Ер умуммиллий бойлик, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг замон талабидир

Маълумки, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармонига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб:
– ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши;
– мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиниши;
– ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши;
– давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши;
– барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши;
– давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкинлиги;
– кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Шу мақсадда, 2021 йил 16 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, кодекснинг 9-моддаси “Суғорилмайдиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади, суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади” деган мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди.
Шунингдек, кодекс “Бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг ажратиладиган ўлчамлари” деб номланган 461-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қуйидаги ўлчамларда:
1) деҳқон хўжалигини юритиш учун — 0,06 гектардан
1 гектаргача;
2) фермер хўжаликларига ва бошқа юридик шахсларга:
сабзавотчиликка ихтисослашганларга — камида 3 гектар;
боғдорчиликка, узумчиликка ихтисослашганларга — камида 3 гектар;
чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларни етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) — суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар;
пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашганларга — камида
30 гектар;
ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашганларга — камида 10 гектар;
3) агросаноат кластерлари, шу жумладан кооперация шаклидаги кластерлар учун:
пахтачилик-тўқимачиликка ихтисослашганларга — камида 2000 гектар;
ғаллачиликка ихтисослашганларга — камида 1000 гектар;
сабзавотчилик ва полизчиликка ихтисослашганларга — камида 200 гектар;
боғдорчилик, узумчиликка ихтисослашганларга — камида 100 гектар;
чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар ажратилади.
Худди шунингдек, кодекс “Ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати” деб номланган 831-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра:
– ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда махсус ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилиши;
– ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши устидан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширмасликка, ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаб олишга ёки уларнинг чегараларини ўзгартиришга, ерларнинг тоифасидан қатъий назар, барча турдаги бинолар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан қуришга йўл қўймаслик устидан давлат назоратини амалга ошириш хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмаслиги;
– махсус ваколатли давлат органлари ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ зарур статистик ахборотни, таҳлилий материалларни, ҳужжатларни, бошқа ахборотни, қарорларни ҳамда бошқа ҳужжатларни, шу жумладан очиқ танловларга ва электрон онлайн-аукционларга тааллуқли ахборотни давлат органлари ва ташкилотларидан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан беғараз асосда сўраш ва олишга ҳақлилиги;
– давлат органлари, ташкилотлари ва мансабдор шахслар сўралаётган ахборотни махсус ваколатли давлат органларига беш иш куни ичида тақдим этиши кераклиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, кодекс “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш оқибатлари” деб номланган 911-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади деб белгиланди.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси ЖКга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, кодекс “Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш” деб номланган 2296-модда билан тўлдирилиб, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган бўлди.
Агарда ўша қилмиш:
а) ерларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Ўша қилмиш:
а) ерларга жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган бўлди.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахсга нисбатан, агар у ер участкасининг қайтарилишини ҳамда ернинг қишлоқ хўжалиги оборотига киритилишини таъминласа, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Хулоса ўрнида шу алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, ер умуммиллий бойлик, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси                                                                                Б. Эргашев

Одил судлов маданияти ва одоби

Халқ назари қудратли, унда иззатда бўлиш олий саодатдир!

Инсон-одоби билан…

Ҳар қандай инсонни мўътабар ва азиз қиладиган фазилат-унинг одоби. “Одоб” арабча “адаб” сўзидан олинган бўлиб, яхшиликка чақириш маъносини англатади. Демак, одоб яхшилик сифатини ҳам беради. Азалдан Шарқ халқлари инсон ҳаётининг моҳиятини яхши тарбия олмоқ ва яхши хулқ-одоб, фазилатларга эга бўлмоқликда деб тушунган ва ҳамиша шунга интилган. Шубҳасиз, донишманд боболаримиз беодобликни уят, иснод деб қараб, қалбни мажруҳ ҳолатга олиб келадиган энг катта қусур деб билган. Қалбнинг мажруҳлиги эса, вужуднинг мажруҳлиги деганидир. Одобсиз инсон ҳеч қачон обрў-эътибор қозонмаган, бирор нарсага эришмаган. Ундай одамнинг жамиятда яхши ўрин топиши, асло мумкин эмас. Одобсиз кишидан ҳамма қочади, узоқроқ юришга интилади. Бежиз, Мир Алишер Навоий Ҳазратлари, “Ёмондин қуш бўлиб учиб қоч” демабдилар.
Бутун башарият аҳлини ўзининг бебаҳо асарлари билан одоб-ахлоққа, яхшиликка, эзгуликка чорлаган Имом-Ал Бухорий бобомиз ўзининг “Ал-адаб, ал-Муфрад” китобида одобни инсоннинг энг гўзал зийнати деб таърифлаб, одобсизлик уни жаҳолатга олиб боришини уқтиради. Буюк бобомизнинг хулосасига кўра, инсонда одоб бўлмагунича Ҳақнинг ҳам, халқнинг ҳам меҳрини қозона олмайди.
Муҳтарам судья, қиссадан ҳисса шулки, Сиз кундалик ҳаётингизда ҳам, судьялик фаолиятингизда ҳам одобни инсоннинг кўрки деб қараб, фақат яхшилик томонда бўлишига ўзингизда куч топа олинг.

           Тенглик ҳукм сурган жойда сотқинлик,
           Алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.
                                                                                                               Абу Райҳон Беруний

Одил судловнинг мақсади инсонпарварликдир. Инсонпарварлик бу маданиятдир. Суд маданиятини юксалтириш, ҳар бир суд жараёнида суд этикаси қоидаларига тўла риоя қилинишини таъминлаш билан пировардида адолатли суд қарорларининг қабул қилинишига эришилади.
Судья суд жараёнида юзага келадиган ҳар қандай масалани қонунга асосланган ҳолда,ҳеч қандай ҳиссиётларга берилмасдан, беғараз ва холисона ҳал эта билиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Суд қарорлари қабул қилинишида у нафақат инкор этиб бўлмайдиган далилларга, шунингдек, касбий билим ва тажрибага этика ва маданият тамойилларига ҳам лозим даражада асосланса мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, судьялик вазифасини виждонан,қасамёдга содиқ туриб,касбий маҳоратни тўла намоён этиб ва суд маданиятига қатъий риоя этган ҳолда бажариш унинг учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Судья нафақат суд жараёнида, балки ҳамма вақт ва ҳамма жойда юксак маънавиятли шахс эканлигини намоён қилиши шарт. Бинобарин, нодир инсоний фазилатларга эга бўлмай туриб, ҳар қандай суд ишини одилона ҳал қилиш амримаҳол. Шуни инобатга олган ҳолда,аввало одил судловдаги маданиятнинг моҳиятига эътибор қаратиш лозим бўлади.
Фалсафий, яъни умумий маданиятнинг асл қисми бўлган “ҳуқуқий маданият” кенг ва сиғимли тушунча саналиб, у ўзида ҳам моддий, ҳам маънавий маданиятга тааллуқли жиҳатларни, жумладан ижтимоий муносабатлар субъектларининг ҳуқуқий саводхонлигини, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқий андозаларга монанд хулқ-атворга эга бўлиш ҳамда ҳаракатланиш мажбурияти, қонунларга итоаткорона муносабатда бўлиш, ўз ҳуқуқларини бошқаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаган ҳолда амалга оширишдаги интизомини, шунингдек, ахлоқ қоидалари, илм-фан, санъат одоби кабиларни ҳам мужассамлаштиради. Ана шу маданиятнинг яхлит бир бўлаги ҳисобланувчи суд маданияти, аввало, услубий таснифга эга. Яъни у бирламчи маънода одил судловни амалга ошириш маданиятини ифодалайди. Мухтасар айтадиган бўлсак, суд маданияти деганда, суд ишларини чинакамига одилона, адолатли амалга ошириш фаолиятининг маънавий асослари тушунилади. Бундан суд жараёни иштирокчиларидан ҳар бири ўз қонуний ваколатларини амалга ошириш давомида нафақат процессуал интизомга, қолаверса, одоб-ахлоқ қоидаларига, суд этикасига ҳам қатъий риоя этиш мажбуриятига эгалиги англашилади.
Албатта суд маданиятида судьялик маданияти марказий ўрин эгаллаши шаксиз эътироф этилади. Аммо судьялик маданиятини фақат касбий маданият деб ҳисоблаш ўринсиз бўлади. Бинобарин, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у аввало, жамиятдаги энг обрўли инсон, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида гавдалангандагина жамоатчиликда унга ва у орқали одил-судловга ишонч шаклланади. Шундан келиб чиқиб, судьялик маданиятини судьянинг касбий маҳорати билан ахлоқий сифатларининг ўзаро уйғунлашуви деб баҳолаш мумкин.
Судьялик касб, лавозимгина бўлмай, у энг аввало, инсонийликдир. Дарҳақиқат, судья инсонларнинг инсони бўлмоғи керак. Шунга кўра, судьянинг одоб-ахлоқи – этикаси устуворликларини қолипга солишнинг, қатъий кетма-кетликда муфассал ифодалаб беришнинг сира иложи йўқ. Қуйида баён этиладиганлар уларнинг бир қисми, яъни уммондан бир томчи холос. Уларни Республикамиз судьялари этикасининг сара жиҳатлари баробарида қабул қилиш даъватидан йироқ бўлсак-да, истардикки, судьяларимиз шундайин ажойиб фазилатлар соҳиби бўлишса, одил судлов самарадорлиги янада ошган бўлар эди.
Одил судлов маданияти ва одоби ҳақида гап кетганда мамлакатимиз суд тизими тараққиётига катта ҳисса қўшган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Менгбоевнинг судьяларга қарата айтган истакларини алоҳида келтириб ўтиш мақсадига мувофиқ. Қуйида устоз ўгитларидан намуналарни ўқиймиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини муқаддас билинг ва уларга доимо, ҳар бир ишда қатъий риоя қилинг;
-ўзингизда ватанпарварлик туйғусини тарбияланг;
-Ватанга ва халққа бўлган садоқатингиз ҳар бир ҳаракатингизда намоён бўлсин;
-Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Халқ ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди”, деган пурмаъно сўзларини асло унутманг;
-фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилишни тўлиқ таъминлашни энг асосий бурчингиз деб билинг ҳамда бу ишда фидойилик кўрсатинг;
-хизматда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам қонунни тўғри, тўла адолатли қўллашга эришинг, ўзгаларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилинг, шунингдек, зарурат туғилганда ўзингиз ҳам қонун ҳимоясида бўлинг;
-фуқаролар, давлат ва жамият олдидаги масъулиятингизни чин юракдан ҳис этинг;
-Судьялик қасамёдига ва Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси қоидаларига содиқ қолинг, уларни бузишдан қўрқинг, бузганлардан ҳазар қилинг;
-ҳар қандай қонун бузилишига нисбатан муросасиз, қонун номидан яшиндай шиддатли, шамширдай кескир муносабатда бўлинг, ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда адолат асосий мезонингиз бўлсин;
-ҳалол ва адолатли бўлинг, ўз ваколатларингиз ва вазифаларингизни қонун доирасида виждонан, холисона беғараз бажаринг. Адолат фақат беғараз қарор топтирилгандагина адолат саналишини ўз шиорингиз деб билинг;
-суд ишларида бирор-бир тарзда ошна-оғайнигарчилик, жўрабозлик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, миллатчилик каби иллатларнинг бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини унутманг;
-ҳалол ва пок юриш мажбуриятларини уддалаган бўлсангиз, отангизга минг раҳмат, агарда билиб-билмасдан қандайдир арзимас камчилик ўтган бўлса, энди албатта покланинг;
-лоқайдлик энг катта хатодир. Лоқайдлик қалбнинг мажруҳлигидир ва суд ишида бу асло мумкин эмаслигини унутманг;
-тоза фикрли, гўзал хулқли бўлиши шарт. Яхши хулқ инсонга зийнат берадиган либос бўлса, ҳаё унинг безагидир. “Ҳаё иймондандир… Беҳаёлик жафодандир”, дейилган Ҳадиси шарифда;
-барча билан мулоқотда самимий бўлинг, самимият сўзни кам талаб қилади, сохта самимият эса битмас-туганмас эзмаликлардан иборатдир;
-ота-онангиз, қариндош-уруғларингизни ва умуман, ким томонидан бўлса-да, қилинган илтимос ва талабни, агар унинг қонунсиз ва адолатсиз эканлиги аён ва шундай деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, бажармасдан маломатга қолишдан асло чўчиманг. Уларга тўғри ва ҳақ гапни айтинг;
-ҳар қандай қийин ва машаққатли ҳолатда ҳам ҳақ йўлни тутиш ва ҳақиқатни қарор топтириш шартлиги тамойилидан оғишманг. Ундан четга чиқишни судьялик қасамёдига ҳамда касбига нисбатан хиёнат ва ваколатни бажармасликда ифодаланувчи жиноят деб билинг;
-судьяликдан юксак лавозим йўқ. Бу ном мўътабар тутилиши, улуғланиши ва эҳтиёт қилиниши керак. Судьяликка шак келтирманг. Унинг жазоси оғир бўлади;
-кибр-у ҳавога, манманликка, шахсиятпарастликка берилиш, ўзини ўзгалардан устун қўйиш судья ва суд ходимларига ёт хислатлар бўлиши шарт;
-хушомад вақтинча тиз чўкиб турган тажовуздир. Хушомадгўйдан қочинг, унинг хушомадида ғараз мақсад ниқобланганлигини унутманг;
-ўзингиз билан бирга ишлайдиган судьялар ва суд ходимларига нисбатан ҳам талабчан бўлинг, чунки улар хусусида айтилган гаплар, билдирилган мулоҳазалар сизга ҳам тааллуқли, салбий фикр-мулоҳазалар эса суд обрўсига путур етказади;
– суд ишидан кимнингдир ишончини оқлаш эмас, балки ваколатни таъминлаш учун ишламоқ кераклигини бурчингиз деб билинг;
-илмли, маърифатли бўлинг, маънавий қашшоқликдан ортиқроқ жаҳолат йўқ. Чунки инсоннинг зийнати унинг илмидадир. Ўқиш, ўрганиш ва ўз устингизда ишлаб, билим ва тажрибангизни орттириб боришдан зинҳор толиқманг. Кайковус таъкидлаганидек: “Қозига яхши ҳунар илм ва мулойимликдир…”,
-касб маданиятига нафақат хизматда, балки ҳамма муносабатларда қатъий риоя этинг, ишда ҳам, кўча-куйда ҳам, оилада ҳам судьялик салоҳиятини бир хилда сақланг;
-айниқса,суд мажлисларини ўтказишда юксак маданиятли, хушфеъл, зукко ва иқтидорли эканлигингизни намоён этинг. Зеро, суд мажлиси касбий маҳоратдан ташқари, инсоний фазилатлар ҳам акс этувчи кўзгудир. Бу кўзгуга ҳамиша халқнинг зийрак нигоҳи қадалган;
-маиший жиҳатдан пок, камтарин бўлинг, турар-жой, юриш-туриш маданиятини сақланг, ўзгалар эътиборини тортадиган ясан-тусандан йироқ юринг;
-“Ўзингга раво кўрганни ўзгага раво бил ва аксинча-раво кўрмаганингни раво билма…” ҳикматидан келиб чиқиб, бирор бир суд иши юзасидан ажрим қилишдан, яъни ҳукм, ҳал қилув қарори, қарор чиқариш, даъвогар ва жавобгар, умуман, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётган вақтда ҳар бирининг ўрнида ўзингизни қўйиб, фараз қилиб кўринг. Умуминсоний қадриятларни эъзозланг, инсон ҳаёти ва тақдирига ўта масъулиятли бўлинг;
-муайян шахснинг ҳуқуқлари ўзга шахснинг ҳуқуқлари бошланган чегарада тугаши тамойилига доимо амал қилган ҳолда, касбдошларингизнинг ишига аралашманг ва қизиқиб ҳам кўрманг.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                             О.Эронқулов

Судьялар ўқувчилар билан давра сухбати ўтказишди

Термиз шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабида, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида тушунчалар бериш, ўқувчи ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбга йўналтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармасининг ўринбосари, Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармасининг ўринбосари, Термиз туманлараро маъмурий суди раиси ва судьялари, 2-умумий ўрта таълим мактабида ташриф буюришди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида қонун бўйича тушунчалар берилди. Ватанимиз байроғи чет элда юқори натижаларга эришган спортчиларни тақдирлаш жараёнида кўтарилишидан фахр туйғусини ўзгача эканлиги билдирилди. Шунингдек, суд ҳуқук соҳасидаги ўзгаришлар ва коррупцияга қарши курашиши бўйича қилаётган ишлар тўғрисида савол-жавоб шаклида мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда 200 нафарга яқин ўқувчи ёшлар иштирок этишдилар

Термиз туманлараро

маъмурий суди раиси                                                                                А.Абдулакимов

Жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилиш тартиб қоидалари

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб, туман-шаҳар маъмурий судлари тугатилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларини кўриш ваколати жиноят ишлари бўйича судларига ўтказилганлиги, Термиз туманлараро маъмурий судлари ташкил қилинганлиги муносабати билан жорий йилдан бошлаб маъмурий судлар оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни кўриб келмоқда.
Республикамизда маъмурий судлар яқинда ташкил қилинганлиги муносабати билан маъмурий судларга жисмоний ҳамда юридик шахслар ариза талаблари билан мурожаат қилишда аризанинг шакли ва мазмунига, унга илова қилиб бериладиган ҳужжатларни тақдим қилишда тегишли тартиб қоидаларга риоя қилинмаётганлиги кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 128-моддасида аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни баён қилинган.
Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);
4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;
5) аризачининг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади.
Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли.
Ушбу кодекснинг 129-модда, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш кўрсатилган бўлиб, аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.
130-модданинг талабига кўра, аризага (шикоятга) илова қилинадиган ҳужжатлар кўрсатилган бўлиб, аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1)белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;
11)белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлигини;
2)аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;
3)арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;
4)аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.
Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.
Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.
Хулоса қилиб айтганда юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда, яъни давлат божи, почта харажати белгиланган тартибда ва миқдорда тўланмаганлиги, ариза (шикоят)нинг нусхалари тегишли тартибида жавобгар ва учинчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг илова қилинмаганлиги, ариза тақдим қилишда ва бошқа талабларга риоя қилинмаганлиги судья томонидан қабул қилинган ажримга асосан аризани илова қилинган ҳужжатлар билан биргаликда аризачига қайтариб юборилишига сабаб бўлади.
Шунингдек, судья аризани қайтариш ажримида юқорида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг қайтадан судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтиради.
Агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган бўлса, ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб тиклаш ҳақида асослантирилган илтимоснома билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси                                                                                   С.Халматов

Солиққа оид низоларни маъмурий судларда кўрилиши: муаммолар ва ечимлар

Сурхондарё вилоят маъмурий суди ташаббуси билан Сурхондарё вилоят солиқ бошқармаси ходимлари учун «Солиққа оид низоларни маъмурий судларда кўрилиши: муаммолар ва ечимлар» мавзусида семинар ўтказилди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тадбиркорликни жадал ривожлантириш билан биргаликда солиқ тизимини ҳам ислоҳ қилишга қаратилаётгани ва солиқ тизими, солиқлар – давлат томонидан иқтисодиётни тартибга солишда энг самарали воситаларидан бири ҳисобланишини айтиб, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли эканлигини таъкидлаш лозим.

Маъмурий иш юритишнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилаётганини, маъмурий судлар — давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар билан фуқаролар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун ташкил этилган ваколатли суд ҳисобланади.
Шунингдек, тадбирда дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи тузилмалар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг оқилона механизмлари маъмурий тартиб-таомиллар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳисобланишини тушунтирилди.
Ҳозирги кунда тадбиркорлар ўзининг бузилган ҳуқуқлари юзасидан солиқ идораси ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар келиб тушаётганлиги, ишларни кўриш вақтида ҳақиқатдан ҳам камчиликлар мавжудлиги сабабли, қарорлар ҳақиқий эмас деб топилаётганлиги бундан кейин бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриб чиқиш лозимлигини шунингдек, семинарда солиқ органлари томонидан айрим қарорларни қабул қилишда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари талабларида кўрсатилган тартибларга риоя қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилаётганлигига ҳам алоҳида алоҳида эътибор берилди.
Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида солиқ органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бир қанча ишлар кўрилиб, ҳақиқий эмас деб топилганлигини камчиликларга йўл қўйилмаслиги борасида тушунча берилди.
Солиқ – давлат томонидан амалдаги қонунлар асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг даромади ёки мол-мулкидан ундириладиган ва бюджетга ўтказиладиган мажбурий тўлов ҳисобланади. Солиқлар давлат бюджети даромадларининг асосий манбаи ва давлат иқтисодий сиёсатининг воситаларидан бири бўлиб, иқтисодиёт таянчи ҳамдир. Шунингдек кўрилаётган ишларнинг аксарият ҳоллари E-Omborда йўқ товарлар мисол учун (цемент маҳсулотлари) савдога чиқарилиб сотилиб кетилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги ва бу бўйича янги қонун қабул қилинганлигини тартибга олинишини билдириб ўтди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тадбиркорликни жадал ривожлантириш билан биргаликда солиқ тизимини ҳам ислоҳ қилишга қаратилаётгани ва солиқ тизими, солиқлар – давлат томонидан иқтисодиётни тартибга солишда энг самарали воситаларидан бири ҳисобланишини, мамлакатимизда олиб борилган ишлар нафақат солиқлар ва йиғимларни ундириш орқали, балки солиқ қарздорлигини камайтирган ҳолда давлат бюджетини тўлдиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси                                                                                   О.Эронқулов

Фаолиятни тартибга солувчи “Судлар тўғрисида” янги қонун

Сўнгги йилларда суд фаолиятини тартибга солувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар суд тизимини янги босқичга олиб чиқди.
2016 йил охирларига келиб, мамлакатимизда судларни янада ихтисослаштириш, маъмурий судларни ташкил этиш, ихтисослашган судьяларни қатъий сақлаб қолган ҳолда ягона суд тизимини жорий этиш бўйича дадил қадамлар ташланди. Кейинги тўрт йилда қабул қилинган кўплаб қонун ҳужжатлари “Янги Ўзбекистон-янги суд” даврини бошлаб берди. 2021 йил 28 июль куни Президентимиз томонидан имзоланган янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида” ги қонун юқорида қайд этилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми, қонуний асоси бўлди.
Суд ҳокимияти ва суд тизими фаолияти ҳуқуқий асосларини ўз ичига олган янги нормалар билан тўлдирилган “Судлар тўғрисида” ги қонун муқаддам қабул қилинган қонунлардан тубдан фарқ қилади. Қонун талаблари, ихтисослашувни қатъий сақлаган ҳолда, судларни бир тизимга солишда, судьяларнинг мустақиллиги, масъулиятини оширишда, суд босқичларига “бир суд-бир инстанция” тамойилини қўллашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур янги қонуннинг қабул қилинишида Президентимизнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган мурожаатномаси:
– 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” да амалга оширишга доир давлат дастури;
– 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони дастуриламал бўлди.
Айтиш керакки, ушбу янги қонунда судларнинг вазифалари янада аниқлаштирилди ва бойитилди. Жумладан, фуқароларнинг Конституция ва қонунлар, халқаро шартномаларда кафолатланган ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш судларнинг асосий вазифаси эканлиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари суд тизимида кенг жорий этилаётган очиқлик ва шаффофлик тамойили янги қонунда ҳам ўз ифодасини топди. Қонуннинг олдинги таҳририда суд очиқлиги фақат суд мажлисларини очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказиш билан боғлиқ бўлгани сир эмас. Янги таҳрирда суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, суд раҳбарияти жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши ҳам қатъий қайд этилди.
Янги қонун билан судьялик лавозимига номзодлар учун бир қатор талаблар аниқлаштирилди. Натижада судья бўлиш учун ўз номзодини илгари сураётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан ягона мезонлар белгиланди. Номзодлик мақомини олишга доир чекловлар билан боғлиқ ҳолатлар қонунчилик даражасида кўрсатиб берилди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони доирасида 2021 йил 1 январдан эътиборан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини, ихтисослик (фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий) сақлаган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) судларини тузиш назарда тутилган.
Қонунда ушбу ташкилий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда барча бўғин судлари раҳбарияти – раис ва ўринбосарлари ваколатлари қайтадан ишлаб чиқилди ва тўлдирилди.
Хулоса ўрнида айтганда, “Судлар тўғрисида” ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши судлар ва судьялар фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Судлар мустақиллигини таъминлашда янги даврни бошлаб берди.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                                       О.Эронқулов

Перейти к содержимому