Электрон онлайн-аукцион савдони ўтказиш учун материалларни тайёрлаш

Бугунги ривожланиб бораётган даврда ҳар бир соҳада рақамли технологиянинг ўрни муҳимдир. Бозор иқтисодиётида олди-сотди жараёнларининг электрон тизимга ўтиши шаффофликни ҳамда ҳар қандай корупция ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради. Янги Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш, ҳар бир тармоқда босқичма босқич рақамли технолгияни жорий қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга келиб асосий эътибор электрон онлайн-аукцион савдо соҳасини ривожлантириш ҳамда шу соҳага доир қонунчиликни либераллаштириш устида катта ишлар олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 23.05.2024 йилдан кучга кирадиган Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилиши муносабати билан вазирлар маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида қарорнинг  электрон онлайн-аукцион савдони ўтказиш учун материал тайёрлаш босқичи ва тартиби тўғрисидаги қисми ҳақида  маълумот бериб ўтаман.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ер участкалари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ижрочига «E-ijara» АТ электрон ахборот алмашинув орқали давлат рўйхатидан ўтказилган куннинг ўзида юборади:
ер участкаси кадастр рақами, ер тури ва географик жойлашуви, майдони (гектарда);
ер участкасини электрон харитада кўрсатиш учун ер участкасининг кадастр харитаси (координатали нуқталари, чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема);
мавжуд давлат кадастрлари объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобиль ва темир йўллар, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган тегралар, транспорт қувурлари, гидротехник иншоотлар, муҳофаза қилинадиган объект ва ҳудудлар ҳамда бошқалар) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (изоҳ кўринишида). Бунда давлат кадастрини юритувчи вазирлик ва идоралар давлат кадастрлари ягона тизимида маълумотларнинг тўлиқлигига жавобгар ҳисобланади.
Ижрочи уч иш куни ичида «E-ijara» АТ орқали юклаб олинган ер участкасини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ер участкасининг ҳақиқий ҳолати (лойиҳалаштирилаётган ер участкасининг ҳолати, ҳудуднинг ихтисослиги, сув билан таъминланганлик даражаси ҳамда ирригация ва мелиорация тизимининг ҳолати, балл-бонитети, шўрланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар)дан келиб чиқиб, ер участкасининг ер тузиш лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда ер участкасининг ихтисослашувини ва деҳқон хўжалиги учун ёки юридик шахслар учун ажратилишини белгилаб бериш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч иш куни муддатда ер участкасининг ихтисослашувини ва деҳқон хўжалиги учун ёки юридик шахслар учун ажратилишини ижрочига маълум қилади.
Ҳар бир ер тузиш лойиҳасига «E-ijara» АТда автоматик тарзда ўзига хос рақам берилади. Бунда ҳар бир лот битта ер участкасидан иборат бўлади.
Битта яхлит контурдаги бир нечта лотлар учун умумлашган ягона ер тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бунда ижрочи томонидан ҳар бир лотнинг буюртмасига ер участкасини идентификация қилиш имконини берувчи маълумотлар киритилади.
Ижрочи ҳар бир ер тузиш лойиҳасини Кадастр агентлигидан олинган дастлабки форматларда келишиш учун ваколатли ташкилотларга қуйидаги маълумотлардан ташкил топган ер тузиш лойиҳасини тасдиқлаш учун 3 иш куни ичида ижарага берувчига «E-ijara» АТ орқали юборади:
а) ер участкасининг майдони (гектарда) ва тоифаси ҳамда ер турлари контурлар кесимида жадвал шаклидаги маълумот;
б) инфратузилма объектлари мавжудлиги тўғрисида маълумот;
в) ер участкасининг қишлоқ хўжалиги электрон харитасидан кўчирмаси, ер тузиш лойиҳасининг чегаралари ва манзили;
г) чегарадош ер участкалари фойдаланувчилари ҳақида маълумотлар.
д) ер майдонидаги тупроқнинг амалдаги балл бонитировкаси аниқланган сана ва кўрсаткичи.
Электрон онлайн-аукцион савдога қўйилаётган ер участкасида давлат кадастрлари объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобиль йўллари ва темир йўллар, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган тегралар, транспорт қувурлари, мелиорация ва ирригация иншоотлари, муҳофаза қилинадиган объект ва ҳудудлар ҳамда бошқалар) мавжуд бўлган ҳолатларда қўшимча равишда давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари билан ҳам келишилади.
 «E-ijara» АТга ер тузиш лойиҳаси жойлаштирилган кундан бошлаб уч иш куни ичида:
а) ваколатли ташкилотлар томонидан ушбу лойиҳалар келишилади ёки келишиш рад этилади, бунда:
«E-ijara» АТда қабул қилинган тегишли қарор ҳақида электрон рақамли имзо билан тасдиқланадиган белги қўйилади;
келишув ҳеч қандай эътироз ва шартларсиз амалга оширилади;
келишиш рад этилганда, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда, тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини амалга ошириш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади ҳамда мазкур лойиҳа айнан қайси жиҳатдан ушбу нормаларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилади;
қонунчилик ҳужжатлари нормаларига зид бўлган сабаблар кўрсатилмаган ҳолда рад этиш ёки келишмасликка йўл қўйилмайди;
белгиланган муддатда ер тузиш лойиҳаси келишилмаслиги натижасида келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига жавобгарлик чоралари қўлланилади;
Кадастр агентлигига келишиш учун маълумотлар электрон ахборот алмашинуви орқали юборилади;
б) ижарага берувчи тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди ҳамда «E-ijara» АТ орқали ижрочига юборади, бунда:
ижарага берувчи электрон онлайн-аукцион савдога ижарага бериш ҳуқуқи қўйилаётган ер участкаси ер тузиш лойиҳасини унга тузатишлар киритиш учун ижрочига қайтариши мумкин, бошқа сабаблар билан ер тузиш лойиҳасини қайтаришга йўл қўйилмайди;
белгиланган муддатда жавоб берилмаган ҳолларда ер тузиш лойиҳаси тасдиқланган ҳисобланади.
Ижрочи уч иш куни ичида камчиликларни бартараф этиб, лойиҳани тасдиқлаш учун ижарага берувчига қайта киритади. Бунда ваколатли ташкилотлар билан қайтадан келишиш талаб этилмайди. Ижарага берувчи икки иш куни ичида тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди.
Бунда ер тузиш лойиҳаси асосида қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш ҳуқуқи учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги электрон буюртма «E-ijara» АТ орқали автоматик тарзда операторга юборилади. Буюртмага ер тузиш лойиҳаси ҳамда электрон онлайн-аукцион савдо ғолиби билан имзоланадиган ижара шартномаси бир томонлама ижарага берувчи томонидан имзоланган ҳолда илова қилинади.
Ижара шартномасида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини сотиб олиш бўйича тўловлар ва ер участкасининг ижара ҳақини тўлаш тартиби алоҳида акс эттирилади.
Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари лотларга бўлинган контурнинг яхлитлигини таъминлаган ҳолда, бир хил турдаги маҳсулот экиш бўйича ер тузиш лойиҳаси билан бирга юбориладиган буюртмаларга асосан электрон онлайн-аукцион савдоларга чиқарилади.
Буюртмага ер тузиш лойиҳаси илова қилинмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда, оператор томонидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун буюртмани «E-ijara» АТ орқали ижрочига қайтаради.
Ижрочи буюртмани қайтаришга асос бўлган камчиликларни бир иш куни ичида тўлиқ бартараф этиб, такроран буюртмани «E-ijara» АТ орқали операторга юборади.
            Электрон онлайн-аукцион савдони ўтказиш учун материалларни тайёрлаш босқичи мана шундай тартибда амалга оширилади. Бундан ташқари бу соҳани содалаштириш ҳамда ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Сиз ва биз озод юрт фарзандлари давлатимиз ривожи учун ҳар бир соҳани юқори нуқталарга олиб чиқиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
Судья катта ёрдамчиси  З.Х.Темиров

МАЪМУРИЙ СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ ЯНГИ ТАРТИБДА ЎРГАНИЛДИ.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги 2023 йил 25 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг 889-сонли қонуни фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.
Шунга бир мисол.:Туман ҳокимининг қарорига кўра, “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи фуқаро Н.У.нинг фойдаланишидаги турар жой ҳамда ёрдамчи биноларига мулк ҳуқуқи тан олинган.
Уй-жой олди-сотди шартномаси асосида фуқаро Д.Г. уйни ўзининг номига ҳужжатлаштирган.
Бундан норози бўлган аризачи А.К судга шикоят ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар туман ҳокимининг фуқаро Н.Унинг ўзбошимчалик билан қурган иморатига эгалик белгилашдаги хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг
қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Учинчи шахс Д.Г. биринчи ва апелляция инстанциялари судларининг қабул қилган суд ҳужжатлари устидан норози бўлиб, шикоят билан мурожаат қилган.
Туман ҳокимининг қарорига кўра, туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи А.К.га аризаси ҳамда “Р” МЧЖнинг йиғилиши баёни ҳамда буйруғига асосан тегишли бўлган уй-жойи, яъни умумий фойдаланиш майдони 161,10 кв.м яшаш уй-жойига эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.
Биринчи ва апелляция инстанциялари судлари мазкур қарорга кўра, фуқаро А.К.га уй жойига ва ер майдонига нисбатан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб,  вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан фуқаро А.К.нинг номига 0,18 га ер майдонига гувоҳнома билан давлат рўйхатидан ўтказганлиги ҳамда унда ерга нисбатан ҳуқуқ вужудга келганлиги тўғрисида тўхтамга келган. Бироқ, аризачи томонидан унинг номига 0,18 га ер майдонига оид гувоҳномани асли судларга тақдим этилмаган, тафтиш инстанция судида аризачи бу гувоҳноманинг асли йўқлигини маълум қилди. Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармасининг хатида, аризачи А.К.нинг номида 161,1 кв.м ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилганлиги қайд этилган.
Низолашилаётган қарор аризачининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузмаган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириши учун тўсиқлар вужудга келтирмаган, унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юкламаган.  
Тафтиш инстанцияси суди қуйи судларнинг қарорларига ҳуқуқий баҳо бериб, юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, суд қарорларини бекор қилишни, аризани қаноатлантиришдан рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни, шикоятни қаноатлантиришни, судларга нотўғри хулосалар берилганлиги ҳолати бўйича хусусий ажрим чиқаришни, туман ҳокимини қарорининг қонунийлигига баҳо бериш учун Сурхондарё вилоят прокурорига хабарнома юборишни лозим топиб, тарафларга қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида тафтиш тартибида шикоят қилинишини мумкинлиги ҳақида тушунтиш берилди.

Сурхондарё вилоят маъмурий  
судининг судья катта ёрдамчиси  
  Ж.Хуррамов

Энди давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади!

Аннотация: Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга фаровон ҳаёт барпо этиш, шунингдек, буларнинг барчасини қонунчилик орқали мустаҳкамлаш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу мақола орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кимга ва қачон амалга оширилиши тадқиқ этилади. 
Калит сўзлар: юридик ёрдам, давлат ҳисобидан юридик ёрдам, адвокатлар реестри, кам таъминланган шахслар, руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, ҳимоя ҳуқуқи.
Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 30 апрель куни мамлакат миқёсида референдум бўлиб ўтди. Халқимиз ўз ҳуқуқ ва бурчларидан фойдаланган ҳолда референдумда иштирок этиб, Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясини маъқуллаб овоз берди. Конституцияда ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган. 
Биламизки, қонун ва қонуности ҳужжатлар Конституцияга мувофиқ бўлиши лозим. Конституция нормалари қонунчиликда акс этишини 2023 йил 16 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунида яққол кўришимиз мумкин. Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам нима эканлиги белгиланган бўлиб, ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам тушунилиши белгиланган.      Қонуннинг 8-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгиланган бўлса, 9-моддасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар санаб ўтилган:
 1) кам таъминланган шахслар, агар улар: фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар; маъмурий ишлар бўйича аризачилар; маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар; жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.
Ушбу Қонунинг 11-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни ташкил этади:
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу Қонун 9-моддасининг
1-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларга фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган қуйидагилар ҳақидаги ишлар бўйича кўрсатилади:
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тўғрисидаги;
ишга тиклаш ҳақидаги;
иш ҳақини ундириш тўғрисидаги;
алиментларни ундириш ҳақидаги;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги;
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:
ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича кўрсатилади:
давлат фуқаролик хизмати соҳасида;
сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;
иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;
меҳнат муносабатларида;
ижтимоий ҳимоя соҳасида;
оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;
таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.
Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлиб қолса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.
Агар кам таъминланган шахс маҳкум бўлиб қолган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.
 Шунингдек, Қонуннинг 16-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар (идентификацияловчи ID-карта);
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда — жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ариза руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда — психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
ариза ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан берилган тақдирда — хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади.
Ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ахборот махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви доирасида мустақил равишда электрон шаклда олиниши мумкин.
Авваллари кимнинг моддий имкони бўлса, малакали юридик ёрдам хизматидан фойдаланиши мумкин эди. Қонунчиликдаги ушбу янгилик, айниқса, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларининг қонуний ҳимоя қилинишига, ишнинг судгача ва суд босқичларида ҳимоя ҳуқуқи таъминланишига, адвокатларнинг фаолиятида самарадорликларга эришишга имкон яратади, дейиш мумкин.  

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ушбу хизматлардан аҳоли томонидан фойланишини оммалаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
03 сентябрдаги  “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарорига кўра, судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги, қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланган:
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.
2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириши;
2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;
судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.
судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;
муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби жорий этилган.
Бугунги кунда апелляция, кассация ва тафтиш  инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш йўлга қўйилган. Фуқаролар ва тадбиркорлар суд мажлисиларида иштирок этиш учун узоқ масофани босиб суд биносига келмасдан, балким масофдан туриб  иштирок этиш учун ўзига яқин бўлган суд биносидан, судларга иштирок этиш учун видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этишига шароитлар яратилганлигидан фойдаланиш лозим. Судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш, суд қарорларини онлайн тарзда олиш тартибини жорий этилиши, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиб берди.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
Х.Рахимова

Перейти к содержимому