўйилиши, уларнинг номи сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан тўғри олиб борилиши керак.
Йиғмажилдлар ҳужжатларни гуруҳларга бўлиш асосида тузилади.
Ҳар бир йиғмажилдга фақат шу йиғмажилдга оид ҳужжатлар қўйилиши керак, ҳужжатларнинг кўпайтирилган нусхалари йиғмажилдга қўйилмайди. Ҳужжатларни йиғмажилдга қўйиш учун тўғри расмийлаштирилганлигини девонхона мудири томонидан текшириб кўрилиши, раҳбариятнинг йиғмажилдга деган имзоси (йил, ой, кун) бўлиши лозим.
Тўла расмийлаштирилмаган ҳужжатлар қайта расмийлаштирилиб, сўнг йиғмажилдга тикилади. Ҳар бир йиғмажилдга жойлаштирилган ҳужжатлар 250 варақдан ортиқ бўлмаслиги керак. Йиғмажилдларни тўғри расмийлаштиришнинг услубий раҳбарлиги ва назорати девонхона мудири томонидан олиб борилади.
Айрим туркумдаги ҳужжатларни тартибга солиш буйруқ ва фармойишларга оид ҳужжатлар ҳамда уларнинг ижроси гуруҳларга ажратилган ҳолда тартиб билан кетма-кет қўйилади.
Суд фаолияти юзасидан юқори давлат органларидан келган топшириқлар ва уларнинг бажарилиши ҳақидаги маълумотлар шу мақсад учун юритиладиган йиғмажилдга тартиб билан тикилади.
Суд аппарати ходимларининг шахсий ишларига оид ҳужжатлар алоҳида папкаларга қўйилиб, унинг устки муқовасига ёпиштирилган қоғозга ходимларнинг Ф.И.Ш. ёзилиши, муқованинг ички қисмига ёпиштирилган қоғозда эса унинг шахсига оид ҳужжатлар рўйхати бўлиши керак.
Ёзишмалар учун алоҳида йиғмажилд юритилади, шу жумладан юқори ташкилотлар билан бўлган ёзишмалар аниқ масалалар бўйича алоҳида гуруҳларга бўлиниб олиб борилиши лозим.
Ёзишмалар йиғмажилдига судга келган масалаларни ҳал этишга оид ҳамма ҳужжатлар ҳам тартиб билан жойлаштирилиши керак.
Йиғмажилдларни қабул қилиш алоҳида-алоҳида амалга оширилади, алоҳида қимматли йиғмажилдлар эса варақма-варақ текшириб олинади. Йиғмажилдлар (ҳужжатлар) рўйхатининг барча нусхаларида архив ҳужжатларининг архивга қабул қилиб олинганлиги тўғрисида белги қўйилади.
Йиғмажилдлар (ҳужжатлар) рўйхатида кўрсатилган сақлов бирликлари йўқ бўлган тақдирда қайтадан янги якуний ёзув ёзилади. Мавжуд бўлмаган йиғмажилдлар ва ҳужжатларнинг рақамлари ҳамда сабаблари ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш далолатномасида кўрсатилади. Жамлаш манбалари сақловга топширилмаган йиғмажилдларни қидириш чора-тадбирларини кўради.
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Жумладан, аризачи Б.Б. жавобгар туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Аниқланишича, туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарорига кўра, Х.Б.нинг 0,10 га ер участкасига унинг эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.
Туман давлат архивининг маълумотномасига кўра, Халқ депутатлари қишлоқ совети ижроия қўмитасининг тегишли қарорига кўра, 130 рақам Х.А.га 0,15 га ер участкаси ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги пф-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида” 461-сон Қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-бандига кўра, мазкур Низом турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилаши қайд этилган.
Бироқ, иш бўйича низоли ер участкаси муқаддам 1991-йил 28 февралдаги Халқ депутатлари қишлоқ советининг тегишли қарорига асосан фуқаро Х.А.га ажратилган бўлган.
Шу сабабли ушбу ер участкаси турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасига кирмайди.
Мазкур ҳолатда ишчи гуруҳ томонидан ушбу ер участкаси муқаддам Х.А.га ажратилганлиги аниқланиши ва умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиб бўлмаслиги ҳақида хулосага келиниши лозим эди.
Ушбу ҳолатда низоли ҳоким қарорининг қабул қилиниши, иш бўйича аризачи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузган ҳамда ушбу қарорнинг қабул қилиниши қонунчиликка зид бўлган.
Шунинг учун Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 21 августдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, иш бўйича аризачи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Яна бир мисол.
Хусусан, аризачи “EA” МЧЖнинг жавобгар Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасига нисбатан 2024 йил 25 июндаги сайёр солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 25 июндаги қарорига кўра, МЧЖга нисбатан 417 333 459,32 сўм молиявий жарима қўлланилган ҳамда жамиятга нисбатан 4 397 303,28 сўм қўшилган қиймат солиғи, 145 146 431,39 сўм фойда солиғи ҳисобланган.
Ушбу камерал солиқ текшируви қайси давр учун ўтказилганлиги нега айнан шу қиймат олинганлиги баён қилинмаган.
Аризачи томонидан судга тақдим этилган жамият фаолиятида 2023 ноябрда ўтказилган камерал солиқ текширув натижаси юзасидан тузилган хулосага кўра, жамиятга нисбатан 494 678 831 сўм фойда солиғи ҳисобланган.
Аммо ушбу камерал солиқ текшируви натижаси Сайёр солиқ текширув натижасини кўриб чиқишда инобатга олинган ёки олинмаганлиги низоли қарордан англашилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 7-моддасида солиқ солиш принциплари қайд этилган бўлиб, солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.
Ушбу ҳолатда сайёр солиқ текшируви натижаси юзасидан қабул қилинган қарорда сайёр солиқ текшируви ва текширув натижасида расмийлаштирилган далолатномадаги ҳолатлар ҳуқуқий жиҳатдан ва солиқ солишнинг аниқлиги жиҳатидан баҳоланмаган.
Негаки, солиқ ҳисоблаш учун асос бўлган далолатномада ҳисоб-китобларда эҳтимоллар назариясидан фойдаланилган.
Бундай ҳолатда солиқ текшируви натижасини кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган қарорда текширув натижаларининг ҳар-бир ҳолати қонуний баҳоланиши, қўшимча солиқ ҳисобланадиган ҳолатлар қонуний асослантирилиши лозимлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 6 августдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилган, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 25 июндаги сайёр солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармаси зиммасига мазкур сайёр солиқ текширув материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.
Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига кўра, мазкур ҳаракат маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такроран содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Аммо бир шахс бошқа бир шахсни ижтимоий тармоқларда ёки ОАВда ҳақорат қиладиган бўлса, бундай ҳолат Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисм билан таснифланади. Шахсни ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарликка тортиладиган ҳақорат ва ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилиш ўртасида фарқ унинг жамият одоб-аҳлоқ нормаларига етказиладиган зарари билан боғлиқ. Шу сабабдан ҳам ижтимоий тармоқларда ёки ахборот воситаларида ҳақорат қилганлик учун жарима миқдори анча юқори.
Давлатимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчиллик билан тадбиқ этилаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад ҳам мужассамдир.
Дарҳақиқат, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг турли кафолатлари мавжуд. Ҳуқуқий кафолатларнинг энг муҳими бу – шахснинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқини таъминлашдир.
Маъмурий судлар ташкил этилгунига қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш фуқаролик ишлари бўйича ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди.
Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилган маъмурий судлар томонидан амалга оширила бошланди. 2017 йил 1 июндан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига ўтказилди.
Маъмурий судлар томонидан кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар – бу бир томондан фуқаролар ва юридик шахслар бўлса, бошқа томондан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар бўлиб, бунда ҳар бир шахс конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини амалга оширади.
Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар, давлат органининг, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар ҳам маъмурий судлар томонидан кўрила бошланди.
Маъмурий судлар суд ҳокимиятининг бир тармоғи сифатида қонун билан фақат ўзига юклатилган низоларга доир ишларни кўриб ҳал қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасига кўра маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг қуйидаги:
фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлган;
фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришга монелик туғдирган;
фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабабчи бўлган коллегиал ёки якка тартибдаги хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳам якка тартибдаги, ҳам умумий хусусиятга эга бўлган ҳар қандай қарорлар устидан юқорида кўрсатилган Кодексда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4 бўлим 29 боб ва 288 моддадан иборат.
Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасидаги мурожаатлари йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу аввало, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар самараси ўлароқ, фуқароларнинг одил судловга ишончи муттасил ортиб бораётганлигининг амалдаги ифодасидир.
Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий – ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтириб, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда. Айни шу мақсадда бир қатор янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди, амалдаги қонунчилик нормаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек айни вақтда давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг, хусусан тадбиркорлик субйектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилиб келинмоқда.
Президентимиз таъкидлаганларидек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга ошириш, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарур, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.
Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим.
Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади”, — деди давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентабрдаги “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган Стратегиянинг 4.2-бандида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар белгиланган бўлиб маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субйектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш белгиланган.
Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон — янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шунингдек, бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун кулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келди.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги ЎРҚ–943-сонли Қонуни билан “Судлар тўғрисида”ги қонунги бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Эндиликда, судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради.
Мазкур ўзгариш суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.
Бугунги кунда ахборот технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларида муҳим рол ўйнайди. Биз компютерлар, смартфонлар ва бошқа рақамли қурилмалардан кундалик ҳаётимизда, ишда ва ўқишда кенг фойдаланамиз. Шу билан бирга, бу технологиялар бизнинг шахсий маълумотларимиз ва молиявий ресурсларимизни ҳимоя қилишда катта масъулият юклайди. Киберхавфсизлик бу борада жуда муҳим аҳамиятга эга.
Киберхавфсизлик – бу компютер тизимлари, тармоқлар ва маълумотларни рухсатсиз киришдан, фойдаланишдан, ошкор қилишдан, бузилишдан, ўзгартиришдан ёки йўқ қилишдан ҳимоя қилиш амалиёти. У нафақат бизнес ва давлат ташкилотлари учун, балки ҳар бир инсон учун ҳам долзарб масаладир.
Кундалик ҳаётимизда биз кўпинча шахсий маълумотларимизни онлайн платформаларда, ижтимоий тармоқларда ва бошқа веб-сайтларда бўлишамиз. Бу маълумотлар орасида бизнинг исм-шарифимиз, туғилган санмиз, манзилимиз, телефон рақамимиз, электрон почта манзилимиз ва ҳатто кредит карта маълумотларимиз ҳам бўлиши мумкин. Агар бу маълумотлар нотўғри қўлларга тушса, улар фирибгарлик, ўғирлик ёки шахсий ҳаётимизга тажовуз қилиш учун ишлатилиши мумкин.
Шунингдек, биз онлайн харидларни амалга оширганимизда, интернет-банкинг хизматларидан фойдалан ганимизда ёки солиқ декларацияларини тўлдирганимизда ҳам шахсий ва молиявий маълумотларимизни ҳимоя қилишимиз керак. Бу маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун биз ишончли веб-сайтлардан фойдаланишимиз, кучли паролларни танлашимиз ва уларни мунтазам равишда янгилашимиз, ҳамда шубҳали ҳаволаларга киришдан сақланишимиз лозим.
Корхоналар ва ташкилотлар ҳам киберхавфсизликка жиддий эътибор қаратишлари керак. Ахборот тизимларидаги заифликлар ёки хавфсизлик камчиликлари сезиларли молиявий йўқотишларга, обрўга путур етказишга ва мижозлар ишончини йўқотишга олиб келиши мумкин. Компаниялар ўз тизимларини ҳимоя қилиш учун фиреwаллс, антивирус дастурларини ўрнатишлари, ходимларни киберхавфсизлик бўйича ўқитишлари ва доимий равишда тизимларини текшириб туришлари зарур.
Давлат органлари ҳам киберхавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Улар киберхавфсизлик соҳасидаги қонунларни ишлаб чиқиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва аҳолини киберхавфсизлик бўйича хабардор қилиш орқали фуқароларнинг онлайн хавфсизлигини ҳимоя қилишади. Ўзбекистонда ҳам бу борада бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, 2022 – йилда «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун ахборот технологиялари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
Қонунга кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз ахборот тизимларининг хавфсизлигини таъминлаши, кибертаҳдидларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш чораларини кўриши шарт. Шунингдек, улар ўз ходимларини киберхавфсизлик соҳасида ўқитишлари ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишлари керак.
Жисмоний шахслар ҳам ўз шахсий маълумотларини ҳимоя қилишда масъулдирлар. Улар шахсий маълумотларини эҳтиёткорлик билан бошқаларга беришлари, ишончли пароллардан фойдаланишлари ва уларни мунтазам равишда янгилашлари тавсия этилади. Шунингдек, улар ўз компютерлари ва мобил қурилмаларида антивирус дастурларини ўрнатишлари ва доимий равишда янгилаб туришлари лозим.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланган. Кибержиноятлар орасида компютер тизимларига рухсатсиз кириш, маълумотларни ўғирлаш ёки йўқ қилиш, компютер вируслари тарқатиш, фирибгарлик ва бошқалар бор.
Хулоса қилиб айтганда, киберхавфсизлик бугунги ахборот асрида жуда долзарб масала ҳисобланади. Ҳар биримиз ўз шахсий маълумотларимиз ва молиявий ресурсларимизни ҳимоя қилишда масъулиятли бўлишимиз, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар ҳам бу борада зарур чораларни кўришлари лозим. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз кибертаҳдидларга қарши самарали кураша оламиз ва хавфсиз онлайн муҳитни ярата оламиз.
Киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш ва аҳолининг онлайн хавфсизлик бўйича саводхонлигини ошириш ҳам муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун таълим муассасаларида киберхавфсизлик бўйича дарслар ва тренинглар ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида мавзуга оид кўрсатувлар ва мақолалар бериб бориш, ижтимоий рекламалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шу йўл билан биз ёшларимизга киберхавфсизлик кўникмаларини сингдиришимиз ва уларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилишимиз мумкин.
Халқаро миқёсда ҳам киберхавфсизлик масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, НАТО каби ташкилотлар киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва стандартларни ишлаб чиқиш борасида фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёнларда фаол иштирок этиши ва илғор тажрибаларни ўрганиши муҳимдир.
Шуни унутмаслик керакки, технологиялар шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда киберхавфсизликка эътиборни сусайтирмаслик лозим. Янги таҳдидлар ва хавфлар пайдо бўлиши билан биз уларга қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқишимиз ва доимий равишда огоҳ бўлиб туришимиз зарур. Зеро, киберхавфсизлик барчамизнинг умумий масаламиз ва масъулиятимиздир.
Умид қиламизки, ушбу мақола сизга киберхавфсизликнинг аҳамияти ва ҳуқуқий жиҳатларини тушунишингизда ёрдам берди. Келинг, ҳаммамиз онлайн хавфсизлик маданиятини шакллантиришга ўз ҳиссамизни қўшайлик ва замонавий технологиялардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни ўрганайлик. Ахборот технологиялари ҳаётимизни яхшилаш ва фаровонлигимизни ошириш учун хизмат қилсин!
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жамиятимизда “Қонун – устувор, жазо муқаррар” деган муҳим принципни таъминлаш, суд, прокуратура, ички ишлар органлари ва адвокатура тизимини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича салмоқли ишлар қилиняпти.
Бугун мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили асосида кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилмоқда. 2023 йилнинг 25-декабр куни “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунининг қабул қилиниши ҳам тизимдаги янгиланишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирилди.
Хусусан, суднинг қарори, ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.
Туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллятсия ёки кассатсия тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилди. Бунда биринчи инстанция судининг қарор ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апеллятсия ёки кассатсия тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида қайта кўриб чиқилади. Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суд Пленумининг 2024-йил 25-июндаги “Судлар томонидан маъмурий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғриси” даги №22-сонли қарори тафтиш инстанциясида иш юритишга оид амалиётда келиб чиқаётган саволлар ва ечим талаб қилаётган масалалар бўйича тушунтиришлар бериб ўтилган. Пленум қарорида тафтиш инстанциясига оид барча муаммолар ёритилиб берилган бўлиб, бу барча судларда амалиётни бир ҳиллаштиришда жуда катта аҳамият касб этади. Мазкур Пленум қарорини кенг ёритиш мақсадида, судялар ва суд ҳодимлари, прокуратура, адвокатура ва бошқа давлат органлари мутасадди ходимларига семинарлар ташкил қилинмоқда. Тафтиш инстанцияси ҳозирги давр талабидан келиб чиқган одил судлов тизимидаги керакли ва кенг кўламадаги ислоҳотларимиздан биридир.
Бугунги кунда маъмурий органлар ёки бошқа давлат ташкилотлари ходимлари ўртасидаги муносабатларда манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи омилларни бартараф қилиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар ўтқазилаётганлиги, бу муносабатларнинг кескин камайтириш юзасидан бажарилаётган сай ҳаракатлар сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганлиги, унинг ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори ва унда кўзда тутилган чора-тадбирларни яқол мисол тариқасида кўришимиз мумкин.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғида махсус бўлинмага маслаҳат сўраб мурожаат этиш, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотларни электрон ёки ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, ўз лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши, лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги,мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўзининг бевосита раҳбарини (ташкилот раҳбари — юқори турувчи раҳбарни) ёки махсус бўлинмани хабардор қилиши;
ўзининг бевосита бўйсунувидаги ходимларни ёки бошқа ходимларни бевосита ёки билвосита ўзининг шахсий манфаатларини кўзловчи ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) мажбурламаслиги, ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот назорати остидаги ташкилотдан ёки унинг таркибий бўлинмасидан ишга қабул қилиш тўғрисида таклифлар келиб тушганлиги ҳолати ҳақида бир иш куни ичида хабар бериши, бошқа ходимларга нисбатан ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисида хабар бериши, эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш мақсадида махсус бўлинманинг сўровига кўра маълумотлар тақдим этиши шарт.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар мазкур ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда:
манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун махсус бўлинмадан бепул маслаҳат олиш;
давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар мазкур ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда,шахсий манфаатларини кўзлаб манфаатла тўқнашувига йўл қўймаслиги, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни электрон ёки ёзма шаклда тўлдириши, унга била туриб ёлғон ва нотўғри маълумотларни киритмаслиги шарт.
давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими — давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими;
манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (еҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;
манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма(бундан буён матнда махсус бўлинма деб юритилади) — давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг коррупсияга қарши ички назорат бўлинмалари (ва) ёки кадрлар бўлинмалари;
шахсий манфаатдорлик — давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик;
Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади. давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар хисобланади.
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат бўлиб,
1)қонунийлик;
2)фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги;
3)очиқлик ва шаффофлик;
4)холислик, коррупсияга нисбатан муросасизлик;
Манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга солиш учун уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги чоралардан бири кўрилиши керак, ўзига нисбатан манфаатлар тўқнашуви юзага келган раҳбарнинг бевосита бўйсунувидаги давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиш, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатлари доирасини қайта кўриб чиқиш давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахборотидан ва ҳужжатларидан фойдаланишига чекловлар белгилаш, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатларини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириши устидан коллегиал назоратни таъминлаш, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига ўзидаги шахсий манфаатдорликни қонунчиликка мувофиқ бартараф этиши тўғрисида таклифлар тақдим этиш, ходим томонидан ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг шахсий манфаатдорлигини бартараф этиш чораларини кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, ходимнинг розилиги асосида уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини (контрактни) умумий асосларда бекор қилиш.
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг розилиги билан кўрилиши керак.
Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан манфаатлар тўқнашувини тартибга солишга доир чораларни кўриш чоғида бирор-бир шахсларга, гуруҳларга ёки ташкилотларга афзаллик, устунлик беришга ёхуд давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг ходимларини, шунингдек фуқароларни камситишга йўл қўйилмайди.
Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар ўз ходими билан ўзаро келишувга кўра, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа чораларни ҳам кўриши мумкин.
Манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи барча омиллар албатта давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишига ҳамда унинг қонуний, адолатли ва шафоф бўлган тизимига путур етказиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида барча давлат органлари мансабдор шахслари ва ходимлари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаган ҳолда ишлаш принципини қўллашса, давлат ва жамият ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшган бўлишади.
Ҳар бир давлат органи мансабдор шахслари давлат ва жамият олдидаги ўз хизмат вазифасини виждонан, очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширса, манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олган ва жамиятнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган ҳисобланади.
Ma’muriy sudlarda, umuman olganda barcha sudlarda sud majlisi bayonnomasini yuritish muhim hisoblanadi. Boisi, bayonnomada sud majlisidagi holatlar boricha aks ettiriladi. Sud majlisi bayonnomasi sud majlisi chog‘ida, shuningdek sud majlisi zalidan tashqarida bajarilgan barcha protsessual harakatlarni aks eetiruvchi muhim hujjat hisoblanadi. Qabul qilinadigan sud hujjatining xolis, asosli va qonuniyligi bayonnomada yoritilgan holatlarga ko‘ra aniqlanadi. Chunki sudlarda ishlarning ko‘rilishida protsessual harakatlarning to‘g‘ri yuritilganligi, protsessual qonunchilikka amal qilinganligi aynan sud majlisi bayonnomasida ko‘rsatib o‘tiladi.
Sud muhokamasi vaqtida sud majlisi kotibi O‘zbekiston Respublikasi Ma’muriy sud ishlarini yuritish to‘g‘risidagi kodeksining 175-176-moddalarida nazarda tutilgan qoidalar asosida bayonnoma yuritadi.
O‘zbekiston Respublikasi Ma’muriy sud ishlarini yuritish to‘g‘risidagi kodeksining 175-moddasiga ko‘ra sud majlisining kotibi tomonidan sud majlisining bayonnomasida ishni ko‘rishning yoki alohida protsessual harakatlarni amalga oshirishning barcha muhim jihatlari quyidagicha yoritib berilishi lozim:
1) sud majlisi o‘tkazilgan yil, oy, sana va joy;
2) ishni ko‘rayotgan sudning nomi, sud tarkibi va sud majlisining kotibi;
3) ishning nomi va raqami;
4) ishda ishtirok etuvchi shaxslar va sud protsessining boshqa ishtirokchilari kelganligi to‘g‘risidagi ma’lumotlar;
5) ishda ishtirok etuvchi shaxslarga va sud protsessining boshqa ishtirokchilariga sud tomonidan ularning protsessual huquq va majburiyatlari tushuntirilganligi to‘g‘risidagi ma’lumotlar;
6) sud tomonidan alohida xonaga (maslahatxonaga) kirmasdan joyida chiqarilgan ajrimlar;
7) ishda ishtirok etuvchi shaxslarning og‘zaki arzlari va iltimosnomalari;
8) ishni ko‘rish chog‘ida sudga taqdim etilgan barcha yozma va ashyoviy dalillar, ekspertlarning yozma xulosalari haqidagi ma’lumotlar;
9) ishda ishtirok etuvchi shaxslarning tushuntirishlari, guvohlarning ko‘rsatuvlari, ekspertlarning o‘z xulosalarini og‘zaki tushuntirishlari, mutaxassislarning maslahatlari (tushuntirishlari), ashyoviy va yozma dalillarning ko‘zdan kechirilganligi, olib qo‘yilganligi, sxemalar tuzilganligi, video va fototasvirga olinganligi haqidagi ma’lumotlar;
10) alohida protsessual harakatlarni amalga oshirish chog‘ida olingan ma’lumotlar;
11) sud muzokaralarining mazmuni va prokurorning fikri;
12) sudning hal qiluv qarori, ajrimi yoki qarori o‘qib eshittirilganligi haqidagi ma’lumotlar.
Sud majlisi bayonnomasida boshqa ma’lumotlar ham ko‘rsatilishi mumkin.
Sud majlisi audio- yoki videoyozuvga olingan taqdirda, sud majlisi bayonnomasida faqat sud majlisi o‘tkazilgan yil, oy, sana va joy; ishni ko‘rayotgan sudning nomi, sud tarkibi va sud majlisining kotibi; ishning nomi va raqami; ishda ishtirok etuvchi shaxslar va sud protsessining boshqa ishtirokchilari kelganligi to‘g‘risidagi ma’lumotlar; sud tomonidan alohida xonaga (maslahatxonaga) kirmasdan joyida chiqarilgan ajrimlar; ishda ishtirok etuvchi shaxslarning og‘zaki arzlari va iltimosnomalari; ishni ko‘rish chog‘ida sudga taqdim etilgan barcha yozma va ashyoviy dalillar, ekspertlarning yozma xulosalari haqidagi ma’lumotlar; sud muzokaralarining mazmuni va prokurorning fikri yuzasidan yozuv kiritiladi, ishda ishtirok etuvchi shaxslar bergan tushuntirishlarning boshlangan va tugagan vaqti, guvohlarning ko‘rsatuvlari, ekspertlarning o‘z xulosalari yuzasidan bergan og‘zaki tushuntirishlari, muzokaralar va prokurorning fikri aks ettiriladi, shuningdek sud majlisini yozib olishning texnik vositalaridan foydalanilganligi to‘g‘risida belgi qo‘yiladi. Elektron yoxud boshqa audio- yoki videoyozuvlar jamlangan vositalar sud majlisi bayonnomasiga qo‘shib qo‘yiladi.
Sud majlisi videokonferensaloqa rejimida o‘tkazilgan taqdirda, sud majlisi bayonnomasida ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilganlardan tashqari quyidagi ma’lumotlar ham ko‘rsatilishi kerak:
sud majlisi videokonferensaloqa rejimida o‘tkazilganligi to‘g‘risidagi;
sud majlisini videokonferensaloqa rejimida o‘tkazishga ko‘maklashgan sudning nomi haqidagi;
sud majlisini videokonferensaloqa rejimida o‘tkazishga ko‘maklashayotgan sudga kelgan ishda ishtirok etuvchi shaxslar va sud protsessining boshqa ishtirokchilari to‘g‘risidagi;
sud majlisini videokonferensaloqa rejimida o‘tkazishga ko‘maklashayotgan sudning hamda ishni ko‘rayotgan sudning axborot-kommunikatsiya texnologiyalari xodimlari haqidagi.
O‘zbekiston Respublikasi Ma’muriy sud ishlarini yuritish to‘g‘risidagi kodeksining 176-moddasiga ko‘ra, sud majlisi bayonnomasi yuritishda quyidagilarga amal qilinishi lozim:
-bayonnoma sud majlisi kotibi tomonidan sud majlisining o‘zida yoki alohida protsessual harakat bajarilganida sud majlisi zalidan tashqarida yuritiladi;
-bayonnoma sud majlisi tugaganidan yoki alohida protsessual harakat amalga oshirilganidan so‘ng uch kundan kechiktirmasdan raislik qiluvchi va sud majlisi kotibi tomonidan imzolanishi kerak.
Sud majlisining bayonnomasida bo‘yab, o‘chirib qayta yozishlarga, sud majlisining sanasini, taraflarning ismi sharifini, otasining ismini, ko‘rsatmalarni, barcha-barcha so‘zlarni qisqartirib yozishlarga yo‘l qo‘yilmaydi.
Taraflar (da’vogar, javobgar, manfaatdor shaxslar ularning vakillari, vasiylari) ning, guvohlarning, mutaxassis, ekspert va boshqalarning shaxsiga oid ma’lumotlar aniq va to‘liq aks ettirilishi lozim.
Sud majlisining bayonnomasida sud majlisi jarayonlari va sud majlisidan tashqarida amalga oshirilgan protsessual harakatlar yuzasidan raislik etuvchining buyruqlari, farmoyishlari doimo 3-shaxs tilida yoziladi.
Sud yoki sudlov hay’atining ish bo‘yicha joyiga chiqilib, mutaxassis ishtirokidagi ko‘zdan kechirish jarayoni sud majlisining bayonnomasida aniq yoritilishi lozim.
Ishda ishtirok etuvchi shaxslar sud majlisi bayonnomasi bilan tanishish va unga fikr-mulohaza yoxud e’tiroz bildirishlari mumkinligi haqida alohida to‘xtalib o‘tish lozim. Bu haqda O‘zbekiston Respublikasi Ma’muriy sud ishlarini yuritish to‘g‘risidagi kodeksining 177-moddasida belgilab berilgan.
Sud protsessi ishtirokchilari sud majlisining bayonnomasi bilan tanishib chiqishga haqli va u imzolangan kundan e’tiboran besh kun ichida bayonnoma yuzasidan bayonnomada yo‘l qo‘yilgan xatoliklarni yoki undagi ma’lumotlarning to‘liq emasligini ko‘rsatgan holda yozma fikr-mulohazalar berishi mumkin.
Sud majlisining bayonnomasi yuzasidan yozma fikr-mulohazalar ular berilgan kundan keyin besh kun ichida sud protsessi ishtirokchilarini chaqirmasdan ko‘rib chiqilishi kerak.
Sud majlisining bayonnomasi yuzasidan berilgan yozma fikr-mulohazalarni raislik qiluvchi ko‘rib chiqadi va ushbu fikr-mulohazalarga qo‘shilsa, ularni qabul qiladi, qo‘shilmagan taqdirda esa ularni rad etadi.
Sud majlisining bayonnomasi yuzasidan yozma fikr-mulohazalar qabul qilinganligi haqida yoki rad etilganligi to‘g‘risida ajrim chiqariladi.
Sud majlisining bayonnomasi yuzasidan sudga besh kunlik muddatni o‘tkazib taqdim etilgan yozma fikr-mulohazalar sud tomonidan ko‘rib chiqilmaydi va ishga qo‘shib qo‘yiladi, bu haqda yozma fikr-mulohazalar bergan shaxsga ma’lum qilinadi.
Sud protsessi ishtirokchilari sud majlisining audio- yoki videoyozuvi bilan tanishish huquqiga ega.
Sud majlisining audio- yoki videoyozuvining ko‘chirma nusxalari sud protsessi ishtirokchilariga ishni ko‘rib chiqqan sudning ruxsati bilan beriladi.
Xulosa qilib aytganda, sud majlisini ochib beruvchi, uning protsessual qonunchilikka muvofiq o‘tganligi holatlarining barchasi sud majlisi bayonnomasida aks etadi. Sud majlisi bayonnomasida haqiqiy holatlar aks etganligi, birinchidan, inson huquqlarining qay darajada amalga oshganligini namoyon qilsa, ikkinchidan, fuqarolarning sudlarga bo‘lgan ishonchi oshishida o‘ziga xos ahamiyat kasb etadi.
Surxondaryo viloyati ma`muriy sudi
sudya katta yordamchisi R.Tojimurodova
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | АДМИНИСТРАТИВНЫЙ СУД СУРХАНДАРЬИНСКОЙ ОБЛАСТИ